Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Ҳаж ибодати учун лозим бўлган умумий шартлар | Фиқҳ дарслари (349-дарс)

19:00 / 09 октябрь 1014 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳажнинг фарз бўлиши учун эркагу аёлларда лозим бўлган умумий шартлар ва аёлларга хос бўлган шартлар мавжуддир.

Эркагу аёлларда бўлиши лозим бўлган умумий шартлар қуйидагилардан иборат:

1. Ўзига зарур нарсалардан ва қайтиб келгунча аҳли аёлининг нафақасидан ортиқча зоди роҳиласи бор бўлиши.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида шундай деган:

ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ

«Одамлардан йўлга қодир бўлганларига Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ бурчдир. Кимки куфр келтирса, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир» (97-оят).

Ушбу ояти карима ила ҳаж ибодати фарз бўлган. Маънонинг ўзидан билиниб турибдики, ҳаж ибодати ҳаммага ҳам фарз бўлавермайди. Балки «Одамлардан йўга қодир бўлганларига» фарз бўлади. Улар кимлар? Улар соғлиги яхши, ҳажга бориб-келишга оиласидан орттирган маблағи бор, йўлида хавф-хатар йўқ, аёл киши бўлса, маҳрами бор шахслардир.

Ушбу шартларни ўзида мужассам этган ҳар бир мусулмонга умрида бир марта ҳаж қилиш фарздир. Улар имкони бўлиб туриб ҳаж қилмасалар, катта гуноҳ қилган бўладилар. Шунинг учун ҳам оятнинг охирида:

«Кимки куфр келтирса, албатта, Аллоҳ оламлардан беҳожатдир», дейиляпти.

Яъни кимки имкони бўлиб туриб ҳаж қилмаса, Аллоҳ таоло оламдаги ҳаммадан ҳожати йўқ Зот, ҳаж қилмаганнинг тоатидан ҳам беҳожатдир. Бу оятда имкони бўлиб туриб ҳаж қилмаслик куфрга тенглаштириляпти.

 

عَنِ ابْنِ عُمَرَ، قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، فَقَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ مَا يُوجِبُ الْحَجَّ؟ قَالَ: «الزَّادُ وَالرَّاحِلَةُ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Ҳажни нима вожиб қилади?» деди.

«Зод ва роҳила», дедилар».

Термизий ва Ибн Можа ривоят қилишган.

«Зод» деганда ҳажга бориб, келгунча етадиган маишат (ейиш-ичиш ва кийиш) учун керакли сарф-харажат тушунилади.

«Роҳила» деганда эса ҳажга бориб, келгунча етадиган йўл харажатлари англанади.

Ана шу икки нарсага эга бўлган кишига, албатта, бошқа шартлар ҳам мавжуд бўлганда, ҳаж ибодатини адо этиш фарз бўлади.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: كَانَ أَهْلُ الْيَمَنِ يَحُجُّونَ، وَلَا يَتَزَوَّدُونَ، وَيَقُولُونَ: نَحْنُ الْمُتَوَكِّلُونَ، فَإِذَا قَدِمُوا مَكَّةَ، سَأَلُوا النَّاسَ، فَأَنْزَلَ اللهُ تَعَالَى ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Яман аҳли ҳажга озуқа олмай келишар, «Биз таваккал қилувчилармиз», дейишар эди. Маккага келгандан сўнг одамлардан тиланчилик қилишга тушишарди. Бас, Аллоҳ таоло «Озуқа олинг, энг яхши озуқа тақводир»ни нозил қилди».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Бошқа бир ривоятда яманликлар: «Аллоҳнинг уйини ҳаж қиламиз-у, бизни оч қўярмиди», дейишар экан. Бу албатта, ҳар бир нарсага тайёргарлик кўриб юришга буюрадиган Ислом таълимотига хилофдир. Шу билан бирга, бу иш ҳажини Аллоҳга миннат қилишга киради. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ҳам руҳий, ҳам моддий озуқа билан озуқаланиб олишга амр қилмоқда. Шу билан бирга, ҳақиқий озуқа маънавий озуқа бўлиб, у тақво эканини яна бир бор эслатиб қўймоқда.

2. Ҳур.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَيُّمَا صَبِيٍّ حَجَّ بِهِ أَهْلُهُ، ثُمَّ مَاتَ، أَجْزَأَ عَنْهُ، فَإِنْ أَدْرَكَ، فَعَلَيْهِ الْحَجُّ، وَأَيُّمَا مَمْلُوكٍ حَجَّ بِهِ أَهْلُهُ، ثُمَّ مَاتَ أَجْزَأَ عَنْهُ، وَإِنْ أُعْتِقَ، فَعَلَيْهِ الْحَجُّ». رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қай бир ёш болани аҳли ҳаж қилдирса-ю, кейин у ўлиб қолса, ҳажи ҳисобга ўтади. Аммо балоғатга етса, унга ҳаж фарз бўлади. Қай бир қулни аҳли ҳаж қилдирса-ю, кейин у ўлиб қолса, ҳажи ҳисобга ўтади. Аммо у озод қилинса, унга ҳаж фарз бўлади», дедилар».

Имом Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган.

Қул кишига ҳаж фарз бўлмаган. Чунки ҳаж узоқ жойда, узоқ вақт давом этадиган ва сарф-харажат лозим бўлган ибодатдир. Қулга бу нарсалар оғир келади.

3. Соғ-саломат бўлиш.

Соғлиги сафарни кўтара олмайдиган кишиларга ҳаж фарз бўлмайди. Бунга далил Аллоҳ таолонинг «Одамлардан йўлга қодир бўлганларига Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилмоқ бурчдир» деган оятидир (Оли Имрон сураси, 97-оят). «Йўлга қодир бўлиш» «қудрати етиш» дегани бўлиб, у ҳар хил қудратларни – баданий, молиявий ва хавфсизлик қудратларини ўз ичига олади. Соғ-саломатлик баданий қудратга киради. Бинобарин, бемор, шол, фалаж кишиларга ҳаж фарз бўлмайди. Шунингдек, ўзи юра олмайдиган ўта қари кишиларга ҳам ҳаж фарз бўлмайди.

4. Кўзи кўрадиган бўлиш.

Кўзи ожиз кишиларга, агар етаклаб юрувчиси бўлса ҳам ҳаж фарз бўлмайди. Бу тоифадаги кишилар ҳам баданий қудрати етмайдиган шахсларга киради.

5. Мукаллаф бўлиш.

Яъни оқил ва болиғ бўлиши шарт. Мажнун ва ёш болаларга ҳаж фарз бўлмайди.

عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «رُفِعَ الْقَلَمُ عَنْ ثَلَاثَةٍ: عَنِ النَّائِمِ حَتَّى يَسْتَيْقِظَ، وَعَنِ الصَّبِيِّ حَتَّى يَحْتَلِمَ، وَعَنِ الْمَجْنُونِ حَتَّى يَعْقِلَ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَالْحَاكِمُ.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қалам уч(тоифа)дан кўтарилган: уйқудагидан, токи уйғонгунича; ёш боладан, токи эҳтилом бўлгунича; жиннидан, токи ақли киргунча», дедилар».

Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган.

Ушбу ҳадиси шарифдаги «қалам»дан мурод таклиф қаламидир. Шаръий амалларни – таклифларни бажармаган кишиларнинг гуноҳларини ёзиб турувчи қаламдир. Жумладан, ҳаж фарз бўлса ҳам, уни қилмаганларнинг гуноҳларини ёзиб турувчи қаламдир.

Ушбу қалам уч тоифа одамдан кўтарилган бўлиб, улар томонидан шариат таклифлари бажарилмаса ҳам гуноҳ ёзилмас экан.

1. «Уйқудагидан, токи уйғонгунича».

Чунки уйқудаги одамнинг ихтиёри ўзида эмас. Унда ­хушёрлик, бир нарсани идрок қилиш етишмайди. Бинобарин, ухлаб қолгани сабабли фарзу вожиб амалларни бажара олмаган одам гуноҳкор ҳисобланмайди.

2. «Ёш боладан, токи эҳтилом бўлгунича».

Балоғат ёшидан кичик ёшдаги болаларнинг ақлий ва жисмоний камолоти бўлмайди. Шунинг учун ҳам улар учун шаръий таклифларни бажариш мажбурий эмас. Мабодо ўша таклифларга хилоф қилсалар, гуноҳ ёзилмайди.

3. «Жиннидан, токи ақли киргунча».

Жинни одам ҳам аҳли таклиф эмас. Зеро, «Ҳажнинг саҳиҳ бўлиш шартлари: Ислом, балоғатга етганлик ва ақл», дейилади.

6. Мусулмон бўлиши.

Исломда бўлмаган кишидан исломий ибодатни қилиш талаб қилинмайди. Агар у ўз ихтиёри билан исломий ибодатни қилса ҳам, барибир қабул бўлмайди. Қадимда кофирлик вақтида ҳаж қилган одамлар мусулмон бўлсалар, қайтадан ҳаж қилишлари фарз бўлган.

7. Яна йўлда омонлик.

Яъни йўлдa ҳoжининг ўзигa ҳaм, мoлигa ҳaм ҳeч қaндaй xaтap бўлмacлиги кepaк. Aллoҳ таоло бaндaлapини xaвф-xaтap ocтигa қўйиб, ибoдaтгa чopлaмaйди.

«Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Закот бериш учун мол ўсадиган бўлиши ёки унда ўсиш имкони бўлиши керак,, деган қоидага биноан, миниш учун ишлатиладиган уловлар, яшаш учун зарур ҳовлижойлар, давоми...

2781 19:00 / 20.06.2024
. . . . . Намознинг фарзи таҳрима, қиём, фарзнинг икки ракъатининг ҳар бирида ҳамда витр ва нафлнинг ҳар бир ракъатида бир оят қироат қилиш. Ўша бир давоми...

5544 19:00 / 04.11.2021
ТақдимИслом динининг илк даврларидан бошлаб ҳаром ва ҳалол бирбиридан ажратилган, фарқлари Аллоҳ ва унинг Расули томонидан баён қилиб берилган эди. Бироқ, давоми...

14262 05:00 / 19.01.2017
Кўпгина саҳобалар Куфага келиб яшашган. Уларнинг ичида илм билан машҳурларидан Али ибн Абу Толиб, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳумо бўлган.1. Али ибн Абу Толиб давоми...

7305 11:59 / 05.12.2018