Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 11 жумадул аввал | 2024 йил 13 ноябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Закоти бериладиган молга қўйиладиган шарт | Фиқҳ дарслари (289-дарс)

19:00 / 03 июль 709 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир йил ўтиши.

Бу йил ҳижрий-қамарий йил ҳисобидадир.

Закот фарз бўлиши учун мол нисобга етган ҳолда бир йил давомида нисобдан камаймай туриши керак. Ҳанафий мазҳаби бўйича, йилнинг боши билан охирида нисобга етган бўлса, етарли. Бир йил ичида, баъзан ора-орада нисобдан камайиб қолса, бунинг эътибори йўқ. Бу шарт ҳайвон бойликлари, пул жамғармаси ва савдо молларига тегишлидир.

Зироат бойликлари, мевалар, асал, кон ва дафина бойликларига бу шартнинг дахли йўқ. Уларнинг закоти мулкка эга бўлган заҳоти берилади. Тушунарли қилиб айтганда, уларнинг закотига қўйиладиган шартлар даромад солиғи шартларига ўхшашдир.

Закот солиқ эмас, ибодат экани эса ҳаммамизга яхши маълум.

Мол нисобга етганидан сўнг бир йил ўтиши шарт қилиниши бошқа ҳукмлар каби ўз ҳикматига эга. Аввало, бир йил давомида молнинг маълум миқдордан озаймай туриши собит бойликка, яъни ҳақиқатда ҳам у одамда закот беришга лойиқ собит мол борлигига далолат қилади. Агар мол нисобга етиши билан фарз қилинса, мазкур собитлик воқеликда бўлмаган бўлади. Эҳтимол, бир оздан сўнг у мол йўқ бўлиши ёки камайиши мумкин.

Яна бир ҳикмати: бир йил тўлиши ўсувчи молларга, яъни айнимай турадиган, фойда келтириши мумкин бўлган молларга шарт қилинган. Бунда мол эгасига молини ишга солишга, уни кўпайтиришга кенг имкон берилган бўлади. У йил давомида молидан фойда олиб, кўнгли хотиржам бўлиб, закотини адо қилади.

Зироат бойликлари, мева ва кону дафиналар эгаси уларга молик бўлганда уларнинг энг ўсган пайти бўлади. Улар вақт ўтиши билан ўсиш эмас, камайишни бошлайди. Шунинг учун уларга бир йил ўтиши шарт қилинмаган.

Яна шуни таъкидлаш лозимки, барча молларнинг закоти йилига бир марта чиқарилади, холос. Бу ҳамма учун баробар тартибдир. Ким бўлишидан қатъи назар, ундан ҳеч ким йилига бир мартадан ортиқ закот чиқаришни талаб қила олмайди.

Бунга далил қуйидагилар:

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَنِ اسْتَفَادَ مَالًا فَلَا زَكَاةَ عَلَيْهِ حَتَّى يَحُولَ عَلَيْهِ الْحَوْلُ عِنْدَ رَبِّهِ». رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَأَبُو دَاوُدَ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Кимнинг қўлига мол тушса, токи у ўз эгаси ҳузурида турганида бир йил айланиб келмагунча, унга закот йўқ», дедилар».

Термизий ва Абу Довуд ривоят қилишган.

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ مُعَاوِيَةَ الْغَاضِرِيِّ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «ثَلَاثٌ مَنْ فَعَلَهُنَّ فَقَدْ طَعِمَ طَعْمَ الْإِيمَانِ؛ مَنْ عَبَدَ اللهَ وَحْدَهُ وَأَنَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَأَعْطَى زَكَاةَ مَالِهِ طَيِّبَةً بِهَا نَفْسُهُ، رَافِدَةً عَلَيْهِ كُلَّ عَامٍ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالطَّبَرَانِيُّ.

Абдуллоҳ ибн Муовия ал-Fозирий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Уч нарса бор, ким уларни қилса, иймон таъмини тотган бўлади. Ким Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилса, албатта, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ деб билса ва ҳар йили ўсиб турган молининг закотини чин кўнгилдан берса...» дедилар».

Абу Довуд ва Табароний ривоят қилишган.

Саҳобалар ва жумҳурнинг доимий иттифоқи.

Аслий ҳожатидан ортиқ бўлиши.

Закот бобида «ҳожати аслия» нима эканини ҳанафий мазҳаби уламолари қуйидагича таърифлайдилар:

«Ҳожати аслия – инсондан ҳалокатни феълан қайтарадиган нарсалар: еб-ичиш, кийишга кетадиган нафақа, яшаш жойи, уруш анжомлари; ёки ҳалокатни фаразан қайтарадиган нарсалар: қарз, ҳунар асбоблари, уй анжомлари, миниш учун улов, илм китоблари (чунки жоҳиллик ҳалокатдир) каби нарсалардир.

Агар кишининг қўлида мазкур ҳожатларга сарфлаши керак бўлган пуллари бўлса, улар йўқ ҳисобидир. Бу худди ичишга эҳтиёж бор сувни йўқ деб ҳисоблаб, таяммум қилиш жоиз бўлгани кабидир».

Ушбу таърифга назар соладиган бўлсак, фуқаҳоларимиз инсон ҳаётини қанчалар яхши ўрганганлари, ҳозирги замон иқтисодчилари ва қонунчилари уларнинг олдида ип ҳам эша олмасликлари аён бўлади.

Еб-ичиш, кийиш учун имкони бўлмаса, инсон ҳалок бўлиши турган гап.

Яшашга жойи бўлмаса ҳам, уруш бўлиб турганда ўзини ҳимоя қилиш анжоми бўлмаса ҳам, ҳаёти хавф остида қолади.

Қарз ҳам ҳалокат. Қарз берувчи ҳукуматга арз қилса, уни қамаб қўйишлари мумкин. Бу ҳам ҳалокатнинг бир туридир.

Ҳунар асбоби бўлмаган одам ўзи ва оиласи учун нафақани қандай қилиб топади?! Уйига, рўзғорига керакли асбоб-анжом бўлмаса ҳам илож йўқ!

Миниш учун улови бўлмаган одамнинг ишга бориши, тижорат қилиши ва бошқа ҳожатларини бажариши анча машаққатли бўлиши турган гап.

Энг муҳими, китоби бўлмаслиги ҳам ҳалокатдир. Уйида китоби йўқ кишини ҳалок бўлган деб санаш қайси динда, тузумда, қонун-қоида ёки фалсафада бор?

Китобни нон-сув билан бир қаторда одамни ҳалокатдан сақлаб қолувчи восита деб ҳисоблаш Исломдан аввал кимнинг хаёлига келган?

«Жоҳиллик, илмсизлик ўлимга тенг», деб ким айтган?

Закот солиқ бўлмаса ҳам, Ислом шариати унда ҳожати аслияни эътиборга олгани айни адолатдир.

«Сенга даромад тушди», деб ўзи ва қарамоғидаги одамларнинг яшаши учун зарур бўлиб турган нарсадан бир қисмини олиб, уни янада оғир аҳволга солиб қўйиш ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди. Шунинг учун ҳам «Закоти олинадиган мол ҳожати аслиядан ортиқча бўлиши керак», деган шарт қўйилган.

«Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмон халқларнинг доимий равишда фатвога эҳтиёжлари тушиб туради. Халқ оммасини уламолар билан боғлаб турадиган кучли омиллардан бири ҳам фатводир. давоми...

4999 17:00 / 14.07.2019
Ўша даврда фиқҳ уламоларидан кўплаб фақиҳлар етишиб чиққан. Уларнинг кўпчилиги ўзлари дунёдан ўтишлари билан фиқҳий илмий ишлари ҳам мерос бўлиб қолиб кетган. давоми...

5385 15:44 / 16.01.2020
Исломда аёл кишига бирор кишини нафақа билан таъминлаш мажбурияти юклатилмайди. Аёлнинг ўзига, фарзандларига, оиласига эри сарф қилади. Шунингдек, оила қуриш давоми...

2242 15:33 / 02.03.2019
Таъзия билдириш маййит аҳлига тасалли бериш, уларни сабрга чақириш, қазои қадарга рози бўлишга тарғиб қилиш ва ажр олишга ундаш ила бўлади. Таъзия уч кунгача давоми...

1180 19:00 / 19 апрель