Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 19 муҳаррам | 2025 йил 14 июль, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Закот берувчи ва олувчига хос одоблар | Фиқҳ дарслари (331-дарс)

19:00 / 05 июнь 463 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Билингки, закот берувчи банда бажариши лозим бўлган қуйидаги вазифалар бор:

1. Закотдан мурод нималигини фаҳмлаши керак.

У уч нарсадан иборат:

- Аллоҳ таолонинг муҳаббатини даъво қилувчини ўзи муҳаббат қўйган нарсасини чиқариши билан синаш;

- Ҳалокатга олиб борувчи бахиллик сифатидан покланиш;

- Мол неъматига шукр қилиш.

2. Риёкорликдан холи бўлиш учун закотни сир тутиш.

Уни изҳор қилишда фақирни хорлаш бор. Агар закотни бермади, деган туҳматдан қўрқса, бефарқ фақирларга жамоат ичида очиқ беради. Бошқаларга сирли равишда беради.

3. Закотини миннат ва озор бериш ила бузмайди.

Чунки инсон ўзини фақирга эҳсон қилган ҳолда кўрса, унда мазкур нарса ҳосил бўлиши мумкин. Аслида эса у ишга ҳақиқат назари ила қараса, фақир ундан Аллоҳ таолонинг унга буюрган ҳақини қабул қилиш ила унга яхшилик қилган бўлади. Бу иш уни поклайди. Закот берувчи яхшироқ ўйлаб кўрса, унинг закот чиқариши мол неъматига шукрдир, у билан фақир ўртасидаги муомала эмас. Шунинг учун фақир фақирлиги учун ҳақорат қилинмаслиги керак. Чунки фазл молда ёки молнинг йўқлигида эмас.

4. Бераётган нарсасини кичик санаши лозим.

Чунки ишни катта санаган одам у билан фахрланади. Айтилишича, яхши иш уч нарса билан: уни кичик санаш, тезлатиш ва сир тутиш ила тугал бўлади.

5. Закот берувчи молидан энг ҳалолини, энг яхшисини ва ўзига энг маҳбубини чиқарсин.

Ҳалолига келсак, Аллоҳ таоло покдир, покдан бошқани қабул қилмас.

Яхшисига келсак, Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

ﮡ ﮢ ﮣ ﮤ ﮥ

«Инфоқ қилганингизда нопокни кўзламанг», деган (267-оят).

Бу маънода икки нарсани мулоҳаза қилиш керак:

Биринчиси: Аллоҳ таолонинг ҳаққини. Бу У Зотни улуғлаш ила бўлади. У Зот улуғлашга энг ҳақли Зотдир. Ахир инсон ўз меҳмонига ёмон таом қўйса, ичи чиқмайди-ку, қандай қилиб ёмон молини закотга – Алоҳга беради?!

Иккинчиси: Ўзининг ҳаққини мулоҳаза қилсин. Чунки берган закоти қиёмат куни ўзига учрайди. Шунинг учун ўзига энг яхши молни танлаб олиши керак.

Ўзи учун энг маҳбуб молни закотга чиқаришига келсак, Аллоҳ таоло:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ

«Ўзингиз суйган нарсадан нафақа қилмагунингизча ҳаргиз яхшиликка эриша олмассиз», деган (Оли Имрон сураси, 92-оят).

Ибн Умар розияллоҳу анҳу қачон молидан бирор нарсага муҳаббати кучайса, ўшани Аллоҳ таоло учун қурбон қилар эди.

Ривоят қилинишича, у киши бир куни балиқ егиси келаётганини айтибди. Излаб-излаб биттагина балиқ топиб келишибди. Хотини уни пишириб, олиб келибди. Шу пайт бир мискин келиб қолибди. Ибн Умар розияллоҳу анҳу унга балиқни тутиб: «Ол», дебди. Шунда унинг аҳли:

«Субҳаналлоҳ! Бизни қийнаб топиб келтирган нарсангизни бериб юборасизми? Бошқа нарса ҳам бор-ку!» дейишибди.

Шунда у киши:

«Абдуллоҳнинг муҳаббати шунга тушган эди», деган экан.

Ривоят қилинишича, бир тиланчи Робийъ ибн Ҳайсам раҳматуллоҳи алайҳининг эшигини қоқибди.

«Унга қанд беринглар!» дебди хонадон эгаси.

«Унга нон берсак, фойдалироқ бўлармиди?» дейишибди.

«Шўри қуриганлар! Унга қанд беринглар! Робийъ қандни яхши кўради», деган экан Робийъ ибн Ҳайсам раҳматуллоҳи алайҳи.

6. Садақани беришга лойиқ одам топиш.

Уларда қуйидаги сифатлар бўлиши керак:

Биринчи сифат: тақво. Садақани энг аввало тақводорларга берган афзал. Закот берувчи бу билан уларнинг Аллоҳ таолога бўлган ҳимматларини оширади.

Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайр обидларнинг сажда қилиб турган пайтларини танлар эди. Халтага солинган динор ва дирҳамларни олиб келиб, ўзини билдирмасдан, ҳамёнини уларнинг кавушлари олдига қўйганини сездириб қўярди, холос. Бир куни Омир ибн Абдуллоҳ ибн Зубайрга: «Уларга садақани шундай юбораверишингга нима монелик қилади?» дейишибди. Шунда у: «Улар мени ёки вакилимни кўрганда юзлари бужмайишини хоҳламайман», деган экан.

Иккинчи сифат: илм. Чунки олимга мол беришда илм ва динни тарқатишга ёрдам бор. Бу эса шариатни қувватли қилишдир.

Учинчи сифат: «Неъмат бериш ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзидан бўлади», деб эътиқод қиладиган одам бўлиши керак. Ризққа сабаб бўлган нарсаларга илтифот қилмайдиган бўлиши лозим. Чунки бир нарсани олганда мадҳ қилишга одатланган шахс ололмай қолганда ёмонлаши турган гап.

Тўртинчи сифат: фақирлигини яширадиган, ҳожатини беркитадиган ва шикоятини очиб ташламайдиган бўлиш.

Аллоҳ таоло:

ﮦ ﮧ ﮨ ﮩ ﮪ

«…билмаган киши иффатлари туфайли уларни бой деб ўйлайдиган», дея васф қилганига ўхшаш бўлсинлар (Бақара сураси, 273-оят).

Бешинчи сифат: Оилали ва қарз ёки беморликка мубтало кишилар бўлсин.

Олтинчи сифат: Қариндош-уруғлардан бўлсин. Чунки уларга қилинган садақа – ҳам садақа, ҳам силаи раҳмдир. Ким ушбу сифатлардан иккитасини ёки кўпроғини ўзида жамласа, унга бериш афзалдир.

Закот олувчи Қуръонда зикр қилинган саккиз синфдан бири бўлиши лозим. Унинг зиммасида бир неча вазифа бор:

1. Аллоҳ таоло уни ғамга солган нарсани йўқ қилиш учун закотни унга беришга амр қилганини фаҳмласин ва барча ғамини йиғиб, битта ғамга – Аллоҳ таолонинг розилигини топишга айлантирсин.

2. Берувчига ташаккур айтиб, унинг ҳаққига дуо қилсин. Лекин бу дуоси сабабнинг шукри миқдорида бўлсин. Чунки ҳадисда келганидек:

عَنْ أَبِي سَعِيدٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنْ لَمْ يَشْكُرِ النَّاسَ لَمْ يَشْكُرِ اللهَ». رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالتِّرْمِذِيُّ وَقَالَ: هَذَا حَدِيثٌ حَسَنٌ صَحِيحٌ.

Абу Саъиддан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Одамларга ташаккур қилмаган кимса Аллоҳга шукр қилмас», дедилар».

Аҳмад ва Термизий ривоят қилишган ва Термизий: «Бу ҳадис ҳасан, саҳиҳ», деган.

Берилган нарса оз бўлса, уни оз санамаслик шукрнинг тугал бўлишидандир. Берилган нарсани ёмонламаслик, айбини беркитиш керак. Буларнинг ҳаммаси неъматни Аллоҳ таолодан кўришга зид келмайди. Воситани восита деб билмаслик жоҳилликдир. Воситани асл деб билиш эса айни инкордир.

3. Ўзига берилган нарсага назар солсин. Ҳалолмас нарса бўлса, мутлақо олмасин. Чунки бировнинг молидан бошқа биров чиқарган закот закот эмас. Агар шубҳали нарса бўлса, ўзини олиб қочсин. Иложсиз қолса, ҳожатига ярашагина олсин.

4. Ўзига мубоҳ бўлган миқдорда олсин. Ҳожатидан кўпни олмасин. Агар қарздор бўлса, қарзидан ортиғини олмасин.

«Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жума, икки ийд намози, эҳром ва Арафа учун ғусл суннатдир.Поклик дини бўлган Ислом мусулмонларни фақат вожиб ғусллар билан кифояланиб қолмасдан, ғусл вожиб давоми...

4138 14:07 / 10.09.2020
Ҳанафий уламоларимиз меросдан ман қилиниш ҳақидаги барча ҳужжат ва далилларни диққат билан ўрганиб чиққанларидан кейин меросдан ман қиладиган нарсалар давоми...

3338 05:00 / 19.01.2017
Бу имомнинг тўлиқ исмлари Убайдуллоҳ Содрушшарийъа алАсғар ибн Масъуд ибн Тожушшарийъа Маҳмуд ибн Содрушшарийъа Аҳмад ибн Жамолуддин Убайдуллоҳ ал Маҳбубий ал давоми...

4743 13:00 / 21.05.2020
Имом Жалолиддин Суютий .ШарҳисСудури би шарҳи ҳолил мавта вал қубури, номли китобларининг .Дафн пайтида айтиладиган нарсалар, бобида, жумладан, қуйидагиларни давоми...

1477 19:00 / 04.04.2024