Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Қай бир мусофирга вақтли намозда муқим имом бўлса, намозни тўлиқ ўқийди | Фиқҳ дарслари (247-дарс)

19:00 / 14.09.2023 975 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Тоғда эса ўзига муносиб юришдир.

Тоғда юриш ўзига хос бўлади. Албатта, унда текисликда юргандан кўра бошқача юрилади. Яна тоғ билан тоғ ўртасида ҳам фарқ бор. Шунинг учун ундаги юриш ҳам ўзига муносиб равишда ҳисобланади.

Бас, у то ўз юртига қайтиб киргунча ёки бир шаҳар ёки қишлоқда ёхуд кўчманчи бўлса, диёримиздаги саҳрода ярим ой туришни ният қилгунча, тўрт ракъатли (фарз) намозларни қаср қилади.

Бунинг далили қуйидагича:

قَالَ عُمَرُ: صَلَاةُ الْجُمُعَةِ رَكْعَتَانِ، وَصَلَاةُ الْفِطْرِ رَكْعَتَانِ، وَصَلَاةُ الْأَضْحَى رَكْعَتَانِ، وَصَلَاةُ السَّفَرِ رَكْعَتَانِ، تَمَامٌ غَيْرُ قَصْرٍ عَلَى لِسَانِ مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ النَّسَائِيُّ وَأَحْمَدُ وَابْنُ مَاجَهْ.

Умар розияллоҳу анҳу:

«Жума намози икки ракъатдир. Рўза ҳайити намози икки ракъатдир. Қурбон ҳайити намози икки ракъатдир. Сафар намози икки ракъатдир, тугалдир, қаср эмасдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тилларидандир», деди».

Насоий, Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилишган.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: صَلَّيْتُ مَعَ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِمِنًى رَكْعَتَيْنِ وَأَبِي بَكْرٍ وَعُمَرَ وَمَعَ عُثْمَانَ صَدْرًا مِنْ إِمَارَتِهِ ثُمَّ أَتَمَّهَا. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Минода икки ракъат намоз ўқидим. Абу Бакр ва Умар билан ҳам. Шунингдек, Усмоннинг амирлиги бошида ҳам, кейинроқ у тўлиқ ўқиди».

Икки шайх ва Насоий ривоят қилишган.

Ҳанафий мазҳабига кўра, бир киши бошқа бир жойда ўн беш кун ва ундан ортиқ туришни ният қилса, намозни тўлиқ ўқийди, ундан оз туришни ният қилса, қаср қилиб ўқийди.

Ҳанафий мазҳаби уламолари бу ҳукм учун буюк саҳобийлар Ибн Аббос ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан қилинган қуйидаги ривоятни далил қилиб олганлар:

لِقَوْلِ ابْنِ عَبَّاسٍ وَابْنِ عُمَرَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: إِذَا قَدِمْتَ بَلْدَةً وَأَنْتَ مُسَافِرٌ وَفِي نَفْسِكَ أَنْ تُقِيمَ خَمْسَ عَشرَةَ لَيْلَةً فَأَكْمِلِ الصَّلَاةَ بِهَا، وَإِنْ كُنْتَ لَا تَدْرِي مَتَى تَظْعَنُ فَاقْصُرْهَا. رَوَاهُ الطَّحَاوِيُّ.

Ибн Аббос ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумо:

«Мусофир ўлароқ бир юртга кирсанг ва бу юртда ўн беш кун қолишни ният қилсанг, намозни тўлиқ ўқи. Агар бу ердан қачон сафарга чиқишингни билмасанг, намозни қаср ўқи», дейишган.

Таҳовий ривоят қилган.

Дорул ҳарбда ёки боғийларнинг қамалида қолган бўлса, ундай эмас. Унда ниятсиз туриши чўзилиб кетган одамга ўхшайди.

Биров бир жойда ўн беш кун ёки ундан ортиқ туришни ният қилмаган бўлса, қанча турса ҳам, намозни қаср қилиб ўқийди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Хайбарда йигирма кун турганларида намозни қаср қилиб ўқиганлар.

Ибн Умар ва бошқа саҳобаларнинг йўлини Озарбайжонда қор тўсиб қолганда, олти ой қаср намоз ўқишган.

رَوَى الْبَيْهَقِيُّ فِي الْمَعْرِفَةِ بِسَنَدٍ قَالَ النَّوَوِيُّ: إِنَّهُ عَلَى شَرْطِ الشَّيْخَيْنِ - أَنَّ ابْنَ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: ارْتَجَّ عَلَيْنَا الثَّلْجُ وَنَحْنُ بِأَذَرْبِيجَانَ سِتَّةَ أَشْهُرٍ فِي غَزَاةٍ، فَكُنَّا نَقْصُرُ.

Байҳақий «Ал-Маърифа»да, Нававий «Икки шайх шартига мувофиқ», деган санад ила ривоят қилади:

«Ибн Умар розияллоҳу анҳумо:

«Озарбайжондаги ғазотдалигимизда олти ойгача қор тўсиб қолди. Намозни қаср қилиб ўқир эдик», деди».

Дорул ҳарб, яъни уруш диёрида, ғайримусулмонларнинг диёрида қамалда турган одам ҳам қаср ўқийди.

Боғийлар – Ислом давлатига қарши чиққан мусулмонлардир. Уларнинг қамалига тушиб қолганлар ҳам намозни қаср қилиб ўқийдилар. Чунки бу ҳолатда барқарорлик бўлиши мумкин эмас.

Биров бир ерга ўз ҳожатини чиқариш учун кирса, агар ўн беш кун туришни ният қилган бўлса ҳам, намозни қаср ўқийди. Чунки у ҳожати раво бўлиши билан қайтиб жўнаб қолиши турган гап.

Агар у қаъдаи аввалга ўтириб, тўлиқ ўқиса, фарзи тугал бўлади, аммо яхши қилмаган бўлади.

Чунки у Аллоҳ таоло берган имкондан фойдаланмади. Шу билан бирга, у икки ракъат қаср намоздан ке­йин бериладиган саломни кечга сурди.

Зиёда бўлгани нафлга ўтади.

Яъни кейинги икки ракъат унинг учун нафл намоз ўрнига ўтади.

Агар қаъдаи аввалга ўтирмаса, фарзи ботил бўлади.

Мусофир намозни тўлиқ ўқиганда икки ракъатдан кейин ўтирмаган бўлса, ўқиган фарз намози намоз бўлмайди. Бошқатдан ўқиши лозим.

Қай бир мусофирга вақтли намозда муқим имом бўлса, намозни тўлиқ ўқийди.

 

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳанафий мазҳаби бўйича, маййит таҳорат қилдирилади. Аввал ундан нажас ва нопок нарсалар кетказилади. Сўнгра олд ва орқа авратлари латта билан ювилади. Аммо оғзига давоми...

1163 19:00 / 08 февраль
Имом Бухорий Муовия ибн Аби Суфён разийаллоҳу анҳудан ушбу ҳадиси шарифни ривоят қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар Кимгаки давоми...

2996 05:00 / 19.01.2017
Маййитни дафн қилиш фарзи кифоядир. Жон узилиши билан уни дафн қилишга тайёрлашга шошилиш керак. Мақбарага дафн қилиш афзал. Мақбараларнинг афзалига дафн қилиш давоми...

893 19:00 / 14 март
. . . . . . . . . . .Ҳайз бемор бўлмаган ва ҳайз ёшидан ўтмаган болиғ аёлнинг раҳми чиқарадиган қондир. Ҳайзнинг ози уч кечаю давоми...

3970 13:30 / 28.01.2021