Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (18-дарс). Фатво китоблари (давоми)

13:00 / 31.01.2019 4894 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. «Фатавои Қозихон».

Бу китобнинг муаллифи имом Фахруддин Ҳасан ибн Мансур Ўзгандий Фарғоний Ҳанафийдир (ҳижрий 592 санада вафот этган). Муаллиф бу китобнинг таълифини ҳижрий 578 сана, муҳаррам ойининг ўнинчиси, чоршанба куни бошлаган.

Ҳожи Халифа «Кашфуз-зунун»да «Фатавои Қозихон» китобига: «Бу машҳур ва маълум китобдир. Унга амал қилингандир. Уни уламо ва фуқаҳолар кўп ўқийдилар. Ҳукм ва фатво ила боғлиқ кишиларнинг кўз ўнгидаги китобдир. Бу китобда кўп содир бўладиган ҳодисалар, ҳожат тушиб турадиган масалалар ва умматнинг иши тушиб турадиган воқеалар зикр қилинган», деб таъриф берилган.

«Фатавои Қозихон»нинг муаллифи уни «Расмул муфтий» деб номланган мухтасар муқаддима ила бошлайди ва унда фатво беришга оид қоидаларни баён қилади. Кейин фиқҳ китобларининг одатдаги тартибига биноан «Китобут-таҳорат»дан бошлаб кетади.

Китобда фиқҳий масалалар ҳанафий мазҳаби уламолари ижтиҳодлари асосида олиб борилади. Оят ва ҳадислардан далил келтирилмайди.

«Фатавои Қозихон» китобининг иккинчи номи «Хония»дир. Бу китоб уламо ва толиби илмлар орасида машҳур бўлган. Шунингдек, қозилик ва муфтийлик билан машғул бўлганлар учун зарур қўлланма ҳисобланган. «Фатавои Қозихон»да ўша вақтларда воқеликда кўп учрайдиган ва тез-тез ҳожат тушиб турадиган масалаларнинг зикри келган. «Фатавои Қозихон»да берилган маълумотлар фуруъул фиқҳ китобларидаги тартиб асосида бўлган.

2. «Навозил».

Муаллифи – Абу Лайс Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Иброҳим Самарқандий (ҳижрий 383 санада вафот этган). Имом Абу Лайс Самарқандий бу китобини имло қилишдан ҳижрий 376 йил-нинг жумадул аввал ойи, жума куни фориғ бўлган.

3. «Захийратул фатавий».

Бу китобнинг муаллифи имом Бурҳонуддин Маҳмуд ибн Аҳмад ибн Абдулазиз ибн Умар ибн Моза Бухорийдир (ҳижрий 616 санада вафот этган).

4. «Хулосатул Фатава».

Ушбу китоб имом Тоҳир ибн Аҳмад ибн Абдуррашид Бухорийнинг асаридир (ҳижрий 542-санада вафот этган). Муаллиф ўз асарининг аввалида фатво бўйича «Хизонатул воқеот» ва «Китобун-нисоб» номли асарлар ёзганини ва баъзи биродарлари буларнинг қисқача хулосасини алоҳида китоб қилишни сўраганларида «Хулоса»ни ёзганини айтади.

5. «Фатавои Зоҳирийя».

Бу китоб Зоҳируддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Бухорий Ҳанафийнинг қаламига мансубдир. У киши ҳижрий 619 санада вафот этган. Бухорода қози ва муҳтасиб бўлган.

Зоҳируддин Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад Бухорийнинг ўзининг ёзишича, «Фатавои Зоҳирийя»да одамларга фойда берувчи кўплаб маълумотлар жамлангандир.

6. «Жомеъул фатавий».

Бу китобнинг муаллифи имом Носируддин Абул Қосим Муҳаммад ибн Юсуф Самарқандий Ҳанафийдир. У киши ҳижрий 556 йилда вафот этган.

7. «Фатавои Аттобийя».

Бу китобнинг муаллифи Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад Аттобий Бухорий Ҳанафийдир. «Аттобийя» Бухоро маҳаллаларидан бирининг номидир. У киши ҳижрий 586 йилда вафот этган.

Абу Наср Аҳмад ибн Муҳаммад Аттобий Бухорий Ҳанафий зоҳид олимлардан бўлган. У киши биз айтган фатво китобидан бошқа «Шарҳу Зиёдотуз-зиёдот», «Шарҳу Жомеъус-сағийр», «Шарҳу Жомеъул Кабийр», «Тафсирул Қуръон» ва бошқа китобларни ҳам ёзган.

8. «Фатавои Сайрафийя».

Бу китобнинг муаллифи имом Маждуддин Асъад ибн Юсуф ибн Али Бухорий Сайрафийдир. У киши «Оҳу» лақаби билан машҳур бўлганлар. Муаллифнинг баъзи шогирдларининг айтишича, у киши қози ҳукм чиқариш пайтида жавобларига суянадиган имомларнинг жавобларини ёзган. Мазкур жавобларнинг баъзилари имомларнинг китобларида ёзилган бўлиб, бошқалари уларнинг жавобларига таққосланган. Маждуддин Асъад ибн Юсуф ибн Али Бухорий Сайрафий бу китобида аввал ўтган ва кейин келганларнинг китобларидан ажойиб масалаларни танлаб олган. Аммо жавобларни тартибга ҳам солмаган, сараламаган ҳам. Кейин баъзи шогирдлари уларни саралаб, тартибга солган.

9. «Фатавои Сирожийя».

Бу китобнинг муаллифи Али ибн Усмон ибн Муҳаммад Сирожуддин Ўшийдир. Бу киши «Бадъул амолий» қасидасининг муаллифидир. Муаллиф ўзининг «Фатавои Сирожийя» китобини ҳижрий 569 йилда тугатган. Мазкур китобнинг нусхаларидан бирида «Беш юз олтмиш тўққизинчи йил муҳаррам ойи, душанба куни Ўшда, Али ибн Усмон ибн Муҳаммаднинг қўлида тугатилди» деган ёзув бўлган. Китобни тадқиқ қилган олимлар унда бошқа китобларда кам учрайдиган нодир маълумотлар борлигини таъкидлаганлар.

10. «Фатавои Насафийя».

Бу китобнинг муаллифи Нажмуддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Насафийдир. У киши «Самарқанд алломаси» лақаби ила машҳур бўлган. Ҳижрий 537 йилда вафот қилган. Бу китоб Нажмуддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад Насафийнинг ўзидан сўралган саволларга берган жавобларидан иборатдир.

11. «Фатавий суғро» ва «Фатавий кубро».

Бу икки китобнинг номини таржима қиладиган бўлсак, «Кичик фатволар» ва «Катта фатволар» бўлади. Яъни фатволар тўпламидан иборат иккита китоб. Ушбу икки китобнинг муаллифи имом Умар ибн Абдулазиз ибн Умар ибн Моза Абу Муҳаммад Ҳисомуддин Содруш-Шаҳиддир. Ҳижрий 483 санада таваллуд топган.

У киши фиқҳ илмини отаси Бурҳонуддин Кабийр Абдулазиздан ўрганган. Кўп ҳаракат қилиб, ўз замонасининг пешқадам олимига айланган.

Умар ибн Абдулазиз ибн Умар ибн Моза Абу Муҳаммад Ҳисомуддин Содруш-Шаҳид ҳижрий 536 санада, сафар ойида шаҳид бўлган. У кишини Қатвон воқеасидан кейин Самарқандда бир лаънати кофир қатл қилган. Жасади Бухорога олиб келинган.

Бу зот «Ҳидоя»нинг соҳиби Бурҳонуддин Марғинонийнинг устози бўлади. Имом Бурҳонуддин Марғиноний устози Содруш-Шаҳид ҳақида қуйидагиларни ёзади: «Ундан назар илми ва фиқҳни олдим. Мени жуда ҳам ҳурмат қилар эди. Ўзининг хом шогирдларига қўшар эди. Унинг «Кичик фатволар» ва «Катта фатволар», «Шарҳу Адабил Қозий», «Шарҳу Жомеъус-сағийр» ва «Шарҳун Нафақаот»лари бор».

12. «Ал-Мултоқат фий Фатавий Ҳанафийя».

Бу китобнинг муаллифи имом Носируддин Абул Қосим Муҳаммад ибн Юсуф Ҳусайний Самарқандийдир. У киши ҳижрий 556 йилда вафот қилган. Бу китобни жамлаш ҳижрий 549 йилнинг шаъбон ойи охирларида тамом бўлган. Кейин китобни Жалолуддин Маҳмуд ибн Маждуддин Ҳусайн ибн Аҳмад Асрушний тартибга солган. Унга зиёда ҳам қилмаган, уни қисқартирмаган ҳам. У бу ишни Асрушнада, ҳижрий 603 йили шаъбоннинг аввалида битирган. Ҳижрий 616 йили сафар ойида ҳаммасини Самарқандда имло қилган.

“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. . Рофеъ ибн Хадийж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Бомдодни тонг оқарганда ўқинглар,, дедилар,. Имом Насоий давоми...

3042 17:30 / 03.06.2021
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади Аллоҳ таоло.Бас, у довон ошиб ўтмади. Довон нима эканлигини сенга нима билдирди Қул озод давоми...

1631 19:30 / 26.09.2020
Сўнгги асрдаги кўзга кўринган фиқҳий ўзгаришлардан энг эътиборлиси Ислом Фиқҳи Академиялари бўлди. Авваллари фиқҳ шахсий уриниш, ўқув юртлари, маҳаллий фиқҳий давоми...

3921 15:05 / 10.10.2019
иккинчи мақола5. Суянган нарсаси олиб ташланса, йиқилиб тушувчининг уйқуси.Яъни бир одам бир нарсага суяниб ўтирган ҳолида ухламоқда. Агар ўша суянган нарсани давоми...

1835 14:04 / 06.08.2020