Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 2 жумадул аввал | 2024 йил 03 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Қуёш чиққан куннинг энг яхшиси жума кунидир | Фиқҳ дарслари (252-дарс)

19:00 / 19.10.2023 1514 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Энди нима учун қуёш чиққан куннинг энг яхшиси жума куни эканини ҳадиси шарифда келган қуйидаги жумлалар ёрдамида ўрганиб чиқайлик:

1. «Унда Одам халқ қилинди».

Инсониятнинг асли ҳисобланмиш Одам алайҳиссаломни Аллоҳ таоло жума куни яратган. Бу эса ушбу кун қанчалик фазилатли кун эканини билдиради.

Ушбу ҳодисани тез-тез эслаб туриш учун жума куни ҳафтанинг байрам кунига айлантирилган.

2. «Унда у жаннатга киритилган».

Аллоҳ таоло Одам Атони жаннатга киритган кун ҳам жума куни. Демак, Одам алайҳиссалом жаннатдан ташқарида яратилганлар. У кишини улуғлаб, жаннатга киритилган кунни зурриётлари байрам қилишлари керак.

Шунинг учун жума куни ҳафтанинг байрам куни қилингандир.

3. «Унда у андан чиқарилди».

Яъни жума куни Одам алайҳиссалом жаннатдан чиқарилди. Бошқа бир ривоятда «Ерга туширилди», дейилган.

Бу ҳам улуғ неъмат. Чунки Одам алайҳиссалом жаннатда гуноҳ қилиб, ҳар қандай иқобга дучор бўлиш даражасига етган эди. Аллоҳ таоло эса уни мағфират қилиб, ерга Ўз халифаси қилиб туширди. Бу ҳам улкан неъматдир.

Шунинг учун ҳам Одам алайҳиссаломнинг зурриётлари бу кунни ҳафтанинг байрам куни қилишлари лозимдир.

4. «Қиёмат ҳам фақатгина жума куни қоим бўлур».

Ана ўшанда мўмин бандалар асосий мақсадларига эришадилар. Роббларининг жамолига мушарраф бўлиб, жаннатий неъматларга дохил бўладилар. Ана шундай буюк хурсандлик бўладиган бир кунни бу дунёда ҳафтанинг байрам куни қилиб олиш жуда ҳам зарур.

5. «Унда унинг тавбаси қабул қилинди».

Яъни жума куни Одам алайҳиссаломнинг тавбаси қабул қилинди. Тавбанинг қабул бўлиши улкан бахтдир. Тавба қабул қилинмаса, бахтсизлик бўларди. Иқобга қолинар эди.

Шунинг учун ҳам Одам алайҳиссаломнинг фарзандлари бу кунни ҳафталик байрам куни қилиб олишлари маъқул.

6. «Унда у вафот қилди».

Яъни жума кунида Одам алайҳиссалом вафот этдилар.

Имом Ҳоким келтирган ривоятда:

«Ўлим мўминларнинг туҳфасидир», дейилган.

Чунки ўлим ила мўминлар бу дунё ташвишларидан қутулиб, охират неъматларига эришадилар.

Шунинг учун ҳам Одам алайҳиссаломнинг зурриётлари бу кунни ҳафталик байрам куни қилишлари керак.

7. «Унда қиёмат қоим бўлур. Жума куни ҳамма жониворлар тонг отгандан то қуёш чиққунча (қиёмат) соатини қўрқинч ила кутиб турурлар. Фақат жин ва инс бундан мустасно».

Иккинчи жумладан қиёмат жума куни тонг отгандан то қуёш чиққунча бўлган муддатда қоим бўлишини билиб оламиз. Шунинг учун ҳар жума куни ўша вақтни ҳамма жониворлар, қиёмат қоим бўлиб қолармикан, деган қўрқинч ила ўтказар эканлар. Фақат одамлар ва жинлар ғафлат босиб, бу нарсани ҳис қилмас эканлар.

Демак, инсоният тарихида шундай муҳим ҳодисалар бўлиб ўтган ва бўладиган кунни улуғлаш, байрам қилиш, тўпланиб, ибодат, дуо ва илтижо билан ўтказиш жуда ҳам зарурдир.

Жума намози фарзи айндир. Унинг фарзлигини инкор қилган одам диндан чиқади. Жума намозининг фарзлигига далиллар кўп. Биз мисол учун фақат бир оят ва бир ҳадис келтирамиз.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳишом ибн Урвадан ривоят қилинади.Ибн Зубайр Маккадалигида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари қушларни қафасда кўтариб юришарди,. Шарҳ Демак, ушбу давоми...

3350 05:00 / 03.03.2017
Мусулмон озчиликлар икки қисмга бўлинадиБиринчи қисм мусулмон бўлмаган жамият халқидан бўла туриб Исломни қабул қилган кишилар жамоаси. Бунга Ғарб давоми...

4433 15:37 / 12.09.2019
1. Таҳийяти масжид намози. . . Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Қачон бирингиз масжидга кирса, давоми...

2255 19:00 / 30.03.2023
Имом Абу Зайд Даббусий .Илмул хилоф, илмининг асосчиси экани ҳақида аввал ишора қилиб ўтган эдик. Бу машҳур имомнинг ватандошлари у кишининг ишларини шараф билан давоми...

4489 21:10 / 27.03.2019