1445 йил 21 шаввол | 2024 йил 30 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Аёл томонидан бўлган яқинлар мероси

09:22 / 13.01.2020 1900 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

Термизийнинг лафзида:

«Аллоҳ ва Унинг Расули мавлоси йўқнинг мавлосидир. Вориси йўқнинг вориси тоғадир», дейилган.

Миқдом ибн Караба ибн Амр ибн Язийд, кунялари Абу Кариймата ал-Кандий. У зот ёшлик чоғларида Канда элчилари билан бирга Ямандан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келдилар. Улар саксон нафар отлиқ кишилар эди. Шундан сўнг Шом шаҳрида истиқомат қилдилар. Ҳаммаси бўлиб, 40та ҳадис ривоят қилдилар.

Ушбу ҳадислардан Имом Бухорий ҳам ажратиб олдилар.

Бу зот ҳижратнинг 87-йили 91 ёшларида Ҳимс шаҳрида вафот этдилар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларидан ҳар бир киши ҳақида унинг ўзидан ҳам кўра кўпроқ қайғуришларини таъкидламоқдалар. Шунинг учун ҳам у зот умматларидан ким вафот этиб, ортидан қарзи қолса, уни узишга ваъда бермоқдалар. Шу билан бирга, унинг ортидан қолган чорасиз аҳли аёлини ҳам боқиб, таъминлашларини айтмоқдалар. Аммо умматдан бир киши мерос қолдирса-ю, унинг вориси бўлса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам олмайдилар.

Лекин маййитнинг мавлоси ҳам, ортидан меросхўри ҳам йўқ бўлса, Байтулмол учун унинг меросини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам оладилар. Шунингдек, унинг асири бўлса, тўлов тўлаб, озод қиладилар.

Ҳадиси шарифнинг кейинги жумласида биз ўрганаётган фасл – она томонидан бўлган қариндошнинг мерос олиши ҳақида хабар келади:

«Мавлоси йўқнинг мавлоси тоғадир: молини меросга олади ва асирини озод қилади».

Демак, фарз эгаси ва асаба йўли билан меросхўри йўқ бўлган кишининг тоғаси бўлса, у меросхўр бўлади – унинг молини меросга олади. Асири бўлса, тўлов тўлаб, озод қилади.

Кўпчилик саҳобалар, тобеъинлар ва Ҳанафий мазҳаби тоға, сингилнинг ўғли каби аёл томонидан бўлган қариндошлар ҳам мерос олишига ушбу далилларни келтириб, буни ҳаётга татбиқ қилишга ўтганлар.

Бошқа мазҳаблар эса «Аёл томонидан бўлган қариндошлар мерос олмайдилар, бундай ҳолда мерос Байтулмолга топширилади. Агар Байтулмол бўлмаса ёки Байтулмол ҳақни эгасига бермайдиган бўлсагина аёл томонидан бўлган қариндошларга берилади», деганлар.

عَنْ تَمِيمٍ الدَّارِيِّ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّهُ قَالَ: يَا رَسُولَ اللهِ، مَا السُّنَّةُ فِي الرَّجُلِ يُسْلِمُ عَلَى يَدَيِ الرَّجُلِ مِنَ الْمُسْلِمِينَ؟ قَالَ: هُوَ أَوْلَى النَّاسِ بِمَحْيَاهُ وَمَمَاتِهِ. رَوَاهُ أَصْحَابُ السُّنَنِ.

Тамийм ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Мусулмонлардан бир кишининг қўлида Исломга кирган одамга оид суннат нима?» деди.

«У – унинг ҳаётида ва мамотида энг ҳақли одамдир», дедилар у зот».

«Сунан» эгалари ривоят қилганлар.

Ҳанафий мазҳаби ушбу ривоятни «Ке­йин мусулмон бўлган одам вафот этса-ю, унинг мерос­хўри бўлмаса, уни Исломга киритган киши у билан аҳднома тузган бўлса, меросни олади», деб тушунган.

Бошқа мазҳаблар эса «Бу ривоятда мерос тўғрисида очиқ гап йўқ, шунинг учун бировнинг Исломга киришига сабаб бўлган одам ундан қолган меросга эга бўлмайди. Агар ундай одамнинг меросхўри бўлмаса, мероси Байтулмолга берилади», деганлар.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا: أَنَّ مَوْلًى لِلنَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم مَاتَ وَتَرَكَ شَيْئًا وَلَمْ يَدَعْ وَلَدًا وَلَا حَمِيمًا، فَقَالَ صلى الله عليه وسلم: هَاهُنَا أَحَدٌ مِنْ أَهْلِ أَرْضِهِ؟ قَالُوا: نَعَمْ، قَالَ: فَأَعْطُوهُ مِيرَاثَهُ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالتِّرْمِذِيُّ وَحَسَّنَهُ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир мавлолари вафот этди. Ортидан нарса қолдирди. Фарзанд ва яқин қолдирмади. Шунда соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бу ерда унинг ватандошларидан бирор киши борми?» дедилар.

«Ҳа», дейишди.

«Унинг меросини ана ўшанга беринглар», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. Термизий ҳасан, деган.

Барча уламоларимиз «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисдаги мазкур мавлонинг меросини унинг ҳамшаҳарига садақа сифатида берганлар, мерос сифатида эмас», дейдилар. Шариат ҳукми бўйича бундай ҳолатларда мерос Байтулмолга берилади.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَ: كُلُّ قَسْمٍ قُسِمَ فِي الْجَاهِلِيَّةِ فَهُوَ عَلَى مَا قُسِمَ، وَكُلُّ قَسْمٍ أَدْرَكَهُ الْإِسْلَامُ فَإِنَّهُ عَلَى قَسْمِ الْإِسْلَامِ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَابْنُ مَاجَهْ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Жоҳилиятда қилинган ҳар бир тақсим қандай тақсимланган бўлса, шундай (қолди). Ислом келганидан кейинги ҳар бир тақсим – исломий тақсим бўйичадир», дедилар».

Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилганлар.

Исломгача бўлган тақсимлар қайтадан кўриб чиқилмаган. Дарҳақиқат, ўша пайтдаги мол-мулк, насаб ва никоҳга тегишли муомалалар аввалги тартиб-қоидаларга биноан давом этиб кетаверган.

Ислом келганидан кейинги муомалалар эса исломий қонун-қоида асосида бўлган.

(Тамом)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Насх, сўзи луғатда .ўзгартириш,, .бекор қилиш, маъносини билдиради. Усулул фиқҳ таърифида эса .Бир шаръий ҳукмнинг ундан кейин келган шаръий далил билан бекор давоми...

3513 17:27 / 20.12.2017
. . . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Фотима бинти Абу Ҳубайш Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан .Мен истеҳоза бўламан, давоми...

2146 13:00 / 04.02.2021
Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, юртимизда инсонларнинг диний савиялари кунданкунга ошиб бораётгани уларнинг динни тўғри тушунишга ундамоқда. Қолаверса, давоми...

3022 05:00 / 19.01.2017
Инсоннинг аврат жойлари яъни, ёпилиши лозим бўлган уят жойлари ва уни қаерда очиш мумкину қаерда очиш мумкин эмаслигини билиб олсак. Зеро, жумла уламолар давоми...

20258 05:00 / 18.01.2017