1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Ҳазрати Абу Бакрнинг мерос масаласида тутган йўллари

15:30 / 30.03.2020 2764 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Фотима ва Аббос розияллоҳу анҳумо Абу Бакрнинг ҳузурига келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган меросларини сўрадилар. Фадакдаги ерларини ва Хайбардаги улушларини талаб қилдилар. Шунда Абу Бакр икковларига:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Биз мерос қолдирмаймиз, қолдирган нарсамиз садақадир. Албатта, Оли Муҳаммад ушбу молдан ейди», деганларини эшитганман. Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг (қайси) бир ишни қилганларини кўрган бўлсам, ҳеч бирини қўймай қиламан», деди.

Шу туфайли Фотима ундан аразлади ва то вафот этгунча гаплашмади».

Бошқа бир ривоятда:

«Менинг меросхўрларим бир динорни ҳам бўлиб олмайдилар. Аёлларим нафақаси ва омилимнинг таъминотидан кейин нима қолдирган бўлсам, садақадир», дейилган.

Бешовлари ривоят қилганлар. Аллоҳ таоло олий ва билгувчироқдир.

Фотима онамиз ва Аббос розияллоҳу анҳумо Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан кейин қолган моллари мерос бўлмаслиги ҳақидаги ҳадисни эшитмаган эдилар. Шунинг учун қиз ва амаки сифатида мерос талаб қилиб, Ҳазрати Абу Бакрнинг ҳузурларига келишган ва у кишидан халифа сифатида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг номларидаги ерларни мерос сифатида ўзларига бўлиб беришларини сўрашган. Фотима онамиз ёлғиз қиз бўлганлари учун ярим меросни, ҳазрати Аббос эса асаба сифатида ўз улушларини олмоқчи бўлганлар.

Аммо Ҳазрати Абу Бакр у зотнинг мулклари мерос бўлмаслигини ўзларининг муборак оғизларидан эшитган эдилар. Ҳазрати Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир гапларини қаттиқ тасдиқ қилганликлари учун ҳам Сиддиқ деган номни олганлар. У киши у зотнинг ишларига озгина бўлса ҳам хилоф қилишни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Бу иш юзасидан муросасозлик ҳам қилмайдилар. Шунинг учун ҳам мерос талаб қилганларга гапнинг очиғини айтдилар.

Фотима онамиз бу тасарруфдан хафа бўлиб, ўзлари вафот этгунларича Ҳазрати Абу Бакрга гапирмай, ўтиб кетдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги ривоят шарҳида зикр қилинганидек, ўзларига тегишли ерларни вақф қилиб қўйган эдилар. Бу вақфдан у зотнинг завжалари – оналаримизнинг нафақалари ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг омилларининг ўрнига тайинланган закот йиғувчи бўлган кишининг нафақаси олинар, ортгани эса садақа қилинарди.

Бошқа Пайғамбар алайҳимуссаломлар ҳам шу тариқа ўзларидан мерос қолдирмаганлар. Барча пайғамбарларнинг вафотларидан кейин улардан қолган тарика садақа ҳисобланган.

Пайғамбарлардан мерос қолмайдиган бўлишининг ҳикмати – бирорта одам улардан қолган меросни олиш мақсадида уларнинг ўлимини тиламаслигидир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Кўчилик орасида айнан хамрrdquo сўзининг нотўғри талқин қилиниши натижасида турли хато фикрмулоҳазалар ва тушунмовчиликлар келиб чиққан. Ҳатто баъзилар Қуръони давоми...

10587 05:00 / 04.03.2017
иккинчи мақола2. Йиртқич ҳайвонларники нажасдир.Шер, қоплон, йўлбарс, бўри, тулки, чиябўри, ит, чўчқа, фил, маймун каби ҳайвонлардан ортиб қолган сув ва бошқа давоми...

4952 13:00 / 12.11.2020
Агар беморлик туфайли тик туриб намоз ўқиш имкони бўлмаса ёки тик турса беморлиги зиёда бўлиш хавфи бўлса, тузалиши орқага сурилса, тик турганда шиддатли алам давоми...

4025 19:00 / 25.08.2023
. ,. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон хутба қилсалар, икки кўзлари қизариб, овозлари олий ва давоми...

3128 19:00 / 17.11.2023