Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (236-дарс) Муъоз сизга бир суннат қилди

19:00 / 22.06.2023 1389 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ مُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: وَكَانُوا يَأْتُونَ الصَّلَاةَ وَقَدْ سَبَقَهُمْ بِبَعْضِهَا النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ: فَكَانَ الرَّجُلُ يُشِيرُ إِلَى الرَّجُلِ إِنْ جَاءَ كَمْ صَلَّى؟ فَيَقُولُ: وَاحِدَةً أَوْ اثْنَتَيْنِ، فَيُصَلِّيهَا ثُمَّ يَدْخُلُ مَعَ الْقَوْمِ فِي صَلَاتِهِمْ. قَالَ: فَجَاءَ مُعَاذٌ فَقَالَ: لَا أَجِدُهُ عَلَى حَالٍ أَبَدًا إِلَّا كُنْتُ عَلَيْهَا، ثُمَّ قَضَيْتُ مَا سَبَقَنِي. قَالَ: فَجَاءَ وَقَدْ سَبَقَهُ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِبَعْضِهَا، قَالَ: فَثَبَتَ مَعَهُ، فَلَمَّا قَضَى رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلَاتَهُ، قَامَ فَقَضَى، فَقَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّهُ قَدْ سَنَّ لَكُمْ مُعَاذٌ، فَهَكَذَا فَاصْنَعُوا. رَوَاهُ أَحْمَدُ.

Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Улар намозга келганларида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намознинг бир қисмини ўқиб бўлган бўлсалар, бир киши бошқасидан ишора билан «Бир ракъат ўтдими, икки ракъатми?» деб сўрарди. Кейин ўша ўтганини ўқиб олиб, қавмнинг намозига қўшилар эди. Бир куни Муъоз келди ва: «У зотни қайси ҳолда топсам, ўша ҳолга қўшиламан, ета олмаганимни кейин қўшаман», деди. У келганда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам намознинг бир қисмини ўқиб бўлган эдилар. Шунда у зот билан бирга турди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни тугатганларидан кейин туриб, қолганини ўқиди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Батаҳқиқ, Муъоз сизга бир суннат қилди. Сиз ҳам шундай қилинг», дедилар».

Имом Аҳмад ривоят қилган.

Агар масбуқ имом билан саждаи саҳвни қилмаган бўлса, намозининг охирида ўзи саждаи саҳв қилади.

Агар имом аввалги қаъдага ўтирмай туриб кетса, ўтиришга яқин ҳолдан қайтиб ўтиради, ташаҳҳудни ўқийди ва унутган бўлмайди.

Имом қаъдаи аввалда ўтирмай, туриб кетди. Тураётганида эсига келиб қолди ёки қавм такбир айтиб, унга эслатди. Шунда у ўзининг ҳолига қарайди. Агар ҳоли ўтиришга яқин бўлса, қайтиб ўтиради ва ташаҳҳудни ўқиб, намозини давом эттиради. Бу ҳолда у унутган бўлмайди ва саждаи саҳв қилмайди.

رَوَى الْمُغِيرَةُ بْنُ شُعْبَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إذَا قَامَ أَحَدُكُمْ مِنْ الرَّكْعَتَيْنِ فَلَمْ يَسْتَتِمَّ قَائِمًا فَلْيَجْلِسْ، فَإِنْ اسْتَتَمَّ قَائِمًا فَلَا يَجْلِسُ وَيَسْجُدُ سَجْدَتَيْنِ.

Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳу ривоят қилади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бирингиз икки ракъатдан кейин тик турмаган бўлса, ўтирсин ва унга саждаи саҳв йўқдир. Агар тик турган бўлса, намозни ўқийверсин ва икки марта саждаи саҳв қилсин», дедилар».

Ўтиришга яқин бўлмаган ҳолда бўлса, туради ва саждаи саҳв қилади.

Чунки у маънан ҳам, жисман ҳам тик туриб бўлган бўлади. Энди қайтиб ўтириши мумкин эмас. Агар тик турган одам қайтиб ўтирса, намози бузилади. Чунки у фарз бўлган қиём амалидан фарз бўлмаган қаъдаи аввалга қайтган бўлади.

عَنْ زِيَادِ بْنِ عِلَاقَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: صَلَّى بِنَا الْمُغِيرَةُ، فَلَمَّا صَلَّى رَكْعَتَيْنِ قَامَ وَلَمْ يَجْلِسْ، فَسَبَّحَ بِهِ مَنْ خَلْفَهُ، فَأَشَارَ إِلَيْهِمْ أَنْ قُومُوا، فَلَمَّا فَرَغَ مِنْ صَلَاتِهِ سَلَّمَ وَسَجَدَ سَجْدَتَيِ السَّهْوِ وَسَلَّمَ، وَقَالَ: هَكَذَا صَنَعَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.

Зиёд ибн Илоқа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Муғийра бизга намозга ўтди. Икки ракъат ўқиганидан кейин ўтирмай, туриб кетди. Бас, орқасида турганлар тасбеҳ айтдилар. У эса уларга «Туринглар», деб ишора қилди. Намоздан фориғ бўлгач, салом бериб, икки саҳв саждасини қилди ва:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлар», деди».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

Тик туриб қолган одам намозини давом эттиради ва тарки вожиб қилгани учун саждаи саҳв қилади.

عَنِ الْمُغِيرَةِ بْنِ شُعْبَةَ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: إِذَا قَامَ الْإِمَامُ فِي الرَّكْعَتَيْنِ، فَإِنْ ذَكَرَ قَبْلَ أَنْ يَسْتَوِيَ قَائِمًا فَلْيَجْلِسْ، فَإِنْ اسْتَوَى قَائِمًا فَلَا يَجْلِسْ، وَيَسْجُدْ سَجْدَتَيِ السَّهْوِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ.

Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон имом икки ракъатдан кейин турганда, тик туришидан олдин эслаб қолса, ўтиради. Агар тик туриб қолса, ўтирмайди ва икки марта саждаи саҳв қилади», дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ بُحَيْنَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ أَنَّهُ قَالَ: إِنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَامَ مِنِ اثْنَتَيْنِ مِنَ الظُّهْرِ لَمْ يَجْلِسْ بَيْنَهُمَا، فَلَمَّا قَضَى صَلَاتَهُ سَجَدَ سَجْدَتَيْنِ ثُمَّ سَلَّمَ بَعْدَ ذَلِكَ، وَسَجَدَهُمَا النَّاسُ مَعَهُ مَكَانَ مَا نَسِيَ مِنَ الْجُلُوسِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Абдуллоҳ ибн Буҳайна розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пешинни ўқиётиб, икки ракъатни ўқиганларидан кейин ўтирмай, туриб кетдилар. Намозни тамомлаганларидан сўнг икки марта сажда қилдилар. Ундан кейин салом бердилар. У икки саждани у зот билан одамлар ҳам қилдилар. Бу унутган ўтиришлари ўрнига эди».

Бешовлари ривоят қилишган.

Агар намозхон қаъдаи охирга ўтирмай туриб кетса, модомики, сажда қилмаган бўлса, қайтиб ўтиради ва саждаи саҳв қилади.

Чунки у фарз амал бўлган қаъдаи охирни кечга сурди.

Агар сажда қилган бўлса, фарзи нафлга айланади ва агар истаса, олтинчи ракъатни қўшади.

Бешинчи ракъатнинг саждасини қилиши билан фарз намози нафлга айланади. Беш ракъатли намоз бўлмагани учун олтинчи ракъатни ҳам ўқиб қўйса, олти ракъатли нафл ўқиган бўлади. Фарзни бошқатдан ўқийди.

Агар намозхон қаъдаи охирга ўтирганидан кейин унутиб туриб кетса, модомики, сажда қилмаган бўлса, қайтиб ўтириб, салом беради.

Чунки тик турган ҳолда салом бериб бўлмайди. Бунда саждаи саҳф қилмайди.

Агар сажда қилган бўлса, фарзи тамом бўлади ва олтинчи ракъатни қўшади ҳамда саждаи саҳв қилади.

Чунки унинг учун намозидан салом беришдан бошқа нарса қолмаган эди. Саждаи саҳвни қилиши нафлни одатдагидек бошламагани учун бўлади. Ўша ортиқча намоз унинг учун

Икки ракъат нафл бўлади. Улар пешиннинг суннати ўрнига ўтмайди.

Яъни ўша икки ракъат ортиқча намоз пешиннинг фарзидан кейинги икки ракъат суннати ўрнига ўтмайди. Уларни алоҳида ўқийди.

Ким унга ўша икки ракъатда иқтидо қилса, иккисини ўқийди.

Ким намозга кейин келиб қўшилиб, имомга ўша икки зиёда ракъатда иқтидо қилса, фақат уларнигина ўқийди. Аввал ўтган ракъатларни ўқиб, тўлдирмайди.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
3. Асрнинг вақти ўшандан қуёш ботгунча. Аср намози вақтининг кириши ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлгандан то қуёш ботгунча. Бу ҳукмнинг далили ҳам давоми...

2656 16:00 / 27.05.2021
Жунуб ва нифосли шахс каби, ҳайзли шахс ҳам, кичик бетаҳоратга хилоф ўлароқ, қироат қилмайди. Яъни, жунуб, нифосли ва ҳайзли шахслар Қуръон қироат қилишлари мумкин давоми...

2348 13:00 / 11.02.2021
Замон ўтиши билан эски китобларни тушуниш қийинлашиб борди. Бунга бир қанча сабаблар бор. Жумладан, одамларнинг диний билим савияси пасайгани, тилда юз берган давоми...

4085 18:30 / 21.06.2019
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади..Аллоҳ таолонинг .Аллоҳнинг исми зикр қилинган нарсадан енглар, ва .Аллоҳнинг исми зикр қилинмаган нарсаларни давоми...

3143 05:00 / 18.01.2017