Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 24 жумадул аввал | 2025 йил 15 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Закотни кимларга бериб бўлмайди | Фиқҳ дарслари (323-дарс)

19:00 / 04 апрель 1639 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Орасида туғиш ва эр-хотинлик алоқаси борларга, ўзининг қулига, баъзисини озод қилган қулига, бойга, унинг қулига ва кичик ёшдаги боласига, Бану Ҳошимга, уларнинг мавлоларига ва зиммийга эмас. Унга (зиммийга) закотдан бошқасини берса бўлади.

Ушбу матнда закотни бериб бўлмайдиган бир неча тоифалар зикр қилинмоқда.

1. Орасида туғиш ва эр-хотинлик алоқаси борларга.

Бунда кишининг туққанлари, яъни ота-онаси, неча поғона юқори бўлсалар ҳам, бобо-момолари киради. Ана шуларга мазкур киши закотини бериши мумкин эмас.

Яна кишидан туғилганлар, яъни ўғил-қизлари ва неча поғона паст бўлсалар ҳам, уларнинг ўғил-қизлари закот олишлари мумкин эмас.

Демак, закотни болаларга, хотинга бериш мумкин эмас. Шунингдек, ота-онага ҳам бериш мумкин эмас. Чунки боланинг мол-мулки ота-онаники ҳисобланади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бир фарзандга: «Сен ҳам, молинг ҳам отангга мулксизлар», деганлар.

«Бой-бадавлат хотин ўзининг камбағал эрига закот берса бўладими?» деган саволга баъзи мазҳаблар «Бўлади», деб жавоб берганлар.

Ҳужжат маъносида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳунинг хотинлари Зайнаб розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга келиб: «Закотимни эримга берсам бўладими?» деб сўраганида у зот алайҳиссалом: «Бўлади», деб жавоб берганларини келтирадилар.

Ҳанафий мазҳаби уламолари эса Зайнаб розияллоҳу анҳонинг ҳодисасини хусусий деб биладилар ва: «Хотин ўз эрига закот бериши дуруст эмас, чунки эр уни олиб, яна хотиннинг ўзига ишлатади», дейдилар.

«Закотини бошқа қариндошларга берса бўладими?» деган саволга баъзи уламолар: «Уларнинг нафақаси лозим бўлса, бўлмайди, нафақа ўрнига закот бериш ила ўзи фойда топади», дейишган.

Аммо ҳанафий мазҳаби уламолари: «Бўлади», дейишган, чунки нафақа ўзига яраша шартлар билан вожиб бўлади. Ҳолбуки, яқин қариндошлар орасида ота-болага ўхшаб, мулкнинг бирлашиб кетиши йўқ. Яқин қариндошга берилганда мулк закот берувчидан закот олувчига кўчади. Бу эса закот бериш мумкин эканлигига далилдир.

2. Ўзининг қулига, бир қисмини озод қилган қулига.

Қул хожанинг мулки бўлади. Закотини ўз мулкига бериш эса дуруст эмас.

3. Бойга, унинг қулига ва кичик ёшдаги боласига.

عَنْ عَطَاءِ بْنِ يَسَارٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَا تَحِلُّ الصَّدَقَةُ لِغَنِيٍّ إِلَّا لِخَمْسَةٍ: لِغَازٍ فِي سَبِيلِ اللهِ، أَوْ لِعَامِلٍ عَلَيْهَا، أَوْ لِغَارِمٍ، أَوْ لِرَجُلٍ اشْتَرَاهَا بِمَالِهِ، أَوْ لِرَجُلٍ كَانَ لَهُ جَارٌ مِسْكِينٌ، فَتُصُدِّقَ عَلَى الْمِسْكِينِ فَأَهْدَاهَا لِلْغَنِيِّ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَأَحْمَدُ وَالْحَاكِمُ وَصَحَّحَهُ.

Ато ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Садақа бойга ҳалол бўлмайди. Магар беш кишига: Аллоҳ йўлида ғозийлик қилувчига, унинг (садақа) учун омилга, қарздорга, ўз моли ила у(садақа)ни сотиб олган одамга ёки бир одамнинг мискин қўшниси бўлса-ю, мискинга берилган садақасини бойга ҳадя қилса бўлади», дедилар».

Абу Довуд, Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган. Ҳоким саҳиҳ деган.

Бойга закот фақат беш ҳолатда ҳалол бўлади:

1. Аллоҳ йўлида жиҳодга чиқса.

Албатта, жиҳодга ўз молидан сарфласа жуда яхши бўлади. Аммо фаразан, закот молидан сарфласа ҳам ҳаром бўлмайди.

2. Садақага омил бўлса, яъни закотчи бўлиб ишласа, ўзи бой бўла туриб, иш ҳақи маошини закотдан олиши жоиз, чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи бунга рухсат берган.

3. Қарздорга.

Ўзи бой, аммо кўпчиликнинг фойдаси учун бирор каттароқ сарфни бўйнига олиб, қарзга ботган одам ҳам закотдан олиб, қарзига бериши жоиз.

4. Бир камбағалга, мисол учун, закотдан бир дона қўй тегди. Уни бой одам ўз пулига камбағалдан сотиб олди. Бу албатта, жоиз. Закотни сотиб олиш ҳам дуруст эмас экан, деган тушунчага борилмаслиги учун ҳадисда бу ҳақда баён қилинган.

5. Камбағал ўзига закотдан теккан нарсадан бойга ҳадя қилса, бой олиши жоиз. Бу ҳам олдингига ўхшаб, бойга закот бўлган нарса ҳадя шаклида келса ҳам ҳаром, деган фикр чиқмаслиги учун айтилган. Закот камбағалнинг мулкига айланади, демак, уни ўзи қандай хоҳласа, шундай тасарруф қилади.

Аслида бойлар закот беришлари керак. Бинобарин, улар закот олишлари мутлақо мумкин бўлмайди.

Баъзи бир кишилар ўзларидан бошқаларнинг бойлиги туфайли ҳам бой ҳисобланадилар, улар ҳам закот олишлари дуруст бўлмайди. Мисол учун, балоғатга етмаган ёш бола отасининг бойлиги туфайли бой ҳисобланади.

Бу масалада: «Нафақаси бойга вожиб бўлган кишиларга, унинг болалари, хотини, ота-онаси ва шунга ўхшаш яқинларига закот олиш ҳаромдир», дейилган. Баъзи уламолар эса: «Нафақаси вожиб бўлган бой қарамоғидагиларга, яъни аёли ва ота-онасига қарамай қўйса, улар закот олишлари жоиз», деганлар.

 «Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақолаБобо, агар катта боболари, яъни бобонинг отаси бўлса ҳамМерос илмида .бобо, деганда отанинг отаси кўзда тутилади. У .саҳиҳ бобо, ёки .собит бобо, деб давоми...

2180 11:05 / 27.01.2020
. . Абу Ҳумайд асСоъидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларини давоми...

4067 20:30 / 24.02.2022
Ҳар бир ошланмаган тери ошланса, пок бўлади. Фақат чўчқа ва одамнинг териси бундан мустасно.Бунда ошлашнинг барча турлари кўзда тутилган. Нима қилса ҳам терининг давоми...

4974 13:22 / 15.10.2020
. . . Тилланинг нисоби йигирма мисқол, кумушники икки юз дирҳам. Дирҳамларнинг ҳар ўнтаси етти мисқол. Хоҳ ишланган бўлсин, хоҳ ёмби давоми...

2279 19:00 / 20.09.2024