Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 23 жумадис сони | 2025 йил 14 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (233-дарс) «Ким намозни унутса, уни эслаган заҳоти ўқиб олсин

19:00 / 01.06.2023 3955 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ نَسِيَ صَلَاةً فَلْيُصَلِّ إِذَا ذَكَرَهَا، لَا كَفَّارَةَ لَهَا إِلَّا ذَلِكَ ﮋ ﭟ ﭠ ﭡ ﮊ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَلِمُسْلِمٍ: إِذَا رَقَدَ أَحَدُكُمْ عَنِ الصَّلَاةِ أَوْ غَفَلَ عَنْهَا فَلْيُصَلِّهَا إِذَا ذَكَرَهَا، فَإِنَّ اللهَ يَقُولُ: ﮋ ﭟ ﭠ ﭡﮊ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким намозни унутса, бас, уни эслаган заҳоти ўқиб олсин. Унинг бундан бошқа каффороти йўқдир», дедилар». «...Мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт».

Бешовлари ривоят қилишган.

Муслимнинг ривоятида:

«Агар бирортангиз намоздан ухлаб ёки ғофил қолса, бас, уни эслаган заҳоти ўқиб олсин. Чунки Аллоҳ: ­«...Мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт», деган», дейилган.

Унутган ва ухлаб қолган одам намознинг қазосини ўқиши лозим бўлганидан кейин, қасддан қолдирган одамга уни қазо қилиш, албатта, лозиму лобуд бўлади.

Ҳайз ёки нифос кўрган аёлдан намоз соқит бўлади. У қазосини ўқимайди. Шунингдек, асли кофир ёки жинни бўлган одам ҳам намознинг қазосини ўқимайди. Беш вақт намоз вақтидан кўпроқ муддат ҳушидан кетиб ётган одам ҳам қазосини ўқимайди. Муртад яна Исломга қайтса, муртадлик вақтидаги намозни қазо қилмайди.

Ҳаётлик вақтида имо билан ҳам намоз ўқишдан ожиз бўлган одам каффорот беришни васият қилиши лозим эмас.

Шунингдек, сафар ёки хасталик туфайли рўза тута олмаган одам тузалмасдан ёки сафардан қайтмасдан ўлиб қолса ҳам, фидя беришни васият қилиши шарт эмас. Аммо мазкур васиятни қилиш мустаҳабдир.

Ким узрсиз, ҳатто имо билан ўқишга қодир бўла туриб, олти намоздан зиёдни қолдирган бўлса, каффорот беришни васият қилиши лозимдир. Рамазонда узрсиз рўза тутмаган одам ҳам шунга ўхшашдир.

Уларнинг фидяси ва каффороти қолдирган меросининг учдан биридан берилади. Ўлганнинг валийси фидяни ўз ҳисобидан берса бўлади.

Фидя ва каффоротнинг миқдори бир кунлик намоз учун ярим соъ буғдой (1087,5 гр) ёки унинг қиймати. Бир кунлик рўза учун ҳам шунча бўлади.

Киши ўзи ҳаётлик чоғида ўқимаган намозининг каффоротини тўлаши мумкин эмас. Аммо рўзаникини, унинг қазосини бажаришга кўзи етмаса, беради.

Меросхўрлар ўлган шахснинг қазо намозларини ўқиб қўйиши мумкин эмас. Чунки намоз шахсий баданий ибодатдир.

Қазо худди адодек бўлади. Сафарда қазо қилган бўлса, қазосини ҳазарда ўқиса ҳам, икки ракъат ўқийди. Ҳазарда қазо қилган тўрт ракъатли намознинг қазосини сафарда ўқиса, тўрт ракъат ўқийди.

Қазони дарҳол ўташ керак. Тирикчилик ва ҳожат учун узр қабул. Қазони жамоат бўлиб ўқиш мумкин. Бомдоднинг фарзга тобеъ суннатидан бошқа суннатлар қазо қилинмайди.

Беш фарз ва витр орасида уларнинг ҳаммаси ёки баъзиси ўтиб кетганда тартибга риоя қилиш фарздир.

Хандақ куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлари юқоридаги ҳадисда зикр қилинди.

Илло, вақт тор бўлиб қолса ёки унутса, ёхуд олтитадан зиёда бўлса, бундан мустасно.

Тартибга риоя қилиш уч сабаб ила соқит бўлади:

1. Вақтли намознинг ўтиб кетиш хавфи.

2. Қазоларнинг олтидан кўп бўлиши.

3. Адо пайтида қазони унутиб қўйиш.

Агар қазо намозлар ададини билиб бўлмайдиган даражада кўп бўлиб кетса, зиммасидагини адо қилганига кўнгли тўлгунча қазони ўқийди. Ўзига осон бўлиши учун аввалги ўқимаган намозини ва охирги ўқимаган намозини тайин қилиб олиб, ўшанга қараб ўқийверади.

Бошқа намозлар қатори, қазо намозини ҳам қуёш чиқаётганида, қиёмда турганида ва ботаётганида ўқиб бўлмайди.

Аммо бомдод ва асрдан кейин нафл ўқиш мумкин бўлмаса ҳам, қазо ўқиш мумкин.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фиқҳ китоблари ёзилиш шаклига кўра ҳам бир неча турга тақсимланади. Баъзиларида алоҳида бир мазҳабнинг, тўғрироғи муаллифнинг фиқҳий мазҳабининг фуқаҳолар давоми...

4294 05:00 / 18.01.2017
Фиқҳ илмининг асоси .Усулул фиқҳ, муҳим илмлардан биридир. Зероки у фиқҳ масъалаларнинг манбаъидир. Фуқаҳолар мужтаҳидларнинг шариат аҳкомларини қай тариқа давоми...

10484 05:00 / 17.01.2017
Саҳобалар даврининг иккинчи ярмига келиб баъзи фиқҳий мадрасалар бўй кўрсата бошлади. Албатта, бу ҳол биринчи бўлиб Ислом оламининг қалби бўлган Мадина ва Макка давоми...

7039 09:13 / 12.11.2018
Қуёш тутилганда жуманинг имоми одамлар билан икки ракъат нафл намоз ўқийди. Бу намоз худди жума ва икки ийд намозлари каби бўлади. . давоми...

3615 19:00 / 28.04.2023