Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ 196-дарс. Аёлларнинг жамоат бўлишлари ҳақида

19:00 / 11.08.2022 7531 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аёлларнинг ўзлари жамоат бўлишлари ҳам (макруҳдир).

Яъни, аёлларнинг ўзлари жамоат бўлишлари ҳам макруҳ экан. Қадимги уламоларимиз бу гапни изоҳлаб: «Чунки аёлларнинг жамоатга тўпланишлари турли ноқулайликлар келиб чиқишига сабаб бўлади», деганлар.

Агар шундай қилсалар, имомлари ўрталарида туради.

Агар аёллар намозни жамоат бўлиб ўқишса, имомлари олдинга чиқмасдан, биринчи қаторнинг ўртасида, бир сафда туради. Ана шунда уларнинг имоми учун ҳам сатрлироқ бўлади.

Ёш аёлнинг барча жамоатга, шунингдек, кампирнинг пешин ва асрга ҳозир бўлиши ҳам (макруҳдир).

Чунки ёш аёл-қизларнинг масжидга қатнашлари фитнага сабаб бўлиши мумкин. Қариб қолган кампирларда фитна эҳтимоли йўқ. Кейинги давр уламолари: «Кампирлар ҳам жамоатга бормаганлари маъқул», деганлар.

Бу қавлнинг далили қуйидаги ривоятдир:

Молик Яҳё ибн Саъиддан хабар қилади, у Амрадан, у Оиша розияллоҳу анҳодан:

«Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллар пайдо қилган нарсани (зийнатларни) кўрганларида эди, уларни Бану Исроил аёллари қайтарилгани каби (масжиддан) қайтарган бўлардилар».

(Яҳё бундай дейди) «Мен Амрадан: «Улар қайтарилганмиди?» деб сўрасам, «Ҳа» деди».

Учовлари ривоят қилишган.

Таҳоратли таяммумлига, ювган масҳ қилганга, тик турган ўтирганга, имо қилувчи имо қилувчига ва нафл ўқувчи фарз ўқувчига иқтидо қилаверади.

Таҳоратли таяммумлига иқтидо қилиши жоизлиги қуйидаги ривоятга биноандир:

Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Зотус Салосил ғазотида совуқ кечада эҳтилом бўлиб қолдим. Fусл қилсам ҳалок бўламан, деб қўрқиб, таяммум қилдим. Сўнгра шерикларимга бомдод намозини ўқиб бердим. Улар буни Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга зикр қилдилар. Ул зот:

«Эй Амр, жунуб бўлиб туриб, шерикларингга намозга ўтдингми?» дедилар.

Мен у кишига ўзимни ғусл қилишдан ман қилган нарсанинг хабарини бердим ва:

«Аллоҳнинг «Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ сизларга ўта раҳмлидир», деганини эшитганман», дедим.

Бас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кулдилар ва бирор нарса демадилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

Ювган масҳ қилганга иқтидо қилиши жоизлиги махсига ёки жавробга тортилган масҳ худди ювилган каби эканлигидандир.

Тик турган ўтирганга иқтидо қилиши жоизлиги, ўтириб имом бўлган рукуъ ва саждага қодир бўлиши шарти биландир.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Намозни жамоатда ўқиш суннати муаккада эканига далиллар . ,. . . ,. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

3569 19:00 / 28.07.2022
Мерос илмида .авл, тушунчаси ўзига хос аҳамиятга эга..Авл, сўзи луғатда .ҳаддан ошиш, маъносини англатади.Мерос илми истилоҳида .авл, сўзи мерос тақсимланганда ҳақ давоми...

2288 10:30 / 27.04.2020
биринчи мақола . Ҳайзнинг озидан кам бўлган ёки дастлаб ҳайз кўрувчининг ҳайзидан зиёда бўлган ndash у ўн кундир, ndash ёки дастлаб нифос кўрувчининг давоми...

4421 13:30 / 25.02.2021
.Ҳажб, луғатда .тўсиш,, .ман қилиш, ва .маҳрум қилиш, деган маъноларни англатади.Мерос бобида ўзгани меросдан тўсувчи .ҳожиб,, меросдан маҳрум бўлган эса .маҳжуб, деб давоми...

4612 20:05 / 24.09.2019