
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
739. Аҳнаф ибн Қайсдан ривоят қилинади:
«Мен бу кишини (Алийни) ирода қилиб чиқдим. Абу Бакра учраб қолди ва: «Эй Аҳнаф, қаёққа?» деди. «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакиларининг ўғлига ёрдам бермоқчиман», дедим. – Яъни, Алийга –. Шунда у менга: «Эй Аҳнаф, қайт! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Қачон икки мусулмон қиличлари билан юзма-юз келишса, иккови ҳам дўзах аҳлидан бўлур», деганларини эшитганман», деди. «Қотил-ку майли, мақтулга нима учун бўлади?» дейилмаганми!» дедим. «У ўз соҳибини қатл қилишни ирода қилган эди» (дедилар), деди».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
740. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Бирингиз ўз биродарига қурол билан ўқталмасин. Чунки шайтон эҳтимол унинг қўлини ўйнатиб, дўзахнинг чуқурига тушиб қолишига сабаб бўлишини ўзи билмай қолади».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
Бошқа ривоятда: «Абул Қосим соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким ўз биродарига ўткир темир билан ўқталса, уни фаришталар лаънатлайди», деганларини эшитдим».
Муслим ривоят қилган.
741. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонни сўкиш фосиқликдир ва у билан уруш қилиш кофирликдир», дедилар».
Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.
742. Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Умматимдан бир тоифа ҳақда зоҳир бўлган ҳолларида бардавом бўлишади. То Аллоҳнинг амри келгунча уларни хорлаганлар уларга зарар етказа олмайди. «Ийсо ибн Марям соллаллоҳу алайҳи васаллам тушганида уларнинг амири: «Кел, бизга намоз ўқиб бер», дейди. «Йўқ. Сизлар баъзингиз баъзингизга амирсизлар. Бу, Аллоҳнинг ушбу умматга қилган икромидир», дейди».
Муслим ривоят қилган.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.