Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 9 шаъбон | 2026 йил 28 январь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (121-дарс). Ҳайзнинг ози уч кечаю уч кундуз

13:30 / 28.01.2021 6053 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

هُوَ دَمٌ يَنْفُضُهُ رَحِمُ بَالِغَةٍ لَا دَاءَ بِهَا وَلَا إِيَاسَ. وَأَقَلُّ الْحَيْضِ ثَلَاثَةُ أَيَّامٍ وَلَيَالِيهَا. وَأَكْثَرُهُ عَشَرَةٌ. وَأَقَلُّ الْطُّهْرِ خَمْسَةَ عَشَرَ يَوْمًا، وَلَا حَدَّ لِأَكْثَرِهِ. وَالطُّهْرُ الْمُتَخَلِّلُ فِي مُدَّتِهِ، وَمَا رَأَتْ مِنْ لَوْنٍ فِيهَا سِوَى الْبَيَاضِ: حَيْضٌ.

يَمنَعُ الصَّلَاةَ وَالصَّوْمَ، وَيُقْضَى هُوَ لَا هِيَ، وَدُخُولَ الْمَسْجِدِ وَالطَّوَافَ وَاسْتِمْتَاعَ مَا تَحْتَ الْإِزَارِ. وَلَا تَقْرَأُ كَجُنُبٍ وَنُفَسَاءَ، بِخِلَافِ الْمُحْدِثِ. وَلَا يَمَسُّ هَؤُلَاءِ مُصْحَفًا إِلَّا بِغِلَافٍ مُتَجَافٍ. وَكُرِهَ بِالْكُمِّ. وَلَا دِرْهَمًا فِيهِ سُورَةٌ إِلَّا بِصُرَّةٍ. وَحَلَّ وَطْءُ مَنِ انْقَطَعَ دَمُهَا لِأَكْثَرِ الْحَيْضِ أَوِ النِّفَاسِ، قَبْلَ الْغُسْلِ، دُونَ مَنِ انْقَطَعَ دَمُهَا لِأَقَلِّ، إِلَّا إِذَا مَضَى وَقْتٌ يَسَعُ الْغُسْلَ وَالتَحْرِيمَةَ.

Ҳайз бемор бўлмаган ва ҳайз ёшидан ўтмаган болиғ аёлнинг раҳми чиқарадиган қондир. Ҳайзнинг ози уч кечаю уч кундуз, кўпи ўн кун. Покликнинг ози ўн беш кун. Кўпининг чегараси йўқ. Ҳайз муддатида орада қон тўхташи ва аёлнинг оқ ранг­дан бошқа рангдаги нарса кўриши ҳам ҳайздир.

Ҳайз намоз ва рўзани ман қилади. Рўза қазо қилинади, намоз қазо қилинмайди. Ҳайз яна масжидга киришни, тавофни ва лозимнинг остидаги нарсадан ҳузурланишни ман қилади.

Жунуб ва нифосли шахс каби, ҳайзли шахс ҳам, кичик бетаҳоратга хилоф ўлароқ, қироат қилмайди. Уларнинг барчаси Мусҳафни ушламайди. Илло, ёпишмаган ғилоф ила ушлаш бундан мустасно. Кийимнинг енги билан ушлаш макруҳдир. Сураси бор дирҳамни ҳам ­ҳамёнсиз ушламайдилар.

Ҳайз ва нифоснинг кўпидан кейин қони тўхтаган аёлга ғуслдан олдин яқинлик қилиш ҳалолдир. Озидан кейин қони тўхтаганга эмас. Илло, қон тўхтаганидан кейин ғусл ва такбири таҳрима айтиш вақти ўтса, мустасно.

Ушбу бобда ҳар бир мусулмон шахс катта эҳтимом билан ўрганиши ва билиши лозим бўлган масалалар муолажа қилинади. Поклик учун ниҳоятда зарур бу масалаларни фақат аёллар билиши керак, деган тушунча нотўғридир. Балки эркаклар ҳам билишлари лозимдир.

Шундай экан, келинг, бу масалаларни ҳам бошқаларига ўхшаб бирма-бир шарҳ қилиб ўтайлик.

Ҳайз бемор бўлмаган ва ҳайз ёшидан ўтмаган болиғ аёлнинг раҳми чиқарадиган қондир.

«Ҳайз» луғатда «оқиш» маъносини билдиради.

Шариатда эса балоғатга етган аёл жинсининг раҳми ичидан туғишсиз ва беморликсиз муайян муддатда чиқадиган қон ҳайздир.

Бизнинг матнда келган таърифга бу таърифларни қўшсак, ҳайзнинг тўла таърифига эга бўламиз.

Демак, балоғатга етган, қариб, ҳайз кўришдан ноумид бўлмаган аёлнинг раҳми ичидан туғишсиз ва беморликсиз ўзи чиқадиган қон ҳайз бўлади.

Одатда ҳайзнинг ранги қорамтир, ўзи ҳароратли ва оғриқ ила келадиган бўлиб, ҳиди нохуш бўлади.

Ҳайзнинг ози уч кечаю уч кундуз, кўпи ўн кун.

رَوَى الطَّبَرَانِيُّ وَالدَّارَقُطْنِيُّ عَنْ أَبِي أُمَامَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: أَقَلُّ الْحَيْضِ لِلْجَارِيَةِ الْبِكْرِ وَالثَّيِّبِ ثَلَاثَةُ أَيَّامٍ، وَأَكْثَرُهُ عَشْرَةُ أَيَّامٍ، فَإِذَا زَادَ فَهِيَ مُسْتَحَاضَةٌ.

Имом Табароний ва Дора Қутний Абу Умома розияллоҳу анҳудан келтирган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бикр қизнинг ва турмушга чиққан аёлнинг оз ҳайзи уч кундир, кўп ҳайзи ўн кундир. Ундан зиёда бўлса, истеҳозадир», деганлар.

Покликнинг ози ўн беш кун.

Бунга саҳобаи киромлар иттифоқ қилганлар.

رَوَى جَعْفَرُ بْنُ مُحَمَّدٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّهُ قَالَ: أَقَلُّ الْحَيْضِ ثَلَاثٌ، وَأَكْثَرُهُ عَشْرٌ، وَأَقَلُّ مَا بَيْنَ الْحَيْضَتَيْنِ خَمْسَةَ عَشَرَ يَوْمًا

Жаъфар ибн Муҳаммад отасидан, у бобосидан қилган ривоятда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳайзнинг ози уч кундир, кўпи ўн кундир. Икки ҳайз орасининг энг ози ўн беш кундир», деганлар.

Кўпининг чегараси йўқ.

Бир ёки икки йил бўлиши, гоҳида умуман ҳайз кўрмаслиги ҳам мумкин.

Ҳайз муддатида орада қон тўхташи ва аёлнинг оқ рангдан бошқа рангдаги нарса кўриши ҳам ҳайздир.

Демак, ҳайз даврида маълум муддат қон келмай қолиши ҳам мумкин экан. Шунингдек, ҳайзнинг асл рангидан бошқа рангдаги суюқлик келиши ҳам мумкин. Бундай ҳолатлар ориз бўлганда ҳайзли аёл ҳайзим тугади, деган хаёлга бормаслиги лозим. Ҳайз тўхтаганда келадиган нарсанинг ранги оқ бўлади.

وَبَعَثَ نِسَاءٌ إِلَى عَائِشَةَ بِالدُّرْجَةِ فِيهَا الْكُرْسُفُ فِيهِ الصُّفْرَةُ، فَقَالَتْ: لَا تَعْجَلْنَ حَتَّى تَرَيْنَ الْقَصَّةَ الْبَيْضَاءَ، تُرِيدُ بِذَلِكَ تَمَامَ الطُّهْرِ مِنَ الْحَيْضَةِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ وَمُاْلكٌ.

«Аёллар Оишага ичига пахта солинган тувакни юбордилар. Унда сарғиш рангли қон асари бор эди. У (Оиша):

«То оқ нарсани кўрмагунингизча шошилманглар», деди. У бу билан ҳайздан тамоман пок бўлишни ирода қилган эди».

Бухорий ва Молик ривоят қилишган.

Ҳайз кўрган аёлдан охирги вақтда оқ рангли суюқлик келгани ҳайзнинг тугагани аломати бўлади. Ана шунгача шошилиб, ҳайзим тугади деб, ғусл қилмаслик ёки ҳайз ман қилган нарсаларни қилмай туриш керак.

«Кифоя» китобининг биринчи жузидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлни белга тираб намоз ўқишдан қайтардилар,. Бешовлари ривоят давоми...

3354 19:00 / 29.12.2022
. . . . . . . . . . . . . . . Бомдоддан олдин ва пешин, шом ҳамда хуфтондан кейин икки ракъат, шунингдек, давоми...

4515 19:00 / 16.02.2023
1. .Алмаворийс фишшарийъатил Исламийяти фий зовъил Қуръани вассуннати,.Бу китобнинг муаллифи машҳур олим Муҳаммад Али Собунийдир. Шайх Собуний бу китобини Маккаи давоми...

6128 14:00 / 07.07.2019
. . . . Одамдан, отдан ва ҳар бир гўштини еб бўладигандан ортиб қолган сув покдир. Йиртқич ҳайвонларники нажасдир. Мушук, қўйиб юборилган товуқ, йиртқич давоми...

5635 13:05 / 05.11.2020