1445 йил 20 шаввол | 2024 йил 29 апрель, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

51-боб. Ота-онанинг фарзандига одоб бериши ва яхшилик қилиши

15:00 / 18.07.2019 1886 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

92. Валид ибн Нумайр ибн Авсдан ривоят қилинади:

«У отасининг «Улар: «Солиҳлик Аллоҳдан, одоб эса оталардан», дейишар эди», деганини эшитган экан».

Шарҳ: Бу ривоятдан боланинг ким бўлиб етишиши шубҳасиз, Аллоҳ таолонинг қадари билан бўлса ҳам, унинг одобли бўлишида ота-онанинг ўрни катта экани билиб олинади. Аллоҳ таолонинг Ўзи ота-онага мана шу ишни юклаган ва уни адо этишни талаб қилган.

Аллоҳ таоло боланинг ким бўлиб етишишига ота-она томонидан бериладиган тарбияни сабаб қилиб қўйган. Бу дунёдаги барча жараёнларни сабабият қонуни асосида кечадиган қилиб қўйган Аллоҳ таоло инсон боласининг одобли бўлиб етишишини тарбияга боғлаб қўйган.

Шунинг учун ҳар бир ота-она ўзининг ҳар бир фарзандининг тарбияси исломий бўлиши учун қўлидан келган барча чораларни кўриши матлубдир.

«Солиҳлик Аллоҳдан, одоб оталардан» деган жумлани тўлиқроқ тушуниш учун уни бир оз шарҳ қилишга тўғри келади.

«Солиҳлик» кишидаги ахлоқий сифатлардан, яъни унинг яратилишидаги асл хилқатида мавжуд сифатлардандир. Уламолар: «Солиҳлик яратилишдаги асл хамиртуруш ўрнида бўлади, уни яхшилик билан давом эттирилса, ҳақиқий сифатга айланиб қолади», деганлар. Ана шунинг учун «Солиҳлик Аллоҳдан», дейилмоқда.

«Адаб» сўзининг асл маъноси «чақириш»дир. Шунинг учун таом тайёрлаб, унга одамларнинг чақирилиши арабларда «маъдабатун» дейилади.

Кейинчалик бу сўз таълим беришга ишлатиладиган бўлди. Биров боласига ўзини қандай тутиш ҳақида таълим берса, «боласига адаб берди» дейиладиган бўлди. Зотан, таълим нафсни одобли, завқли бўлишга ва табиатни гўзал қилишга чақирувчи энг яхши омилдир.

Бировни содир қилган ёмонлиги учун жазолаш ҳам «адабини бериш» дейилади. Чунки бундай жазо уни одоб ҳақиқатига чорлайди.

Истилоҳда эшитувчи ва ўқувчида кучли таъсир қолдирадиган ва ундаги нарсани қайта қилишга уриниш руҳини қолдирадиган чиройли каломга ҳам «адаб» дейилади. Бизда буни кўпликда, «адабиёт» шаклида ишлатиш одат бўлиб қолган.

Адабиёт билан шуғулланувчи шахснинг «адиб» дейилиши эса унинг одамларни ўз ижоди билан адабга чақириши, яхшиликка ундаб, ёмонликдан қайтариши сабаблидир.

Бу ҳадисдаги одобдан мақсад, инсоннинг фазилатлардан бирига эришиш учун қиладиган мақтовга сазовор уринишидир. У – карамли ахлоқларга амал қилиш, бошқача қилиб айтганда, мақталган сўз ва ишларни амалга оширишдир.

Луғат илми олимлари: «Адаб – бир малака бўлиб, у эгасини ўзига айб келтирадиган нарсалардан сақлайди», деганлар.

Одоб кейин ўрганиладиган ва ўз-ўзидан бўлмай, уриниш билан амалга ошадиган хислатдир. Шунинг учун ҳам ҳадисда «одоб оталардан» дейилмоқда.

93. Нуъмон ибн Баширдан ривоят қилинади:

«Отаси уни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кўтариб бориб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Сизни гувоҳ қилиб айтаманки, мен Нуъмонга буни, буни бердим», деди.

«Ҳамма болаларингга бердингми?» дедилар.

«Йўқ», деди.

«Мендан бошқани гувоҳ қил! – дедилар ва сўнгра: – Уларнинг барчаси сенга бирдек яхшилик қилиши сени хурсанд қиладими?!» дедилар.

«Ҳа», деди.

«Ундай бўлса, йўқ!» дедилар».

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ота-она болаларга нисбатан адолатли бўлиши зарурлиги таъкидланмоқда. Башир розияллоҳу анҳу ўз фарзандларидан фақат Нуъмонгагина мол-мулкидан маълум миқдорни тақсимлабди. Эҳтимол, у кенжа фарзанди бўлгани учун шундай қилгандир. Бу ишни ҳужжатлаштириб қўйишни ҳам ирода қилибди. Ўзидан кейин кенжа фарзандига бошқалари томонидан зулм бўлишининг олдини олмоқчи бўлгандир.

Унинг фикрича, бу ишнинг энг тўғри йўли Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни унга гувоҳ қилиш эди. Шунинг учун кичик Нуъмонни кўтариб, у зот алайҳиссаломнинг ҳузурларига олиб келди ва мақсадини айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг қилган иши нотўғрилигини баён қилдилар ва тўғри йўлни кўрсатдилар.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Ёш болани улуғ кишилар ҳузурига кўтариб олиб бориш мумкинлиги.

2. Улуғ кишиларни молиявий муомалаларга гувоҳ қилиш мумкинлиги.

3. Улуғ ва олим кишилар хатони тўғрилашлари лозимлиги.

4. Нотўғри молиявий муомалаларга гувоҳ бўлишдан бош тортиш лозимлиги.

5. Ота-оналар молиявий муомалаларда ҳам фарзандлари орасида адолатли бўлишлари шартлиги.

"Одоблар хазинаси" китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, киши ўзининг ҳусни хулқи ила кечалари бедор бўлганнинг даражасини топади,, давоми...

847 09:00 / 16.02.2023
Абу Заррдан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга.Амалларнинг қай бири яхши, дейишди..Аллоҳга иймон, У Зотнинг йўлида жидду жаҳд қилиш,, давоми...

3452 17:00 / 08.05.2022
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар.Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, сизлар мусулмон бўлмагунингизча жаннатга давоми...

1880 16:00 / 13.03.2023
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Бир аёл Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир гўдакни кўтариб келиб.Бунинг ҳаққига дуо қилинг, мен ундан олдин давоми...

1828 18:30 / 18.03.2020