Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 26 шаввол | 2025 йил 24 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (208-дарс) Намозни бузувчи нарсалар (иккинчи мақола)

00:00 / 09.12.2022 2472 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

6. Акса урганга соғлик тилаш.

Намозхон акса урган кишига «Ярҳамукаллоҳ», деса, намози бузилади. Чунки бу нарса одамлар орасида урф бўлган каломдир. Акса урганга соғлик тилаш намозни бузиши ҳақида ҳадис ҳам келган. 

7. Каломга зикр билан бўлса ҳам жавоб бериш.

Мисол учун, намозхон ўзига хурсандчилик ҳақида хабар етганда «Алҳамдулиллааҳ», деса, намози бузилади.

8. Имомидан бошқага луқма бериш. 

Намозхон ўз имомидан бошқа кимсага, чунончи, қироатда адашиб қолган одамга луқма берса, намози бузилади.

Чунки имомдан бошқага луқма бериш таълим қаторига киради. Шунингдек, намоздан ташқаридаги киши қироат қилаётган имомга луқма берса ва имом луқмани қабул қилса, барчанинг намози бузилади.

Шунингдек, агар имом бошқа оятга ўтиб кетган бўлса, олдинги адашган оятини луқма берса, луқма берувчининг намози бузилади. Агар имом унинг ноўрин луқмасини олса, унинг ҳам намози бузилади. Саҳиҳ гап бузилмайди.

Имомга луқма бериш жоизлигига далил:

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم صَلَّى صَلَاةً فَقَرَأَ فِيهَا فَلُبِسَ عَلَيْهِ، فَلَمَّا انْصَرَفَ قَالَ لِأُبَيٍّ: «أَصَلَّيْتَ مَعَنَا؟» قَالَ: نَعَمْ، قَالَ: «فَمَا مَنَعَكَ؟». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ حِبَّان وَلَفْظُهُ: «فَمَا مَنَعَكَ أنْ تَفْتَحَ عَليَّ؟». 

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир намозда қироат қилаётиб, илтибосга (шубҳага) тушиб қолдилар. Ўқиб бўлганларидан кейин Убайга: 

«Биз билан намоз ўқидингми?» деб сўрадилар. 

«Ҳа», деди.

«Нима сени ман қилди?» дедилар».

Абу Довуд ривоят қилган. Ибн Ҳиббоннинг лафзида: 

«Сени менга луқма беришдан нима ман қилди?» дедилар», дейилган.

9. Мусҳафга қараб қироат қилиш. 

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг наздида Мусҳафга қараб қироат қилган намозхоннинг намози бузилади. Чунки бу иш кўп амалга қўшилади.
Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимонинг наздида Мусҳафга қараб қироат қилган намозхоннинг намози бузилмайди, чунки намоз ҳам, қироат ҳам ибодатдир. Аммо бу иш аҳли китобнинг иши бўлгани учун макруҳ бўлади.

Мактубга назар солиб, ундаги маънони англаса, намози бузилмайди.

10. Нажасга сажда қилиш.

Чунки сажда намознинг бир бўлагидир. Бир бўлаги бузилган намознинг ўзи ҳам бузилади. 

Шунингдек, нажас икки тизза ёки кафт қўйиладиган жойда бўлса ҳам намоз бузилади.

(Давоми бор)


«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмонлар ўша ер аҳли билан уруш қилиб эгаллаган, лекин тақсимланмай, ўз аҳлига қолдирилган ерлар. Ироқ, Аҳвоз, Форс, Кирмон, Исфаҳон, Рай, Миср ва Мағриб ерлари шу давоми...

600 19:00 / 13 февраль
Ҳумайд ибн Нофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Менга Зайнаб бинту Абу Салама ушбу уч ҳадиснинг хабарини берди. У.Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жуфти давоми...

4173 05:00 / 06.03.2017
Қуръони Каримдаги биздан олдин бўлган нарсаларнинг ахборида иймонИслом йўли осон эмаслиги, у йўлга поёндоз тўшалиб, гуллар сочилиб қўйилмаганлиги, балки бу йўл давоми...

4040 05:00 / 17.01.2017
.Ҳисоб, сўзи луғатда .санаш, маъносини англатади.Уламолар истилоҳида ҳисоб деб мажҳул ададларни чиқаришга олиб борадиган илмга айтилади. Худди шу илм меросда ҳам давоми...

1922 11:02 / 06.04.2020