Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадул аввал | 2025 йил 13 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (78-дарс). Абу Ҳанифанинг шогирдлари

14:05 / 26.03.2020 6680 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг шогирдлари жуда ҳам кўп бўлганидан, уларни номма-ном зикр қилиб ўтишнинг ўзи мушкул иш. Шунинг учун Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг энг машҳур шогирдларидан баъзиларини эсга оламиз, холос.

1. Яъқуб ибн Иброҳим ибн Ҳабиб Ансорий. У киши Абу Юсуф куняси билан машҳурдирлар.

Абу Юсуф Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан кейин ўттиз икки йил ўтиб, вафот этганлар. Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи қуйидаги китобларнинг муаллифидир:

1. «Китобул Осор».

Бу китобни Юсуф отасидан, у киши эса Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан ривоят қилган. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан, саҳобийдан ёки ўзлари рози бўлган тобеъиндан ривоят қилганлар.

«Китобул Осор»да тобеъинлар ва Ироқ фақиҳларининг кўпгина фатволари ҳам жамланган.

2. «Ихтилофи Ибн Абу Лайло».

Бу китобда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи билан Қози Ибн Абу Лайло орасидаги хилофли масалалар жамланган. Муаллиф Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг ёнларини олган. Бу китобни Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳидан у кишининг шериклари Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний ривоят қилганлар.

3. «Ар-Радду ала сиярил Авзоъий».

Бу жуда ҳам пухта китоб бўлиб, унда муаллиф Авзоъийнинг уруш ҳолатида мусулмонлар билан бошқалар орасидаги алоқалар ва жиҳодга тааллуқли нарсалар борасидаги ихтилофларини баён қилган. Унда ироқликларнинг фикрларига ён босилган.

4. «Китобул Харож».

Ўта муҳим бўлган ушбу китобда Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи Ислом давлатининг молиявий ишларига собит низом тузганлар. Унда у киши ўз шайхларига хилоф қилган нарсалар ҳам зикр қилинган.

2. Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳи.

Ҳижрий 132-санада туғилиб, ҳижрий 189-санада вафот этган. Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳига Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан узоқ вақт дарс олиш насиб қилмаган. Аммо у киши таҳсили илмни Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларида давом эттирган.

Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳи ҳанафий фиқҳининг ҳофизидир. У киши биринчи бўлиб муайян фиқҳни йиғиб, китоб шаклига келтирган олимдир. Мазкур улкан ишда Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбоний раҳматуллоҳи алайҳига иккинчи устозлари Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи катта ёрдам берганлар.

У кишининг таълиф қилган китоблари кўп бўлиб, улардан олтитаси алоҳида аҳамиятга моликдир. Мазкур олти китоб ҳанафий фиқҳининг асосий манбалари ҳисобланади. Уларнинг номлари қуйидагича:

1. «Китобул асл». Бу китобнинг иккинчи номи «Мабсут».

2. «Китобуз-зиёдот».

3. «Китобул Жомеъус-Сағир».

4. «Китобул Жомеъул Кабир».

5. «Китобус-Сиярис-Сағир».

6. «Китобус-Сиярил Кабир».

Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳининг булардан бошқа китоблари ҳам бор. Шулардан иккитаси – «Китобур-Радди ала аҳли Мадина» ва «Китобул Осор» худди олдин зикр қилинган олти китоб кучига эгадир.

3. Абул Ҳузайл Зуфар ибн Ҳузайл ибн Қайс Куфий раҳматуллоҳи алайҳи (ҳ. 204-санада вафот этган).

Бу зот Асфиҳонда туғилиб, Басрада вафот этган. Аввал муҳаддислардан бўлиб, кейин фиқҳга ўтган. Қиёсда жуда ҳам моҳир бўлиб, бу борада Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг шогирдлари ичида энг пешқадами бўлган.

4. Ҳасан ибн Зиёд Луълуъий (ҳ. 204-санада вафот эган). Аввал Абу Ҳанифага ва у кишидан кейин Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳиларга шогирд бўлган. Ҳадислар ва Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг қавлларини ривоят қилиш билан машҳур бўлган.

«Кифоя» китобининг 1-жузидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нисобни мукаммал қилиш учун тилла кумушга ва тижорат моллари қиймати ила иккисига қўшилади. Бировда ҳам тилла пул, ҳам кумуш пул бўлса, икковини қўшиб ҳисоблаб, давоми...

1775 19:00 / 07.11.2024
. ,. . Рофеъ ибн Хадийж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бомдодни тонг оқарганда ўқинглар,, дедилар,. Имом Насоий давоми...

4453 17:30 / 03.06.2021
Ҳажнинг фарз бўлиши учун эркагу аёлларда лозим бўлган умумий шартлар ва аёлларга хос бўлган шартлар мавжуддир. Эркагу аёлларда бўлиши лозим бўлган умумий давоми...

788 19:00 / 09 октябрь
. ,. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон хутба қилсалар, икки кўзлари қизариб, овозлари олий ва давоми...

2991 19:00 / 17.11.2023