Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (165-дарс) Намознинг тартиблари

17:00 / 23.12.2021 4598 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Намознинг маълум ва машҳур тартибига риоя қилиш – бу улкан ибодатнинг вожиб амалларидан биридир. Қиём, қироат, рукуъ ва саждаларнинг тартиби вожиб, такбири таҳрима билан қаъдаи охирнинг тартиби фарздир.

Тартибнинг вожиблигига далил:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо намозни тартиб билан ўқиганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни нотўғри ўқиган одамга тартибга риоя этган ҳолда, намознинг амалларини жой-жойига қўйиб ўқишни таълим берганлар.

Қаъдаи аввал

«Қаъдаи аввал» икки ракатлидан кўп намозларда икки ракатни ўқиб, кейин ўтириб, ташаҳҳудни ўқишдир.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий равишда бу қаъдага ўтирганлари учун у вожибга айланган. Агар биров қаъдаи улаани эсидан чиқариб туриб кетса, тарки вожиб қилгани учун саҳв саждаси қилади.

Ташаҳҳуд

Ташаҳҳуднинг вожиблигига далил:

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كُنَّا نَقُولُ فِي الصَّلَاةِ خَلْفَ رَسُولِ اللهِ مصلى الله عليه وسل: السَّلَامُ عَلَى اللهِ، السَّلَامُ عَلَى فُلَانٍ، فَقَالَ لَنَا رَسُولُ اللهِ مصلى الله عليه وسل ذَاتَ يَوْمٍ: «إِنَّ اللهَ هُوَ السَّلَامُ، فَإِذَا قَعَدَ أَحَدُكُمْ فِي الصَّلَاةِ فَلْيَقُلِ: التَّحِيَّاتُ لِلَّهِ وَالصَّلَوَاتُ وَالطَّيِّبَاتُ، السَّلَامُ عَلَيْكَ أَيُّهَا النَّبِيُّ وَرَحْمَةُ اللهِ وَبَرَكَاتُهُ، السَّلَامُ عَلَيْنَا وَعَلَى عِبَادِ اللهِ الصَّالِحِينَ، فَإِذَا قَالَهَا أَصَابَتْ كُلَّ عَبْدٍ لِلَّهِ صَالِحٍ فِي السَّمَاءِ وَالْأَرْضِ، أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا عَبْدُهُ وَرَسُولُهُ، ثُمَّ يَتَخَيَّرُ مِنَ الْمَسْأَلَةِ مَا شَاءَ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларида намозда туриб, «Ас-салому алаллоҳи, ас-салому алалфулони (Аллоҳга салом, фалончи ва фалончига салом)», дер эдик. Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга:

«Албатта, Аллоҳнинг Ўзи Саломдир. Бас, қачон бирингиз намозда ўтирса:

«Ат-таҳиййаату лиллааҳи вас-солаваату ват-тоййибаату, ассалааму алайка аййуҳан-набиййу ва роҳматуллоҳи ва барокаатуҳу, ассалааму алайна ва алаа ибаадиллааҳис-солиҳийн – шуни айтса, осмону ердаги Аллоҳнинг барча бандаларига етади – Ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳ», десин. Сўнгра нимани хоҳласа, шуни сўрашни ихтиёр қилсин», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Жумҳур уламолари томонидан, жумладан, ҳанафий мазҳабида ҳам ташаҳҳудда ушбу сийғани ўқиш қабул қилинган.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: كَانَ رَسُولُ اللهِ مصلى الله عليه وسل يَفْتَتِحُ الصَّلَاةَ بِالتَّكْبِيرِ وَالْقِرَاءَةِ بِالْحَمْدُ لِلَّهِ رَبِّ الْعَالَمِينَ، وَكَانَ إِذَا رَكَعَ لَمْ يُشْخِصْ رَأْسَهُ وَلَمْ يُصَوِّبْهُ وَلَكِنْ بَيْنَ ذَلِكَ، وَكَانَ إِذَا رَفَعَ رَأْسَهُ مِنَ الرُّكُوعِ لَمْ يَسْجُدْ حَتَّى يَسْتَوِيَ قَائِمًا، وَكَانَ إِذَا رَفَعَ رَأْسَهُ مِنَ السُّجُودِ لَمْ يَسْجُدْ حَتَّى يَسْتَوِيَ قَاعِدًا، وَكَانَ يَقُولُ فِي كُلِّ رَكْعَتَيْنِ: «التَّحِيَّاتُ». وَكَانَ إِذَا جَلَسَ يَفْرِشُ رِجْلَهُ الْيُسْرَى وَيَنْصِبُ رِجْلَهُ الْيُمْنَى، وَكَانَ يَنْهَى عَنْ عَقِبِ الشَّيْطَانِ، وَعَنْ فَرْشَةِ السَّبُعِ، وَكَانَ يَخْتِمُ الصَّلَاةَ بِالتَّسْلِيمِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَمُسْلِمٌ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни такбир ва қироатни «Алҳамду лиллааҳи Роббил оламийн» билан очар эдилар. Рукуъ қилсалар, бошларини кўтариб ҳам, пастга тушириб ҳам юбормас, лекин ўртача тутар эдилар. Бошларини рукуъдан кўтарсалар, ғоз туриб олмагунларича сажда қилмас эдилар. Саждадан бошларини кўтарсалар, яхшилаб ўтириб олмагунларича яна сажда қилмас эдилар. Ҳар икки ракъатда «Ат-таҳиййаату»ни ўқир эдилар. Ўтирганларида чап оёқларига ўтирар ва ўнг оёқларини тик тутар эдилар. Шайтоннинг ақибидан ва йиртқичнинг ястанишидан наҳйи қилар эдилар. Намозни салом бериш билан тамомлар эдилар».

Абу Довуд ва Муслим ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифдаги «Ҳар икки ракъатда «Ат-таҳиййаату»ни ўқир эдилар» жумласи ҳозирги баҳсимиз учун керак.

Яъни, ўтириб, ташаҳҳуд ўқир эдилар. Агар намоз икки ракъатли бўлса, шу билан тамом бўлар эди. Уч ракъатли ёки тўрт ракъатли бўлса, бу биринчи ўтириш ҳисобланиб, учинчи ёки тўртинчи ракъатдан кейин яна охирги ўтиришга ўтириб, яна ташаҳҳуд ўқилади ва салом берилади.

Ташаҳҳудни араб тилида ўқиш шарт. Имкони бўлган киши ташаҳҳудни бошқа тилда ўқиши жоиз эмас. Билмаган одам ўрганиб олгунича ўз тилида ўқиса бўлади.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади Намозхоннинг бадани, кийими ва макони бетаҳоратлик ва ҳақиқий нажосатдан пок бўлиши... Бетаҳоратликдан давоми...

4872 17:30 / 09.09.2021
Жума, икки ийд намози, эҳром ва Арафа учун ғусл суннатдир.Поклик дини бўлган Ислом мусулмонларни фақат вожиб ғусллар билан кифояланиб қолмасдан, ғусл вожиб давоми...

4733 14:07 / 10.09.2020
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Аҳли фароизлар ўртасида молни Аллоҳнинг Китоби бўйича тақсим қилинглар,, давоми...

3652 21:24 / 05.01.2019
Қирқта қўй ёки эчкида битта. Бир юз йигирма биттада иккита. Икки юз биттада учта, тўрт юзтада тўртта. Сўнг ҳар юзтада битта. Қўйнинг сони қирқтага етганда нисобга давоми...

1862 19:00 / 15.08.2024