Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (42-дарс). Якка шахсларнинг фатво китоблари

17:00 / 18.07.2019 3915 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. «Ал-фатовий ал-муосира».

Бу китобнинг ўзбекча номи «Замонавий фатволар» бўлиб, унинг муаллифи шайх Юсуф Қаразовийдир.

Муаллиф ўзига турли шахслар томонидан ва турли муносабат ҳамда воситалар билан берилган саволларга қайтарган жавобларидан саралаб олиб китоб шаклига келтирган. У киши китобнинг муқаддимасида бу борада тутган йўлини баён ҳам қилган. Кўпроқ Қуръон ва Суннатга суянганлигини айтиб ўтган. Ўтган уламоларнинг китоблари, услуб ва қоидаларидан фойдаланганини таъкидлаган.

Шайх Юсуф Қаразовий ўзининг бу китобида замонавий тил ва услубни ишга солган. Баён қилинаётган мавзунинг ҳикматини ҳам айтиб ўтишга ҳаракат қилган. Замона талабига қараб, агар ҳужжат ва далил бўлса, енгил тарафини олиш имкони бор ўринларда енгил тарафни олган.

«Ал-фатовий ал-муосира»да муаллиф ўзига берилган саволга шаръий ҳукмнинг ўзини айтиб қўйиш билан чекланмаган, балки ўша мавзудаги бутун бошли мақола ила жавоб қилган. Мисол учун, қурбонлик ҳақидаги саволга берилган жавоб тўрт бетдан кўпроқ бўлган. Албатта, ҳар бир масала бўйича Қуръон ва Суннатдан, ижмоъ ва қиёсдан далил келтириш йўлга қўйилган, ҳукмнинг ҳикмати ва замонага мослиги баён қилинган.

«Ал-фатовий ал-муосира»даги савол-жавоблар фақат фиқҳий масалалар бўйича эмас, балки турли-тумандир. Тасаввур ҳосил қилиш учун биринчи жузнинг бобларига кўз ташлаб чиқсак, манзара аён бўлади:

– Қуръон ва унинг тафсири бўйича;

– Ҳадиси Набавий бўйича;

– Ақийдалар ва ғайбиётлар;

– Таҳорат ва намоз;

– Закот ва садақалар;

– Рўза ва фитр садақаси;

– Ҳаж ва Умра;

– Муносабатлар ва байрамлар;

– Қасам ва назрлар;

– Аёл ва оила ишлари;

– Ижтимоий алоқалар.

Китобнинг уч жузли тўққизинчи нашри ҳижрий 1422 – милодий 2001 йилда «Қалам» нашриёти томонидан амалга оширилган.

2. «Ал-фатава. Куллу маа юҳиммул муслима фий ҳаятиҳи, явмиҳи ва ғадиҳи».

Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровийнинг бу китобининг номини таржима қиладиган бўлсак, «Фатволар. Мусулмон учун ҳаётида, бугуни ва эртасида муҳим нарсалар» деган маъно чиқади.

Китобни доктор Саййид Жумайлий Шайх Муҳаммад Мутаваллий Шаъровий билан ўтказган суҳбатлари ва у кишининг оғзаки тарзда берган фатволари асосида ёзган. Китоб бобларга тақсимланмаган. Фатволар аралаш ҳолда келтирилаверган. Кўпига далил ва ҳужжат ҳам келтирилмаган.

Китобнинг иккинчи нашри «Ал-Фатҳ» нашриёти томонидан 2000 йили амалга оширилган.

3. «Аҳсанул калом фил фатва вал аҳком» (Фатво ва аҳкомлардаги энг гўзал каломлар).

Бу китобнинг муаллифи шайх Атийя Сақр бўлиб, унда аввалги уч китобга кирмай қолган ёки зиёда шарҳга ҳожати бор масалалар зикр қилинган. Шайх Атийя Сақр саволларга жавоб бериш жараёнида Қуръони Карим оятларидан ва Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳадисларидан далиллар келтирган.

«Аҳсанул калом фил фатва вал аҳком» китобининг боблари қуйидагилардан иборат:

– Ақийдалар;

– Аллоҳ;

– Фаришталар;

– Китоблар;

– Расулуллоҳлар;

– Муҳаммад;

– Охират куни;

– Жин;

– Ридда;

– Таҳорат;

– Азон;

– Масжид;

– Намоз;

– Закот;

– Рўза;

– Ҳаж;

– Муомалалар;

– Оила;

– Турли масалалар.

«Аҳсанул калом фил фатва вал аҳком» китобининг биринчи нашри 2006 йилда «Ваҳба» мактабаси томонидан амалга оширилган.

4. «Ал-Калимут-тоййиб. Фатаавий муосира» (Хуш калом. Замонавий фатволар).

Бу китобнинг муаллифи Миср диёри муфтийси шайх Али Жумъадир. Китобнинг муқаддимасида доктор Али Жумъа, жумладан қуйидагиларни ёзади:

«...Биз фиқҳ билан фатвонинг орасида катта фарқ борлигини билишимиз лозим. Фиқҳ шаръий ҳукмларни билишдан иборатдир. Фатво билан шуғулланадиган киши эса воқеликни, замон ва маконни, шахслар ва аҳволларни билишга эҳтиёжлидир. Чунки у ҳукмга етиши билан кифояланиб қола олмайди. Балки бир нарсанинг ҳаром экани ҳақидаги ҳукмни аниқлаши мумкин, аммо олдидаги одамга ўшани қилиш ҳақида фатво бериши ҳам мумкин. Чунки мазкур одам музтар эканини англаб етди...»

«Ал-калим ат-тоййиб. Фатавий муосира» китобидаги фатволарнинг боблари қуйидагича:

– Таҳорат;

– Намоз;

– Закот;

– Ҳаж;

– Рўза;

– Савдо ва молиявий муомалалар;

– Ижара;

– Сайр;

– Ақийда;

– Илм;

– Оила;

– Вақф;

– Мерос;

– Никоҳ;

– Талоқ;

– Жиноятлар;

– Инсон ҳуқуқлари;

– Ахлоқ ва одоб;

– Замонавий фикрий масалалар;

– Либос ва зийнат.

Китобнинг биринчи нашри «Салом» нашриёти томонидан 2005 йили амалга оширилган.

5. «Фатаавий муосира» (Замонавий фатволар)

Доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий «Фатавий муосира» деб номланган бу китобига ёзган муқаддимасида, жумладан, қуйидагиларни айтади:

«Кўплаб мушкуллар ва масалалар пайдо бўлиб, янги фатво ва очиқ баён беришни талаб қилиб қолди. Бу иш одамлар ҳақда бораётганларини ва Ислом шариатига амал қилаётганларини билишлари учун керак эди. Талабалар, жамиятнинг ўғил ва қизларидан асрнинг янгиликлари ҳақида савол ва фатво талаб қилишлар кўпайди. Бизнинг асримизда кўп муаммолар пайдо бўлди ва муомалалар мураккаблашди, турли қонунлар ва шариат ҳукмлари аралашиб кетди. Бинобарин, бу аср «замонавий фатволар асри» деб аталадиган бўлди.

Шунинг учун ҳам менга берилган саволлар ва фатво сўрашларга ўзим қирқ йил ишлаган дорилфунунда, масжидлардаги умумий дарсларимда, одамлар билан бўлган учрашувларимда оғзаки, ёзма, телефон ва интернет орқали жавоб бериб келдим. Интернет тармоғидаги саҳифамга дунёнинг турли тарафларидан келган, яъни беш қитъадан араб ва ажам мусулмонлардан келаётган саволларга ҳам жавоб бераман».

«Фатавий муосира» китобининг бош сарлавҳалари қуйидагилардан иборат.

– Таҳорат ва ибодатлар;

– Муомалалар;

– Оила, эр-хотин алоқалари;

– Таомлар ва ичимликлар;

– Ақийда, ахлоқ ва одоб.

Доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий «Фатавий муосира»даги жавоблари ҳақида сўз юритиб, қуйидагиларни айтади:

«Аммо фатво беришдаги услубим шуки, имкон қадар мухтасар қилишга ҳаракат қиламан. Чунки одамлар кечикмасдан, дарҳол жавоб бўлишини ва чўзиб ўтирмасликни кутадилар. Фақат ҳожат тушгандагина гапни чўзишга ўтаман.

Доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий «Фатавий муосира»да ўзи фойдаланган китоблар рўйхатини ҳам берган:

Эски китоблардан:

– Ибн Ҳажар Ҳайсамийнинг «Ал-фатавий ал-кубро»си, унинг ҳошиясида «Фатавий Рамлий» ҳам бор;

– Ибн Ҳажар Ҳайсамийнинг «Ал-фатавий ал-ҳадисийя»си;

– Имом Нававийнинг «Фатавий»си;

– Аллома Абу Исҳоқ Иброҳим Шотибийнинг «Фатавий»си;

– Шайхулислом, Иззуддин ибн Абдуссаломнинг «Ал-фатавий ал-мувсулийя»си.

Янги китоблардан:

– Шайх Ҳасанайни Муҳаммад Махлуфнинг «Фатавий шаръийя»си.

– Шайх Маҳмуд Шалтутнинг «Фатавий»си;

– Мустафо Зарқонинг «Фатавий»си;

– Али Тонтавийнинг «Фатавий»си;

– Шайх Муҳаммад Тақий Усмонийнинг «Замонавий фиқҳий муаммолар ҳақидаги изланишлар» китоби.

– Доктор Юсуф Қаразовийнинг «Ал-фатаво ал-муосира»си.

– Доктор Муҳаммад Саъийд Рамазон Бутийнинг «Маъан-наас» китоби.

Доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлийнинг «Фатовий муосира» китобининг биринчи нашри 2003 йили «Фикр» нашриёти томонидан амалга оширилган.

 «Фиқҳий йўналишлар ва китоблар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
4. Таҳорат қилгандан кейин ўқиладиган намоз. Бу намозни .шукри вузуъ, ndash .таҳоратнинг шукри, дейилади. . . Уқба ибн Омир алЖуҳаний розияллоҳу давоми...

1607 19:00 / 07.04.2023
Бунда пешин ва аср ҳамда шом ва хуфтон намозларини қўшиб, биринкетин, бир вақтда ўқиш кўзда тутилгандир. Бошқа мазҳабларда сафардаги одамга пешин билан асрни ва давоми...

1357 18:39 / 06.10.2023
. . Абу Ҳумайд асСоъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини давоми...

2258 20:30 / 24.02.2022
. . . . . . . . . Агар намозхон рукнни олдинга ёки орқага сурса, ёхуд такрор қилса, ёки давоми...

1262 19:00 / 08.06.2023