Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Қалблари улфат қилинганлар | Фиқҳ дарслари (321-дарс)

19:00 / 19 март 1449 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Қалблари улфат қилинганлар» деганда, Исломга киришидан ёки Исломда собит бўлишидан умид қилинаётган кишилар ҳамда Исломдан уларнинг шаррини тўсиш, Ислом йўлида хизмат қилдириш, мусулмонларга ёрдам бериш кўзланаётган кишилар кўзда тутилади.

Улар бир неча қисмга бўлинадилар:

1. Закотдан улуш олса, ўзи ҳам, аҳли-аёли, уруғ-аймоғи ҳам Исломга кириши умид қилинадиган кишилар.

Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Сафвон ибн ­Умайяга­ шундай муомала қилганлар. Макка фатҳ қилинган куни унга омонлик эълон қилиб, тўрт ой муҳлат берганлар. У сафарда эди. Қайтиб келиб, кофир ҳолида Ҳунайн урушида мусулмонлар билан бирга қатнашган. Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу урушга чиқишдан олдин унинг силоҳини қарзга олган эдилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга бир водийдаги кўп туяларни юклари билан берганлар.

عَنْ سَعِيدِ بْنِ الْمُسَيَّبِ: أَنَّ صَفْوَانَ قَالَ: وَاللهِ لَقَدْ أَعْطَانِي رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَا أَعْطَانِي، وَإِنَّهُ لَأَبْغَضُ النَّاسِ إِلَيَّ، فَمَا بَرِحَ يُعْطِينِي حَتَّى إِنَّهُ لَأَحَبُّ النَّاسِ إِلَيَّ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Саъид ибн Мусайябдан ривоят қилинади:

«Сафвон ибн Умайя:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мен учун энг ёмон одам бўлиб кўринганларида мол бердилар. Улар мол беришда давом этавердилар ва охири мен учун энг маҳбуб одамга айландилар», деди».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан Ислом учун нима сўралса, шуни берар эдилар. Шу тариқа Исломга кирганлар ҳам анчагина бўлган.

2. Ислом ва мусулмонлар учун ёмонлик қилиши ­мум­кин-у, мол олса, ўша ёмонлигини қайтариш имкони бор. Баъзи одамлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келишар, уларга закотга тушган молдан берсалар, «Ислом жуда яхши дин-да!» деб мақтаб кетишар, бермасалар, ёмонлаб кетишар эди.

3. Исломга янги кирган-у, унга закот молидан берилса, унда собит бўлиши умид қилинадиган одамлар. Чунки одатда Исломга янги кирган одам ота-онаси, қариндош-уруғи, жамияти ва эски дини аҳли томонидан турли тазйиқларга, жумладан, иқтисодий тазйиқларга ҳам учрайди. Шунинг учун унга ёрдам бериш керак.

4. Обрў-эътиборли, аммо кофирлардан тенгдошлари бор мусулмонлар. Агар уларга яхши муомала қилинса, ўша тенгдошлари ҳам мусулмон бўлишидан умид бўлса, ана шундай мусулмонларга ҳам закотдан берилади.

Бунга ҳужжат қилиб, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг Адий ибн Ҳотим ва Забурқон ибн Баррга яхши мусулмон ва қавмлари орасида обрў-эътиборли бўлишларига қарамай, закотдан берганлари мисол келтирилади.

5. Мусулмонлардан ўз қавмларида катта обрўга эга бўлган иймони заифроқ бошлиқларга ҳам кўнгилларини улфат қилиш учун закотдан берилади. Набийимиз алайҳиссалом ана шундай кишиларга Ҳавазондан тушган ўлжалардан берганлар. Уларнинг кўплари аҳли Маккадан бўлганлар. Кейинчалик ҳақиқатда ҳам улар яхши мусулмон бўлиб кетганлар.

6. Душман билан чегарадош жойларда ҳимоя-мудофаа ишини бажариб турган мусулмонлар.

7. Закот йиғиш ишларида обрў-эътиборлари ёрдам берадиган мусулмонлар.

Албатта, баъзи мазҳаб ва уламоларнинг бу ҳақда ўзларига яраша мулоҳазалари бор.

Ҳозирда «қалблари улфат қилинганлар» улушидан олишга ҳақли кишилар борми? Уламоларимиз бу ҳақда кўпгина гапларни айтганлар.

Ҳанбалий мазҳаби: «Бу улушга ҳақлилар доимо бор», дейди.

Ҳанафийлар эса: «Бу ҳукм насх бўлган. Ҳозир қалблари улфат қилинганлар йўқ», дейдилар.

Замондош уламолардан кўплари: «Бу улушни қўллаш керак, чунки ҳозир Исломга янги кираётган ва Исломда собит қолишга эҳтиёжи борлар кўп, бошқа ҳолдагилар ҳам мавжуд», дейдилар.

«Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом жума ва икки ийдда, шунингдек, бомдодда, шом ва хуфтоннинг аввалги икки ракъатида намозни вақтида адо қилса ҳам, қазо қилса ҳам овоз чиқариб қироат қилади. давоми...

5055 19:05 / 02.06.2022
Ҳозирги замоннинг ўзига хос хусусиятларидан бири матбуот ва ахборот воситаларининг мислсиз ривожланиб, инсонлар ҳаётида ўта муҳим ўрин эгаллаганидир. Матбуот ва давоми...

4777 05:00 / 04.03.2017
.Китоб, сўзи .ёзиш, ўзагидан олинган бўлиб, .ёзилган, деган маънони англатади. Бир тўп ёзилган варақларнинг муқова орасига олингани .китоб, деб ишлатиб давоми...

5881 14:00 / 04.06.2020
. . Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, у бобоси розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қайси бир қул юз увқияга давоми...

4991 17:00 / 04.01.2021