Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 29 ражаб | 2026 йил 18 январь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ 197- дарс. Ислом шариатида бир масалада икки хил кўрсатма келган бўлса...

19:00 / 18.08.2022 3819 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: «إِنَّمَا جُعِلَ الْإِمَامُ لِيُؤْتَمَّ بِهِ، فَإِذَا كَبَّرَ فَكَبِّرُوا، وَإِذَا رَكَعَ فَارْكَعُوا، وَإِذَا قَالَ: سَمِعَ اللهُ لِمَنْ حَمِدَهُ فَقُولُوا: اللَّهُمَّ رَبَّنَا وَلَكَ الْحَمْدُ، وَإِذَا سَجَدَ فَاسْجُدُوا، وَإِذَا صَلَّى جَالِسًا فَصَلُّوا جُلُوسًا أَجْمَعُونَ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

وَلَفْظُ أَبُو دَاوُدَ: «إِنَّمَا جُعِلَ الْإِمَامُ لِيُؤْتَمَّ بِهِ، فَإِذَا كَبَّرَ فَكَبِّرُوا وَلَا تُكَبِّرُوا حَتَّى يُكَبِّرَ، وَإِذَا رَكَعَ فَارْكَعُوا وَلَا تَرْكَعُوا حَتَّى يَرْكَعَ، وَإِذَا سَجَدَ فَاسْجُدُوا وَلَا تَسْجُدُوا حَتَّى يَسْجُدَ».

قَالَ الْحُمَيْدِيُّ: قَوْلُهُ: «إِذَا صَلَّى جَالِسًا فَصَلُّوا جُلُوسًا» هُوَ فِي مَرَضِهِ الْقَدِيمِ، ثُمَّ صَلَّى النَّبِيُّ صلى الله عليه وسلم بَعْدَ ذَلِكَ جَالِسًا وَالنَّاسُ خَلْفَهُ قِيَامًا، لَمْ يَأْمُرْهُمْ بِالْقُعُودِ، وَإِنَّمَا يُؤْخَذُ بِالْآخِرِ، فَالْآخِرِ مِنْ فِعْلِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Имом унга эргашилиши учунгина қўйилгандир. Такбир айтса, сизлар ҳам такбир айтинглар. Рукуъ қилса, сизлар ҳам рукуъ қилинглар. «Самиъаллоҳу лиман ҳамидаҳ», деса, «Аллоҳумма Роббанаа ва лакал ҳамд», денглар. Сажда қилса, сажда қилинглар. Ўтириб намоз ўқиса, барчангиз ўтириб намоз ўқинг», дедилар».

Абу Довуд келтирган лафзда:

«Имом фақат унга эргашилиши учун қўйилгандир. Такбир айтса, сизлар ҳам такбир айтинглар. У такбир айтмагунча сизлар такбир айтманглар. Рукуъ қилса, сизлар ҳам рукуъ қилинглар. У рукуъ қилмагунча сизлар рукуъ қилманглар. Сажда қилса, сизлар ҳам сажда қилинглар. У сажда қилмагунча сизлар сажда қилманглар», дейилган.

Ҳумайдий айтади:

«Ўтириб намоз ўқиса, барчангиз ўтириб намоз ўқинг», деган сўзлари у зотнинг илгариги бетобликларида бўлган. Бундан кейин Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам яна ўтириб намоз ўқидилар, одамлар эса ортларида тик туришди. У зот уларни ўтиришга буюрмадилар. Албатта, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амалларидан энг охиргиси олинади».

Бухорий ривоят қилган.

Биринчи ривоятдаги «Ўтириб намоз ўқиса, барчангиз ўтириб намоз ўқинг», дейилган гап ҳақида бир оз тушунтириш бериш лозим.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни отдан йиқилиб тушиб, ўнг ёнбошлари жароҳатланганда, у зотни кўргани келган саҳобаи киромларга ўтириб имомлик қилаётиб айтганлар.

Лекин ҳозирда ўтириб имомлик қилган кишига ўтириб иқтидо қилинмайди. Агар имом ўтириб имомлик қилса ҳам, қавм тик туриб иқтидо қилади, чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этишларидан олдинги беморликларида ўтириб имомлик қилганларида саҳобаи киромлар тик туриб иқтидо қилганлар.

Умуман, Ислом шариатида бир масалада икки хил кўрсатма келган бўлса, иккисидан охиргисига амал қилинади. Биринчиси мансух, иккинчиси носих бўлади.

Ушбу усулий қоидани имом Бухорийнинг шайхлари Ҳумайдий иккинчи ривоятда баён қилиб бермоқдалар.

Шунинг учун жумҳур уламолари: «Ўтириб намоз ўқийдиган имомга тик туриб иқтидо қилинади. Иқтидо қилувчи тик туришга қодир бўла туриб, имомига эргашаман деб, ўтириб намоз ўқиши жоиз эмас», дейдилар.

Имо қилувчи имо қилувчига иқтидо қилиши жоизлиги икковларининг ҳоли бир хил бўлган ҳолат учундир. Аммо имом ёнбошлаб, муқтадий ўтириб, имо билан намоз ўқиши жоиз эмас.

Нафл ўқувчи фарз ўқувчига иқтидо қилиши жоизлиги фарз намози нафлдан кучли бўлганидандир.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳанафий мазҳаби бўйича, маййит таҳорат қилдирилади. Аввал ундан нажас ва нопок нарсалар кетказилади. Сўнгра олд ва орқа авратлари латта билан ювилади. Аммо оғзига давоми...

3731 19:00 / 08.02.2024
Мусулмонлар ўша ер аҳли билан уруш қилиб эгаллаган, лекин тақсимланмай, ўз аҳлига қолдирилган ерлар. Ироқ, Аҳвоз, Форс, Кирмон, Исфаҳон, Рай, Миср ва Мағриб ерлари шу давоми...

2017 19:00 / 13.02.2025
бешинчи мақола . Сафвон ибн Ассол розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга мусофир бўлган давоми...

4645 13:00 / 21.01.2021
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Фотима ва Аббос розияллоҳу анҳумо Абу Бакрнинг ҳузурига келиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган давоми...

2811 15:30 / 30.03.2020