Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 18 шаввол | 2024 йил 27 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (204-дарс) Намозда имомнинг таҳорати кетиб қолса...

00:00 / 11.11.2022 1893 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: «مَنْ أَصَابَهُ قَيْءٌ أَوْ رُعَافٌ فَلْيَنْصَرِفْ فَلْيَتَوَضَّأْ، ثُمَّ لِيَبْنِ عَلَى صَلَاتِهِ وَهُوَ فِي ذَلِكَ لَا يَتَكَلَّمُ». رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким намозда қайт қилса ёки бурни қонаса, бурилиб чиқсин, таҳорат қилсин ва гапирмаган бўлса, намозини келган жойидан ўқиб кетсин», дедилар».

Ибн Можа ривоят қилган.

Гарчи ташаҳҳуддан кейин бўлса ҳам. 
Абу Ҳанифанинг наздида ташаҳҳуддан кейин самовий бетаҳоратлик етса ҳам, таҳорат қилиб келиб, салом бериш лозим бўлади, чунки у кишининг наздида намозхон намоздан ўз амали билан чиқиши фарздир. Шунингдек, «салом» лафзини айтиш вожибдир. 
Имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммаднинг наздида эса қаъдаи охирда ташаҳҳуд миқдорида ўтиргандан кейин таҳорати кетиб қолса, намоз ўз-ўзидан тамом бўлади. 
Янгидан бошлаш афзалдир. 

Чунки намозни бошқатдан ўқиш хилофнинг олдини олади.

Бу ҳолда имом ўринбосар қўяди. Бошқани ўз жойига тортади.

Намозда имомнинг таҳорати кетиб қолса, бурнини ушлаб туриб, ўрнига бошқа одамни тортиб, имом қилиб қўйиб, чиқиб кетади. Шунда одамлар, имомнинг бурни қонаб таҳорати кетди, деб ўйлайдилар. Имом эса гумондан холи бўлади.

Бир имомнинг ўрнига намоз ичида иккинчи имом ўтиши жоизлигига Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бир неча марта имомлик ўрнини бўшатиб берганлари далилдир. Ўша ривоятлардан бирини намуна сифатида келтирамиз.

عَنْ عَائِشَةَ قَالَتْ: أَمَرَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم أَبَا بَكْرٍ أَنْ يُصَلِّيَ بِالنَّاسِ فِي مَرَضِهِ، فَكَانَ يُصَلِّي بِهِمْ. قَالَ عُرْوَةُ: فَوَجَدَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم فِي نَفْسِهِ خِفَّةً فَخَرَجَ فَإِذَا أَبُو بَكْرٍ يَؤُمُّ النَّاسَ، فَلَمَّا رَآهُ أَبُو بَكْرٍ اسْتَأْخَرَ، فَأَشَارَ إِلَيْهِ أَنْ كَمَا أَنْتَ، فَجَلَسَ رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم حِذَاءَ أَبِي بَكْرٍ إِلَى جَنْبِهِ، فَكَانَ أَبُو بَكْرٍ يُصَلِّي بِصَلَاةِ رَسُولِ اللهِ  وَالنَّاسُ يُصَلُّونَ بِصَلَاةِ أَبِي بَكْرٍ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ. 

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам беморлик чоғларида Абу Бакрга одамларга намозга ўтишга амр қилдилар. Бас, у уларга намозга ўтиб турди. Урва: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларида енгиллик сезиб, чиқдилар. Абу Бакр одамларга имомлик қилаётган эди. Абу Бакр у зотни кўриб, орқага тисарила бошлади. У зот унга «Жойингда туравер», деб ишора қилдилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Бакрнинг ёнига, унга тенглашиб ўтирдилар. Абу Бакр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг намозларига, одамлар Абу Бакрнинг намозига эргашиб намоз ўқидилар», деди».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Имомнинг таҳорати кетганда ўрнига бошқа кишини тортиб қўйишига Умар розияллоҳу анҳуга суиқасд қилинганда ўринларига Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуни тортиб қўйганлари ва Али розияллоҳу анҳунинг бурунлари қонаб кетганда ўринларига бошқа одамни тортиб, имом қилиб қўйганлари далилдир. 

Сўнгра таҳорат қилиб, ўша ерда намозини тамомлайди ёки якка намозхонга ўхшаб жойига қайтади.

Таҳорат қилган жойида намозини келган жойидан давом эттириши, орага кўп амал тушиб қолмасин, деган мақсадда бўлади. Ўрнига қолган имом намозни ўқиб бўлганини билса, шундай қилади. 

Намозда таҳорати кетиб қолган якка намозхон ҳам таҳорат қилган жойида намозини ўқиб олади ёки аввал намоз ўқиётган жойига қайтиб, келган жойидан намозини давом эттиради.

(Ўрнига қолдириб кетган) имоми (намозидан) фориғ бўлган бўлса, (ўзи намозини тугатиб олади). 
Бўлмаса, қайтиб келиб (унга иқтидо) қилади.

Яъни ўзи ўрнига қолдириб кетган ўша имомга иқтидо қилиб, намозни давом эттиради.
Муқтадий ҳам шунга ўхшайди.

Намозда таҳорати кетиб қолса, бориб, таҳорат қилади. Имом намозни тугатган бўлса, ўша ерда, тугатмаган бўлса, қайтиб, унга иқтидо қилган ҳолда давом эттиради.

Агар намозхон жинни бўлиб қолса, ҳушидан кетса, эҳтилом бўлса, қаҳқаҳа билан кулса, қасддан таҳоратини кетказса, унга кўп пешоб етса, боши ёрилиб, қон оқса ёки таҳорати кетганини гумон қилса‑ю, кейин таҳорати кетмагани аён бўлса, намози бузилади. 

Бунда охирги ҳолатдан бошқа барчасида шубҳасиз, намоз бузилади ва янгитдан таҳорат қилиб, қайтадан намоз ўқилади.


«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳида илм билан бирга, тақво, ибодат, зоҳидлик ва Аллоҳга ёлвориш каби сифатлар ҳам мужассам эди. У кишининг шахсий фазилатлари ҳақида давоми...

3612 16:07 / 02.04.2020
Дарахт ёки мевадан сиқиб чиқарилган ва қурбатга ёки бетаҳоратликни кетказиш учун ишлатилган сув ила таҳорат қилинмайди.Демак, уч хил сув билан таҳорат ва ғусл давоми...

3112 13:25 / 01.10.2020
. ,. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон хутба қилсалар, икки кўзлари қизариб, овозлари олий ва давоми...

830 19:00 / 17.11.2023
Албатта, ўзимизга керакли нарсаларни қўлга киритишга, хоҳлаганимизни эса улоқтиришга одатланганмиз. Аммо биз кераксиз деб ташлаб юборган нарсамиз ёки егуликлар давоми...

2809 05:00 / 06.03.2017