Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 8 жумадул аввал | 2024 йил 10 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

«Агар» дейиш шайтоннинг амалини очади | Фиқҳ дарслари (287-дарс)

19:00 / 20 июнь 1122 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Закот бериш учун мол ўсадиган бўлиши ёки унда ўсиш имкони бўлиши керак», деган қоидага биноан, миниш учун ишлатиладиган уловлар, яшаш учун зарур ҳовли-жойлар, уй-рўзғор асбоб-анжомлари, ҳунар учун зарур асбоб-ускуналардан закот чиқариш фарз эмас. Шунингдек, ушбу нарсалар ижарага топширилса ҳам.

Яна қўлдан тортиб олинган ёки йўқолиб қолган мол, қайтиб келишига умид йўқ бўлган қарз кабилардан ҳам закот олинмайди, чунки бу ҳолларда молнинг ўсишига тўсқинлик унинг эгаси томонидан эмас.

Аммо ожизлик мол соҳиби томонидан бўлгани сабабли мол ўсмай турган бўлса, ундан закот олинаверади, чунки мўмин кишининг қўлида моли бўлатуриб, уни кўпайтиришдан ожизлик қилиши тўғри келмайди.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «الْمُؤْمِنُ الْقَوِيُّ خَيْرٌ وَأَحَبُّ إِلَى اللهِ مِنَ الْمُؤْمِنِ الضَّعِيفِ، وَفِي كُلٍّ خَيْرٌ، احْرِصْ عَلَى مَا يَنْفَعُكَ، وَاسْتَعِنْ بِاللهِ وَلَا تَعْجَزْ، وَإِنْ أَصَابَكَ شَيْءٌ فَلَا تَقُلْ لَوْ أَنِّي فَعَلْتُ كَانَ كَذَا وَكَذَا، وَلَكِنْ قُلْ قَدَرُ اللهِ وَمَا شَاءَ فَعَلَ، فَإِنَّ «لَوْ» تَفْتَحُ عَمَلَ الشَّيْطَانِ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кучли мўмин Аллоҳга кучсиз мўминдан кўра яхшироқ ва маҳбуброқдир. Ҳаммасида ҳам яхшилик бор. Ўзингга наф берадиган нарсага қаттиқ урин. Аллоҳдан ёрдам сўра, ожиз бўлма! Борди-ю, сенга мусибат етса, «Агар бундай қилганимда, бундай ва бундай бўларди», дема. Лекин «Аллоҳнинг қадари, У Зот нимани хоҳласа, қилади», дегин. Чунки «агар» шайтоннинг амалини очади», дедилар».

Имом Муслим ривоят қилган.

Нисоб.

Бир молдан закот бериш вожиб бўлиши учун у мол нисобга етган бўлиши керак. Оз миқдордаги молдан закот чиқарилмайди. Закот бойларга фарздир. Моли нисобга етмаган одам эса бой ҳисобланмайди.

Набий алайҳиссалом ҳар бир турдаги молнинг нисобини аниқ белгилаб берганлар. Мисол учун, зироат бойликлари нисоби ҳақида у зот:

а) «Беш васақдан камда садақа йўқ», дедилар.

Ўша даврда ўртаҳол оила бир йиллик эҳтиёжидан ташқари беш васақ ва ундан ортиқ миқдорда зироат маҳсулотига эга бўлса, бой ҳисобланар, ундан бир қисмини ночор биродарларига закот тариқасида бериши керак эди. Бу гап Абу Юсуф ва Муҳаммаднинг қавли бўлиб, фатво Абу Ҳанифанинг қавлига кўрадир, яъни зироатларда маълум нисоб белгиланмаган.

б) Набий алайҳиссалом тилланинг нисобини йигирма мисқол, кумушникини икки юз дирҳам қилиб белгилаганлар.

Ўша вақтларда ушбу миқдордаги пул бир оиланинг бир йиллик харажатларига бемалол етган. Ўша миқдордаги пулга эга бўлган киши бой ҳисобланган. Шариатимиз унга ортиқча пулининг бир қисмини муҳтож биродарларига закот тариқасида беришни амр қилган.

в) Шунингдек, қирқта қўй, бешта туя ва ўттизта қорамол бир оиланинг етарли ҳайвонот бойлиги бўлган. Ундан закот бериш фарз қилинган.

Шу билан бирга, закот туфайли закот берувчининг ўз бойлик даражасидан тушиб қолмаслиги ҳам эътиборга олинган.

Шунинг учун ҳам бешта туядан биттасини эмас, балки бешта туядан битта қўй закотга бериш амр қилинган. Ҳолбуки, бошқа нарсаларда бирининг ўрнига бошқасини бериб бўлмайди. Чунки уларда қийматини беришга рухсат этилган.

Ушбу белгилаб берилган миқдорларнинг ҳаммаси закот бериш учун мол нисобга етган бўлишининг шартлигига далиллардир.

Тўлиқ мулк бўлиши.

Бир молда закот фарз бўлиши учун ўша мол ўз эгасига тўлиқ мулк бўлиши шарт. Яъни унинг асл мулки бўлиши ва қўлида бўлиши шарт.

Мол ўз эгаси қўлида бўлиши, унда бировнинг ҳеч қандай ҳаққи бўлмаслиги, молни ўз ихтиёри ила тасарруф қила олиши ва ҳосил бўлган фойдалар ўзига қайтадиган бўлиши керак.

Ушбу шартларнинг қўйилишига далиллар:

а) «Молларидан садақа ол», ояти (Тавба сураси, 103-оят). Бирор нарса бировга тўлиқ мулк бўлиб ўтмагунича закот бериладиган моллар сирасига кирмай туради.

б) «Уларнинг мол-мулкларида маълум ҳақ бордир. Сўровчи ва бечоралар учундир» (Маъориж сураси, 24-25-оятлар) оятлари ва бошқа бир қанча оятлар.

в) Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг

أَنَّ اللهَ قَدْ فَرَضَ عَلَيْهِمْ صَدَقَةً.

«Албатта, Аллоҳ уларга молларида закотни фарз қилди», деган ҳадиси шарифлари.

г) Ақлий далилга келадиган бўлсак, закот уни олувчига мулк қилиб берилиши керак. Ўзи тўлиқ молик (мулк эгаси) бўлмаган одам қандай қилиб бировга бир молни мулк қилиб бера олади? Демак, закот бериш учун закот берувчи молга тўлиқ молик бўлиши керак.

Бир кишининг маълум миқдорда ортиқча молга молик (эга) бўлиши Аллоҳ таоло томонидан берилган катта неъматдир. Молга тўлиқ эга бўлиш ундан фойдаланиш, уни кўпайтириш имконларини беради. Бу жуда улуғ неъматдир. Бундай улуғ неъматга эга бўлган банда унинг шукрини қилиши керак. Унинг шукри эса закотини бериш билан бўлади.

Ушбу «мулкка тўлиқ эга бўлиш керак», деган шартдан тўлиқ эга бўлмаган молларидан закот бера олмаслиги келиб чиқади.

Мисол учун, қўлида бўлмаган молнинг закотини бера олмайди. Айтайлик, бир молни сотиб олди, лекин ҳали қўлига теккани йўқ. Унга ўша молнинг закотини бериш вожиб бўлмайди, чунки мол қўлига етиб келмай қолиши ҳам мумкин.

Шунингдек, бировнинг ҳузурига гаровга қўйилган молдан закот чиқариш ҳам вожиб бўлмайди. Чунки ўша мол ҳам эгасининг қўлида эмас, қўлига келишида гумон бор. 

Адашиб қолган ҳайвон, йўқолиб қолган мол, давлат томонидан мусодара қилинган мол-мулк, бирор жойга кўмиб (яшириб) қўйиб, қаерда экани эсдан чиқариб қўйилган мол кабилар қўлда турмаган моллар ҳисобланади ва улардан закот бериш фарз бўлмайди.

Ушбу шартга биноан, муайян эгаси бўлмаган моллардан ҳам закот чиқариш фарз бўлмайди. Масалан, ҳукумат ихтиёрида давлат мулки бўлиб турган мол-мулклар шу жумладандир. Уларнинг муайян эгаси йўқ. Ҳамманинг мулки ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ўлжага тушган моллардан закот чиқарилмайди.

Шунингдек, маълум бир мақсад ёки тараф учун қилинган вақфлардан ҳам закот чиқариш фарз бўлмайди, чунки унда ҳам аниқ бир молик йўқ. Аммо вақф муайян шахс учун қилинган бўлса, ундан закот чиқарилади.

 

«Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Туғишган ота бир, она бир акаука.Ота бир акаука.Бу икки тоифа асабаларга киради. Уларнинг меросдаги ҳолатлари ҳақида бир неча сатрлардан сўнг сўз юритилади.Она бир давоми...

1990 11:07 / 03.02.2020
Қуръоннинг мутавотир суннат билан насх бўлиши мумкин эмаслигига ҳамма уламолар иттифоқ қилганлар.Имом Шофеъий, у кишининг асҳоблари, имом Аҳмад ибн Ҳанбал ва давоми...

3821 17:23 / 22.12.2017
. . . . . Қуёш тутилганда жуманинг имоми одамлар билан икки ракъат нафл намоз ўқийди. Иккисида қироатни махфий ва узоқ қилади. Сўнгра то қуёш давоми...

1665 19:00 / 20.04.2023
Барча мавжудотларни йўқдан бор қилган, ҳар бир нарсага қодир Аллоҳ таолога беадад ҳамсанолар бўлсин.Умматларига ҳар бир ишнинг энг нозик нукталаригача билдириб, давоми...

4909 05:00 / 18.01.2017