Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 8 жумадул аввал | 2024 йил 10 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (63-дарс). Умумий фиқҳий истилоҳлар

16:05 / 12.12.2019 3474 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бошқа илмлардаги каби, фиқҳ илмида ҳам ўзига хос истилоҳлар бор. Мазкур истилоҳларни яхшилаб тушуниб олиш кишига фиқҳни англаб етишда катта ёрдам беради. Қуйида ўша истилоҳларнинг баъзилари билан танишамиз.

1. Фарз.

Шариат қилишни жазм ила, шубҳасиз қатъий далил билан талаб қилган иш фарздир. Бунга қуйидаги мисолларни келтириш мумкин:

Қуръони Карим ила собит бўлган фарз амалга Исломнинг беш рукнига ўхшаш амаллар киради.

Мутавотир ва машҳур суннат ила собит бўлган фарзга намозда қироат қилишни кўрсатиш мумкин.

Ижмоъ ила собит бўлган фарзга тўрт хил таом – буғдой, арпа, хурмо ва тузларнинг баъзиларини баъзиларига насияга сотиш ҳаромлиги мисол бўлади.

Фарз амални қилиш лозим ва лобуддир. Уни қилган одам савоб олади. Фарзни қилмаган одам осий бўлиб, иқобга қолади. Фарзни инкор қилган кимса кофир бўлади.

2. Вожиб.

Шариат қилишни жазм ила, аммо қатъий бўлмаган далил билан талаб қилган амалдир. Фитр садақаси, Витр намози ва икки ийд намозлари вожиб амаллардир.

Вожиб амални қилиш лозим ва лобуддир. Уни қилган одам савоб олади. Лекин вожибнинг савоби фарзникидан озроқ бўлади. Вожиб амални қилмаган одам осий бўлиб, иқобга қолади. Лекин унинг иқоби фарзни қилмаганнинг иқобидан озроқ бўлади. Вожибни инкор қилган киши кофир бўлмайди.

Ҳанафий мазҳабидан бошқа мазҳаблар фарз ва вожибни бир нарса деб тушунадилар ва иккисини қўшиб, «вожиб» деб атайдилар. Аммо ҳанафий мазҳаби имомлари юқоридаги дақиқ фарқни эътиборга олиб, иккисини алоҳида ҳукмлар деб биладилар.

3. Суннат.

Шариат қилишни жазм бўлмаган ҳолда талаб қилган, уни қилган одам савоб олиб, қилмаган мазаммат қилинмайдиган амал «суннат» дейилади.

Қарз олди-бердисини васийқа сифатида ёзиб қўйиш ҳақидаги ҳукм бунга мисол бўла олади.

Суннат амални қилган одам савоб олади. Уни тарк қилган одам иқоб қилинмайди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маломатларига ва итобларига қолиши мумкин.

Ҳанафийлардан бошқалар суннатни «мандуб», «нафл», «мустаҳаб», «татоввуъ», «эҳсон» ва «ҳасан» каби номлар билан ҳам атайдилар.

Ҳанафийлар эса: суннат билан мандуб ва мустаҳабнинг орасида фарқ бор, дейдилар.

Суннат таъкидланган амал бўлиб, Қуръонда буюрилмаган, аммо уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий равишда қилиб юрганлар ва аҳёндагина узрсиз тарк қилганлар.

Мандуб ёки мустаҳаб бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимий қилмаган амаллардир.

Ҳанафийлар суннатни бир неча турга тақсимлайдилар:

1. Суннати муаккада: жамоат намозига ўхшаш амаллар.

2. Суннати машруъа: душанба ва пайшанба кунлари рўзасини тутишга ўхшаш амаллар.

3. Суннати зоида: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг емоқ-ичмоқлари, кийинишлари, юришлари ва ухлашларига эргашишга ўхшаш ишлар.

4. Ҳаром.

Шариат тарк қилишни шубҳасиз қатъий далилга суяниб, жазм ила талаб қилган нарса ҳаромдир.

Одам ўлдириш, ароқ ичиш, зино ва ўғрилик қилиш кабилар.

Ҳаромдан четда бўлиш фарздир.

Уни қилган одам уқубатга сазовор бўлади.

Ҳаром «маъсият», «гуноҳ» каби исмлар билан ҳам аталади.

Ҳаромни инкор қилган одам кофир бўлади.

5. Макруҳи таҳримий (ҳаром ҳисобланадиган макруҳ).

Шариат (оҳод хабарлар асосида) қатъий бўлмаган далил билан тарк қилишни жазм ила талаб қилган нарса «макруҳи таҳримий» бўлади. Бунга бировнинг савдоси устига савдо қилиш ёки совчилиги устига совчилик қилиш, эркакларнинг ипак кийим кийиши ёки тилла тақинчоқ тақиши каби ишлар мисол бўлади.

Ҳанафийларда макруҳи таҳримий қисқа қилиб «макруҳ» деб қўйилади. Уларнинг наздида макруҳи таҳримий ҳаромга жуда яқин нарса ҳисобланади. Аммо уни инкор қилган киши кофир бўлмайди.

6. Макруҳи танзиҳий (озодалик макруҳи).

Шариат тарк қилишни жазм бўлмаган ва уқубат тайин қилмаган ҳолда талаб қилган нарса макруҳи танзиҳийдир. Бунга мушук ва йиртқич қушлар теккан сувдан таҳорат қилиш, суннати муаккада ишларни тарк қилиш кабилар мисол бўлади.

Макруҳи танзиҳийни тарк қилган одам савоб олади. Уни қилган одам иқобга учрамаса ҳам, маломатга қолади.

7. Мубоҳ.

Шариат томонидан мукаллаф кишига қилиш ёки қилмаслик ихтиёри тенг берилган нарса мубоҳдир. Мисол учун, ейиш, ичиш ва ҳоказо. Ҳаромлиги ёки ман қилингани ҳақида ҳукм келмаган барча нарсалар мубоҳдир.

Мубоҳ нарсани қилганга ҳам, қилмаганга ҳам савоб ҳам, итоб ҳам йўқ. Аммо мубоҳ нарсани қилмаслик ҳалокатга олиб борадиган бўлса, уни қилиш вожибга айланади. Мисол учун, таом емаслик ўлимга сабаб бўладиган бўлса, уни ейиш вожибга айланади.

8. Шарт.

Бир нарсанинг вужудга келиши унга боғлиқ бўлган ва ўзи ўшандан ташқарида бўлган нарса «шарт»дир. Мисол учун, таҳорат намознинг шартларидан биридир. Таҳорат бўлмаса, намоз вужудга келмайди. Аммо таҳорат намоздан ташқарида қилинади.

9. Рукн.

Бир нарсанинг вужудга келиши унга боғлиқ бўлган ва ўзи ўшандан бир бўлак бўлган нарсадир. Мисол учун, сажда намознинг рукнларидан биридир. Сажда бўлмаса, намоз вужудга келмайди. Шу билан бирга, сажда намознинг бир бўлаги бўлгани учун унинг ичида қилинади.

10. Адо.

Қилиниши лозим бўлган нарсани шариатда белгиланган вақтда қилиш «адо» дейилади.

11. Қайта қилиш.

Қилиниши лозим бўлган нарсани белгиланган вақт ичида иккинчи марта қилишга «қайта қилиш» дейилади.

12. Қазо.

Қилиниши лозим нарсани белгиланган вақтидан кейин қилиш «қазо» дейилади.

Имом Бухорий ва имом Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким намозидан ухлаб қолса ёки уни эсидан чиқариб қўйган бўлса, эслаганда уни ўқиб олсин. Унинг бундан бошқа каффороти йўқдир», деганлар.

Ухлаб қолган ва эсдан чиқарган одамга дангасалик туфайли ёки қасд ила намозни тарк қилган одам қиёс қилинади. Чунки намознинг фарзлиги ҳар доим зиммада бордир. Фарз амални бажармагунча, зиммадан тушмайди.

«Фиқҳий йўналишлар ва китоблар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . . . . . . Киши фарз намозни бошлаганидан кейин ўша намозга иқома айтиб қолинса, агар биринчи ракъатга сажда давоми...

2042 19:00 / 12.05.2023
Муаммога кириш Бугунги кунда исломий муҳит яхшиланиб, одамларнинг ўз динини билишга, диний манбалардан хабардор бўлишга қизиқишлари ортиб бораяпти. Одамлар давоми...

3447 05:00 / 19.01.2017
.Васий, етим болаларга қараб, уларнинг молмулкларини тасарруф қилиб туриш топширилган кишидир.Васийни отанинг ўзи ўлими олдидан васият йўли билан, давоми...

1634 11:05 / 03.08.2020
Мусулмон озчиликлар икки қисмга бўлинадиБиринчи қисм мусулмон бўлмаган жамият халқидан бўла туриб Исломни қабул қилган кишилар жамоаси. Бунга Ғарб давоми...

4445 15:37 / 12.09.2019