Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Рўза тутмасликка рухсатлилар | Фиқҳ дарслари (344-дарс)

19:00 / 04 сентябрь 824 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ўта қари одам рўза тутишдан ожиз бўлса, оғзини очади ва ҳар бир тутмаган куни учун бир мискинга садақаи фитр миқдорида таом беради. Кейин рўза тутишга қодир бўлиб қолса, қазосини тутади.

Ҳомиладор ёки эмизикли аёл ўзи ва боласига зарар етишидан қўрқса, бемор хасталиги зиёда бўлишидан қўрқса ва мусофир (ҳам) оғизларини очадилар ва фидясиз қазо қиладилар. Зарар қилмаса, сафарда рўза тутган афзал.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، ﮋﮁ  ﮂ  ﮃ  ﮄ   ﮅ  ﮆﮊ قَالَ: كَانَتْ رُخْصَةً لِلشَّيْخِ الْكَبِيرِ، وَالْمَرْأَةِ الْكَبِيرَةِ، وَهُمَا يُطِيقَانِ الصِّيَامَ أَنْ يُفْطِرَا وَيُطْعِمَا مَكَانَ كُلِّ يَوْمٍ مِسْكِينًا، وَالْحُبْلَى، وَالْمُرْضِعُ إِذَا خَافَتَا. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْبُخَارِيُّ وَلَفْظُهُ: قَالَ ابْنُ عَبَّاسٍ: لَيْسَتْ بِمَنْسُوخَةٍ، هُوَ الشَّيْخُ الْكَبِيرُ، وَالْمَرْأَةُ الْكَبِيرَةُ، لَا يَسْتَطِيعَانِ أَنْ يَصُومَا، فَيُطْعِمَانِ مَكَانَ كُلِّ يَوْمٍ مِسْكِينًا.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таомича фидя бордир» ояти қари чол ва қари кампирга тегишли рухсатдир. Икковлари рўзани қийналиб тутадилар. Улар оғизларини очиб, ҳар бир кун ўрнига бир мискинга таом берадилар. Ҳомиладор ва эмизикли аёллар агар қўрқсалар, оғизларини очадилар».

Абу Довуд ва Бухорий ривоят қилишган.

Бухорийнинг лафзида:

«Ибн Аббос: «Бу оят мансух эмас, балки қари чол ва кампир учундир. Улар рўза тутишга қодир эмас. Бас, ҳар бир кун ўрнига бир мискинни таомлантирадилар», деди», дейилган.

Маълумки, Исломда инсонни тоқатидан ташқари ишга таклиф қилиш йўқ. Жумладан, рўза масаласида ҳам. Шу маънода Аллоҳ таоло ўта қариб қолганлари туфайли рўза тутса қийналиб қоладиган чол ва кампирларга рўза тутмасликка рухсат берган.

Бу ҳақда Бақара сурасида оятлар келган. Биз ўрганаётган ривоятда улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу ана шу ояти кариманинг ҳукмини тушунтириб бермоқдалар.

Мазкур оятга кўра, ўта қари чол-кампирларга рўза тутмасликка рухсат бор ва рўзаси тутилмаган ҳар бир кун эвазига бир мискинга таом беришлари жоиз.

Баъзи кишилар ўзлари соғ бўлсалар ҳам, ёшлари катталиги туфайли, рўза тутсалар қийналадиган бўлиб қоладилар. Ана ўшандай кишилар ҳам рўза тутмасалар бўлади. Фақат рўзанинг ўрнига фидя берадилар.

«Фидя»нинг луғавий маъноси «фидо қилиш» бўлиб, шариат ҳукмига кўра, маълум бир нарсанинг ўрнига мол сарфлаш «фидя бериш» дейилади.

Қариликлари туфайли рўза тута олмайдиганлар учун фидя беришнинг жорий қилиниши бежиз эмас. Унда мискинларнинг манфаати билан бирга, ўша рўза тута олмаган кишилар ибодатни адо эта олмаганлари учун уларнинг афсус-надоматларини енгиллатиш ҳам бор.

Бу ривоятда қари чол ва кампирлар ҳукмига ҳомиладор ва эмизикли аёллар ҳам қўшилиши, агар улар ёш болаларининг соғлиғига зарар етишидан қўрқсалар, оғизларини очиб юришлари мумкинлиги ҳақида ҳам сўз кетмоқда.

Ҳомиладор ва эмизикли аёллар ўзлари ва болаларига зарар етишидан қўрқсалар, рўзани очиб юборишларига рухсат бор. Бунга ҳамма бир овоздан иттифоқ қилган. Аммо ҳанафий мазҳаби бўйича, мазкур тоифадаги аёллар рўзанинг қазосини тутадилар. Бу мазҳаб уламоларининг ўзларига яраша ҳужжат ва далиллари бор. Қари чол ва кампирларнинг фидя бериш билан кифояланишларига рухсат этилгани уларнинг кейинчалик ҳам рўза тутолмасликлари эътиборидандир. Чунки улар борган сари қариб, заифлашиб бораверадилар. Уларнинг қайтиб ёшариб, рўза тутишларидан умид йўқ.

Ҳомиладор ва эмизикли аёллар эса вақтинчалик беморга ўхшайдилар. Ҳомилани туғиб, болани кўкракдан ажратгандан сўнг яна рўзани тутиш имконига эга бўладилар. Бир йилда бир келадиган рўзани қазо қилиб тутиш осондир.

Бемор ва мусофирларнинг рухсатлари Қуръони Карим оятларида зикр қилинган.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида:

ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ

«Сизлардан ким бу ойда ҳозир бўлса, рўзасини тутсин. Ва сизлардан ким бемор ёки сафарда бўлса, бас, саноғи бошқа кунлардан. Аллоҳ сизларга осонликни ирода қилади ва сизларга қийинликни ирода қилмайди», деган (Бақара сураси, 185-оят).

Тузалишидан умид бор бемор киши Рамазон кунлари бемор бўлса ёки бир киши Рамазон кунлари сафарга чиққан бўлса, ўша кунлари рўза тутмай, кейин имкон бўлганда, тутмаган кунлари саноғича қазо рўза тутишига асосий далил мана шу ояти каримадир.

Шунинг учун бемор киши агар рўза тутса беморлиги зиёда бўлиб кетадиган ёки тузалиши ортга суриладиган бўлса, Рамазон ойида бемалол рўза тутмай юриши мумкин. Аллоҳ таоло беморлиги сабабли унга рухсат берган.

Шунингдек, Рамазони шариф кунлари сафарга чиққан одам ҳам рўза тутмаслиги мумкин. Сафардан қайтганидан кейин Рамазоннинг қолган кунлари бўлса, уларни тутаверади. Рамазондан кейин эса сафарда неча кун тутмаган бўлса, ўшанча кун қазосини тутиб беради.

Мусофир учун сафарда ортиқча қийинчилик бўлмаса, рўза тутгани тутмаганидан кўра афзалдир. Чунки Аллоҳ таоло мусофирларга рўза тутмасликка рухсат берган оятнинг охирида «Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир», деган (Бақара сураси, 184-оят).

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, рўза тутишга узрли бўлганлар қуйидагилардир:

1. Ўта қари кишилар.

2. Ҳомиладор аёллар.

3. Эмизикли аёллар.

4. Мусофирлар.

5. Беморлар.

Уламоларимиз яна қуйидаги тоифаларни ҳам узрлиларга қўшганлар:

6. Очлик ва сувсизлик оқибатида ҳолдан тойганлар.

Ўта қаттиқ очлик ёки сувсизлик оқибатида ҳалок бўлиш даражасига келган, ақлига ёки бирор аъзосига шикаст етиши хавфи туғилган киши ҳам рўза тутишдан узрли ҳисобланади. У ҳам кейин қазосини тутиб беради. Чунки Аллоҳ таоло «Ўзингизни ўзингиз ҳалокатга ташламанг», деган (Бақара сураси, 195-оят).

7. Мажбурланган шахс.

Бировни ўлдириш ёки аъзоларидан бирини ишдан чиқариш ила таҳдид солиб, рўзасини очишга мажбурланса, у ҳам узрли ҳисобланади. Қазосини кейин тутиб беради. Аёл кишининг номусига тегилса ҳам қазосини тутиб беради.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِنَّ اللهَ وَضَعَ عَنْ أُمَّتِي الْخَطَأَ، وَالنِّسْيَانَ، وَمَا اسْتُكْرِهُوا عَلَيْهِ». رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ.

Ибн Аббосдан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ менинг умматимдан хатони, унутилган ва мажбур қилинган нарсани кечиргандир», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Бир одамни бошқалар қўрқитиб ёки куч ишлатиб, мажбурлаб гуноҳ ишни қилдирса, мажбурланган одамга гуноҳ бўлмайди. Мажбур қилувчилар эса гуноҳкори азим бўладилар. Мажбур қилиб рўзасини очтириш, намоз ўқитмаслик, динга қарши гапларни айттириш ва бошқалар шунга киради.

Шу билан бирга, мажбурлаш мажбур қилинаётган одамнинг жонига ёки бирор аъзосига таҳдид солиши шарт. Ушбу шарт бўлмаган даражада мажбурлаш гуноҳ ишни қилаверишга йўл очмайди. Фақат ўлим хавфи ёки танасидаги аъзоларидан бирининг йўқ бўлиши, майиб бўлиши хавфигина шаръий эътибордаги мажбурлаш ҳисобланади.

8. Машаққатли касб эгаси.

Агар касбини тарк этса куни ўтмайдиган бўлса ва рўза тутганда касбини қила олмай қоладиган бўлса, узрли ҳисобланади. Бу тоифага нонвой, темирчи ва кон ишчилари кабилар киради. Улар саҳарликни қилиб, рўзани ният қиладилар. Иш давомида ҳоллари чатоқ бўлиб қолса, рўзани очиб, кейин қазосини тутадилар.

Агар бемор тузалганидан, мусофир муқим бўлганидан кейин сафар ва беморлик муддатича яшаб ўлса, меросхўри қазо қилган миқдорича фидя беради. Агар оз яшаб ўлса, соғ ва муқим бўлган кунлари миқдорича фидя беради. Бунинг учун васият шартдир.

Бемор тузалганидан, мусофир муқим бўлганидан кейин рухсат бўлгани боис тутмаган рўзасини тутиши керак эди. Аммо «Кейинроқ тутарман», деган хаёл билан юриб, уни тутишидан олдин ўлиб қолди. Агар унинг яшаган кунлари рўзани қазо қилган кунларича ёки ундан кўп бўлса, меросхўри қазо қилган миқдорича фидя беради. Аммо у қазо қилган кунларидан оз яшаб туриб ўлган бўлса, меросхўри унинг соғ ва муқим бўлган кунлари миқдорича фидя беради.

Меросхўр мазкур фидяни бериши учун маййит ўлишидан олдин бу ҳақда васият қилган бўлиши шарт. Агар васият қилмаса, меросхўрга фидя бериш лозим бўлмайди. Агар берса, зарари йўқ.

 «Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фиқҳга оид китоблар ичида аҳком ҳадислари ва уларнинг шарҳидан иборат китоблар ҳам бор. Бу йўналишдаги китобларнинг баъзиларида шаръий ҳукмларга доир ҳадиси давоми...

6001 21:30 / 01.05.2019
Фатволар ва воқеъалар деб аталган фиқҳий китобларида кейин келган мужтаҳидлар мазҳабнинг аввалги мужтаҳидларидан ривоят келмаган масалаларда ўзларидан савол давоми...

10742 05:00 / 18.01.2017
Маълумки, Ҳанафий мазҳабига оид китоблар бир хил мартабада эмас. Бу китоблар уч даражага бўлинади.Биринчи даража.Бу даражадаги китоблар .Усул, деб аталади.Улар яна давоми...

4264 13:30 / 30.04.2020
Таъзия одоблариАйрилиқ дарди оғир, жуда оғир. Тақдири илоҳийга бўйсунсакда, қазонинг ҳақлигига иқрор бўлсакда, банда эканмиз, юраклар ўртанади, кўкраклар дамодам давоми...

6331 05:00 / 19.01.2017