Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Сафар аслий ватанни ботил қилмайди | Фиқҳ дарслари (248-дарс)

19:00 / 21.09.2023 1033 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фарз қилинган вақтда намоз ўқиётган муқим одамга мусофир иқтидо қилса, у ҳам имомга ўхшаб тўлиқ намоз ўқийверади. Мазкур мусофирнинг фарзи ҳам имомга эргашгани учун тўрт ракъатга айланади. Шунинг учун ҳам мабодо имом унутиб, биринчи икки ракъатдан кейин ўтирмаса ҳам, мусофирнинг намози бўлаверади.

Бу ҳукмнинг далили қуйидагича:

عَنْ نَافِعٍ: فَكَانَ ابْنُ عُمَرَ إِذَا صَلَّى مَعَ الْإِمَامِ صَلَّى أَرْبَعًا، وَإِذَا صَلَّاهَا وَحْدَهُ صَلَّى رَكْعَتَيْنِ. رَوَاهُ مُسْلِمٌ.

Нофеъдан ривоят қилинади:

«Ибн Умар имом билан ўқиса, тўрт ракъат, ўзи ёлғиз ўқиса, икки ракъат ўқир эди».

Имом Муслим ривоят қилган.

Вақт ўтгандан кейин муқим мусофирга имом бўлмайди. Агар у имом бўлса, анинг иқтидоси ботил бўлади.

Агар такбири таҳримани айтиш учун вақт қолган бўлса ҳам, иқтидо қилса бўлади. Аммо вақт чиқиши билан мусофир муқимга иқтидо қилиши мумкин эмас.

Агар вақт ўтгандан кейин муқим мусофирга имом бўлса, мусофирнинг иқтидоси ботил бўлади.

Акси бўлганда, муқим тамомлаб олади.

Яъни мусофир имом бўлиб, муқим муқтадий бўлганда, имом салом бериши билан муқтадий туриб, қолган икки ракъатни ўзи ўқиб, намозини тугал қилади.

Мусофир имом бўлса, қаср қилади ва «Намозингизни тугатиб олинг, мен мусофирман», деб айтиши мандуб бўлади.

عَنْ عِمْرَانَ بْنِ حُصَيْنٍ قَالَ: غَزَوْتُ مَعَ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ ، وَشَهِدْتُ مَعَهُ الْفَتْحَ، فَأَقَامَ بِمَكَّةَ ثَمَانِي عَشْرَةَ لَيْلَةً لَا يُصَلِّي إِلَّا رَكْعَتَيْنِ وَيَقُولُ: «يَا أَهْلَ مَكَّةَ صَلُّوا أَرْبَعًا فَإِنَّا سَفْرٌ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ғазотда бўлдим. У зот билан Фатҳда ҳозир бўлдим. У зот Маккада ўн саккиз кеча намозни фақат икки ракъатдан ўқиб турдилар. «Эй Макка аҳли, тўрт ракъат ўқинглар, биз мусофирмиз», дер эдилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Аслий ватанни унинг мисли ботил қилади, сафар эмас.

«Аслий ватан» деганда туғилиб ўсган ва умрининг охиригача яшашни ният қилган ёки ўзига ватан тутиб, умрининг охиригача ўша ерда яшашни ният қилган юрт англанади. Бунда мазкур жойда оила қуриши шарт эмас.

Аввал бир ерда аслий ватани бўлса, кейин бошқа ерга кўчиб бориб, ўша ерни ватан тутса, ўша кейинги аслий ватани аввалгисини ботил қилади. Бошқача қилиб айтганда, кейинги ватанидан аввалгисига сафар қилиб келса, мусофир саналаверади.

Бунга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари мисол. Ул зотнинг аслий ватанлари Макка бўлган. Ҳижратдан кейин эса Мадина у зотга аслий ватан бўлди. Ҳижратдан кейин Мадинадан Маккага келганларида аслий ватан – Мадина ўзининг мисли – Маккани ботил қилди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Маккада намозни қаср ўқидилар.

Бу ҳол аввалги ватанда аҳл, жуфти ҳалол, бола, зироат ва шу каби бошқа боғловчи нарсалар қолмаган бўлса, тўғри бўлади.

Агар мазкур нарсалардан бирортаси бўлса, у ўн беш кундан кўп туришни ният қилмаса ҳам, намозини тўлиқ ўқийверади. Икки ватан унинг учун бир хил ҳукмга эга бўлади.

Сафар аслий ватанни ботил қилмайди. Мусофир аслий ватанига кириши билан муқим бўлиб қолаверади. У намозни дарҳол тўлиқ ўқишга ўтади.

Иқома ватанини унинг мисли, сафар ва аслий ватан ботил қилади.

Иқома ватани – вақтинчалик яшаш макони. Унда мусофирнинг аҳли бўлмайди, ҳамда у бу ерда ўн беш кун ва ундан кўп яшашни ният қилган бўлади.

Ана шундай иқома ватанини ўзига ўхшаш бошқа иқома ватани ботил қилади. Яъни киши эски иқома ватанидан янги иқома ватанига ўтса, эскисига оид ҳамма ҳукмлар ўз кучини йўқотади.

Шунингдек, сафар бошланиши билан ҳам иқома ватанига оид ҳукмлар ўз кучини йўқотади. Чунки сафар иқома ватанини бузади.

Аслий ватан иқома ватанини бузиши турган гап. Чунки аслий ватан иқома ватанидан кучлидир.

 

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар ва икки жавробларига ҳамда кавушларига масҳ давоми...

2666 13:00 / 07.01.2021
биринчи мақолаБизда таҳоратни бузувчи нарсаларни .Таҳоратни синдирувчилар, ҳам дейилади. .Мухтасар,нинг соҳиби қуйидаги нарсаларни .Таҳоратни бузувчи, деб атайди давоми...

4477 13:00 / 30.07.2020
Авл бўладиган масалаларАсли олти улушдан иборат бўлган масалаларга мисолларndash Эркак кишининг ортидан момоси, она бир сингshyлиси, туғишган синглиси ва ота бир давоми...

1548 11:03 / 11.05.2020
1961 йилда Миср Араб Жумҳуриятидаги Вақф вазирлиги томонидан чиқарилиши бошланган жамоавий муаллифлар асари .Мавсуъатул фиқҳил Исламий, деб аталди. Унинг .алиф, давоми...

1700 16:45 / 03.10.2019