Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ 169-дарс Намознинг суннат ва мустаҳаблари

17:00 / 20.01.2022 5011 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

وَسُنَّغَيْرُهَا أَوْ نُدِبَ

Булардан бошқалар суннат ёки мандубдир.

«Мухтасари Виқоя»нинг соҳиби ушбу қисқа ибора билан намознинг фарз ва вожиб амалларидан бошқа амаллари суннат ёки мандуб бўлишини умумий қилиб айтган.

Биз бошқа уламоларнинг ижтиҳодларидан фойдаланиб, уларни батафсил келтирамиз.

Ҳанафий уламолардан баъзиларининг наздида намознинг суннатлари қуйидагилардан иборат:

1. Такбири таҳрима вақтида қўлни кўтариш. Эркак киши қулоқларининг юмшоқ жойигача, аёллар елкаларигача.

2. Бармоқларни бир-бирига ёпиштирмасдан ва ёзиб юбормасдан, ўз ҳолича қолдириш.

3. Муқтадий такбири таҳримани имомдан сўнг бевосита қилиши.

4. Эркак киши чап қўлини киндик остига қўйиб, унинг устига ўнг қўлини қўйиши. Аёл киши икки қўлини кўксига қўйиши.

5. Сано дуосини ўқиш.

6. Қироат учун ичида «Аъуузу биллааҳи»ни айтиш.

7. «Бисмиллаҳ»ни ичида айтиш.

8. «Омин»ни ичида айтиш.

9. Рукуъдан қайтганда «Роббанаа лакал ҳамд»ни айтиш.

10. Сано, «Аъуузу биллааҳи», «Омин» ва «Бисмиллаҳ»ларни ичида айтиш.

11. Такбири таҳримани бошлаш ва тугатишда мўътадил ҳолда туриб, бошни эгмаслик.

12. Имом такбир, «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ» ва саломларни овоз чиқариб айтиши.

13. Қиёмда турганда икки оёқнинг орасини тўрт энлик миқдорида очиш. 

14. «Фотиҳа»дан кейин ўқиладиган суранинг бомдод ва пешин намозларида тиволи муфассалдан, аср ва хуфтонда авсати муфассалдан ва шомда қисордан бўлиши. Ҳужуротдан Буружгача тиволи муфассал, ундан «Лам якун»гача авсати муфассал, ундан Қуръоннинг охиригача қисори муфассалдир.

15. Биринчи ракъатнинг қироати узун бўлиши.

16. Рукуъ ва сужудга такбир айтиш.

17. Рукуъ ва сужудда тасбеҳ айтиш.

18. Рукуъдаги ҳолатда икки тиззани қўл билан ушлаб туриш.

19. Эркак киши рукуъдаги ҳолида бармоқлари орасини очиб туриши. Аёллар ундай қилмайдилар.

20. Рукуъда белни тўғри тутиш.

21. Рукуъда бош билан белни бир текис тутиш.

22. Рукуъдан қайтганда тик ҳолга келиш.

23. Саждадан қайтганда тик ҳолга келиш.

24. Саждага кетаётганда аввал икки тиззани, кейин икки қўлни ва сўнгра пешона билан бурунни қўйиш ҳамда тураётганда аксинча бўлиши.

25. Саждада қўллар елка баробарида очилиб, бошнинг икки кафтлар орасига қўйилиши.

26. Эркак кишининг саждада қорнини икки сонидан, чиғаноқларини биқинидан ва билакларини ердан узоқда тутиши. 

27. Аёл кишининг саждада қорнини икки сонига теккизиши.

28. Икки сажда орасида ва ташаҳҳудда ўтирганда икки қўлни икки сон устига қўйиш.

29. Икки сажда орасида ва ташаҳҳудда ўтирганда эркак киши чап оёғи устига ўтириб, ўнг оёғини тик қилиб, бармоқларини қиблага қаратиши.

30. Икки сажда орасида ва ташаҳҳудда ўтирганда аёл киши чап думбаси ила ўтириб, оёқларини жуфтлаб ўнг томонга чиқариб олиши.

31. Ишораи саббоба қилиш.

32. Икки ракъатдан кейинги ракъатларда Фотиҳани қироат қилиш. 

33. Қаъдаи охирда Набий алайҳиссаломга салавот айтиш.

34. Набий алайҳиссаломга салавот айтгандан кейин Қуръон ва суннатда келган лафзлар ила дуо қилиш.

35. Салом бераётганда ўнг ва чапга қараш.

36. Имом салом берганда ортидаги намозхонларни, ҳафаза фаришталарни ва аҳли солиҳ жинларни ният қилиши.

37. Муқтадий ўз саломи ила имомга аликни ва қавм ҳамда ҳафаза фаришталарни ва аҳли солиҳ жинларни ният қилиши.

38. Якка намозхон саломида (ҳафаза) фаришталарни ният қилиши.

39. Иккинчи саломида овозни биринчисидан кўра бир оз пасайтириши.

40. Муқтадийнинг саломи имомнинг саломидан бевосита кейин бўлиши.

41. Саломни ўнгдан бошлаш.

42. Намозга кейин қўшилган одам имомнинг иккинчи саломини кутиб туриб, саждаи саҳв йўқлигига ишонч ҳосил қилганидан кейин намозни давом эттириш учун туриши.

 

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
7. Ота бир опасингил.Ота бир опасингиллар мерос илми истилоҳида .авлодул аллот, деб ҳам аталади.Ота бир опасингилларнинг мероси олти хил бўладиБиринчисиМаййитнинг давоми...

2053 10:36 / 09.03.2020
МУНДАРИЖАМуқаддимаЎтмишга бир назарҲозирги ихтилофлар қачон ва қандоқ куртакладиИхтилофларнинг авж ола бошлашиИхтилоф ва тафриқанинг турлариМусулмонларнинг давоми...

11373 05:00 / 17.01.2017
1. Намоз Исломнинг иккинчи рукни, ибодатларнинг онаси, тоатларнинг асоси, гуноҳларни ювувчи, ёмонликларни қайтарувчидир. 2. Намоз калимаи шаҳодатдан кейинги энг давоми...

4384 14:00 / 13.05.2021
Ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига ҳамд бўлсинОртидан Набий келмайдиган зот ndash саййидимиз ва Набийимиз Муҳаммадга салавоту салом бўлсинАммо баъдуРобитатул Оламил давоми...

3882 13:00 / 29.10.2020