Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 19 муҳаррам | 2025 йил 14 июль, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фитрнинг вожиб бўлиш шартлари | Фиқҳ дарслари (329-дарс)

19:00 / 22 май 493 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

وَتَجِبُ عَلَى حُرٍّ مُسْلِمٍ لَهُ نِصَابُ الزَّكَاةِ وَإِنْ لَمْ يَنْمُ، وَبِهِ تَحْرُمُ الصَّدَقَةُ. وَتَجِبُ الْأُضْحِيَةُ وَنَفَقَةُ الْقَرِيبِ لِنَفْسِهِ وَطِفْلِهِ فَقِيرًا، وَخَادِمِهِ مِلْكًا وَلَوْ مُدَبَّرًا أَوْ أُمَّ وَلَدٍ أَوْ كَافِرًا، لَا لِزَوْجَتِهِ وَوَلَدِهِ الْكَبِيرِ وَطِفْلِهِ الْغَنِيِّ، بَلْ مِنْ مَالِهِ وَمُكَاتَبِهِ وَعَبْدِهِ لِلتِّجَارَةِ، وَعَبْدٍ لَهُ أَبَقَ إِلَّا بَعْدَ عَوْدِهِ، وَعَبْدٍ مُشْتَرَكٍ. وَكَذَا الْعَبِيدِ مُشْتَرَكَةً خِلَافًا لَهُمَا.

وَتَجِبُ بِطُلُوعِ فَجْرِ الْفِطْرِ. وَجَازَ تَقْدِيمُهَا. وَلَا تَسْقُطُ إِنْ أَخَّرَ.

Садақаи фитр ҳур, мусулмон ва ўсмаса ҳам закот нисоби(га етган моли) бор одамга вожиб бўлади. Ўша (ўсмас) нисоб ила унга садақа олиш ҳаром бўлади ва қурбонлик ҳамда яқинларига нафақа бериш вожиб бўлади. У садақаи фитрни ўзидан, фақир бўлгани учун ёш боласидан, мулки бўлгани учун ходимидан, агар у мудаббар, умму валад ёки кофир бўлса ҳам, беради. Киши хотини, катта боласи, бой бўлган ёш боласи номидан садақаи фитр бермайди. Балки бой бўлган ёш болага ўзининг молидан берилади. Шунингдек, биров ўзининг мукотаби, тижорат учун ушлаб турган қули, қочиб кетган қули, (илло, у қайтганидан сўнг,) шериклик қули ва шериклик қуллар номидан Муҳаммад ва Абу Юсуфга хилоф равишда, садақаи фитр бермайди.

Садақаи фитрни бериш ийди Фитрнинг тонги отиши билан вожиб бўлади. Уни олдиндан бериш жоиз. Кейинга қолса ҳам, вожиблиги соқит бўлмайди.

Энди «Мухтасари Виқоя»да келган матннинг ҳар бир жумласини шарҳ қилишга ўтамиз.

Садақаи фитр ҳур, мусулмон ва ўсмаса ҳам, закот нисобига молик бўлган одамга вожиб бўлади.

Бир кишининг нисобга етган моли бўлиб, у ўсадиган бўлса, закот берар эди. Аммо садақаи фитрда молнинг ўсиши шарт эмас. Нисобга етса, бўлди. Ўсмаса ҳам садақаи фитр бериши вожиб бўлаверади. Чунки фитр садақаси бериш имкони бор одамга вожиб қилинган.

Ўша (ўсмас) нисоб ила унга садақа олиш ҳаром бўлади ва қурбонлик ҳамда яқинларига нафақа бериш вожиб бўлади.

Кишининг мол-мулки кўпайиб, нисобга етгач, у бойга айланади. Бой одамга ўзига яраша молиявий вазифалар юкланади. Унинг закот ва садақа олиши ҳаром бўлади. Бой кишига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Бой одам учун ўзининг яқин қариндошларининг нафақаси ҳам вожиб бўлади. Яна унинг зиммасига садақаи фитр бериш ҳам вожиб бўлади.

У садақаи фитрни ўзидан, фақир бўлгани учун ёш боласидан, мулки бўлгани учун ходимидан, агар у мудаббар, умму валад ёки кофир бўлса ҳам, беради.

«Мудаббар» – хожаси «Мен ўлганимдан кейин озодсан», деб қўйган қул.

«Умму валад» – хожасидан бола кўрган чўри.

Бу икки тоифанинг нафақаси хожага вожиб бўлади ва уларни сотиб юбориш мумкин бўлмайди. Хожаси уларнинг номидан ҳам фитр садақаси беради.

Бунинг далили қуйидаги ҳадиси шарифдир.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، قَالَ: فَرَضَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ  زَكَاةَ الْفِطْرِ صَاعًا مِنْ تَمْرٍ أَوْ صَاعًا مِنْ شَعِيرٍ عَلَى الْعَبْدِ وَالْحُرِّ، وَالذَّكَرِ وَالْأُنْثَى، وَالصَّغِيرِ وَالْكَبِيرِ مِنْ الْمُسْلِمِينَ، وَأَمَرَ بِهَا أَنْ تُؤَدَّى قَبْلَ خُرُوجِ النَّاسِ إِلَى الصَّلَاةِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини хурмодан бир соъ, арпадан бир соъ миқдорида мусулмонлардан қулга ҳам, ҳурга ҳам, эркакка ҳам, аёлга ҳам, кичикка ҳам, каттага ҳам фарз қилдилар. Уни одамлар намозга чиқишидан олдин адо этишга амр этдилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Киши хотини, катта боласи, бой бўлган ёш боласи номидан садақаи фитр бермайди. Балки бой бўлган ёш болага ўзининг молидан берилади. Шунингдек, биров ўзининг мукотаби, тижорат учун ушлаб турган қули, қочиб кетган қули, (илло, у қайтганидан сўнг,) шериклик қули ва шериклик қуллар номидан Муҳаммад ва Абу Юсуфга хилоф равишда, садақаи фитр бермайди.

Бу матнда зикри келган ва бой киши уларнинг номидан садақаи фитр бериши лозим бўлмаган шахсларга оид ҳукмларнинг баъзилари ҳозирда ҳам давом этаётган бўлса, баъзилари ўтган замон хабарига айланган. Ана ўша ўтган замон хабарига айланган тоифалар кишининг мукотаби, тижорат учун ушлаб турган қули, қочиб кетган қули, шериклик қули ва шериклик қуллардир.

Ҳукми боқий қолганлари эса қуйидагилар:

1. Хотини.

Хотин мустақил шахсдир. У эрига мулк ҳам эмас, тўла қарам ҳам эмас. Хотинда эрнинг фақат завжалик ҳаққи бор, холос. Хотиннинг мустақил мулк тутиш ҳаққи бор. Шунинг учун садақаи фитр каби молиявий ибодатларни унинг ўзи адо этади. Аммо эр ўз ихтиёри билан хотинининг номидан садақаи фитрни адо этса, жоиз бўлади.

2. Катта боласи.

Балоғатга етган бола ўзи мустақил шахс бўлади. У мукаллаф бўлади. Ўзидан содир бўлган ишларга жавобгар бўлади. Ўзида мулк мустақиллиги бор. Бинобарин, у молиявий ибодатларини ўзи адо этади.

3. Бой бўлган ёш боласи.

Чунки бу боланинг ўз бойлиги бор. Шунинг учун унга вожиб бўлган садақаи фитрни ўзининг молидан адо этилади.

Садақаи фитрни бериш ийди Фитрнинг тонги отиши билан вожиб бўлади. Уни олдиндан бериш жоиз. Кейинга қолса ҳам, вожиблиги соқит бўлмайди.

«Фитр садақаси бериш ийди Фитр куни тонг отиши билан вожиб бўлади», дейдилар ҳанафий мазҳаби уламолари. Аммо Рамазоннинг аввалидан бераверса ҳам бўлади. Фақат намоздан кейинга қолдирмаслик керак.

Мабодо ийд намозигача бера олмаса, намоздан кейин бериши шарт. Лекин бунда савоби унча бўлмайди.

«Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. . Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан намоз ўқидим. Бас, қачон давоми...

4203 10:26 / 13.05.2022
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр пиёда юриб Бани Саламага мени кўргани келиб, ўзимни билмай ётганимда давоми...

2855 13:49 / 19.02.2019
Исломда йўл ва транспортлардан фойдаланиш меъёрлариБугунги кунда юртимизда турли замонавий мавзуларга доир диний мақола, рисола ва китоблар битилаётган бир давоми...

3888 05:00 / 04.03.2017
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жума намозида Жума ва Мунафиқун сураларини ўқир эдилар,.Пайғамбаримиз давоми...

4924 19:01 / 10.06.2022