Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 8 жумадул аввал | 2024 йил 10 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Намоздаги тиловат саждаси ташқарида қазо қилинмайди | Фиқҳ дарслари (241-дарс)

19:00 / 04.08.2023 1738 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бир одам масжидга кирса, имом сажда оятини тиловат қилиб тиловат саждасини қилди ва янги ракъатга турди. Ҳалиги одам ўша янги ракъатга келиб қўшилди. У намозни ўқиб, салом бериб ундан чиққанидан сўнг тиловат саждасини қилади. Бу худди намоз ўқиётган одам намоздан ташқаридаги ёки бошқа бир намоздаги одамдан сажда оятининг тиловатини эшитганга ўхшайди. У ҳам намозини ўқиб битирганидан кейин тиловат саждасини қилади.

Ким ўша ракъатда имомнинг саждасидан кейин иқтидо қилса, тиловат саждасини қилмайди.

Намознинг ичида ҳам, уни тамом қилганидан кейин ҳам тиловат саждасини қилмайди. Чунки у ўша ракъатга қўшилиши билан мазкур ракъатдаги ҳамма нарсаларни, жумладан, тиловат саждасини ҳам топган бўлади.

Аммо олдин иқтидо қилса, агар эшитмаган бўлса ҳам, у билан бирга тиловат саждасини қилади.

Аммо мазкур шахс имом тиловат саждасини қилишидан олдин унга иқтидо қилган бўлса, агар сажда оятини эшитмаган бўлса ҳам, имомга эргашиб тиловат саждасини қилади. Чунки ният қилиб иқтидо қилгандан кейин имомга эргашиш лозим бўлади.

Агар муқтадий сажда оятини тиловат қилса, уни ташқаридан эшитган кимсагина сажда қилиб, ўзи сажда қилмайди.

Мабодо шундай вазият юзага келиб қолса, бунда сажда оятини тиловат қилган муқтадий тиловат саждасини қила олмайди. Чунки у бу ишни қилса, имомига хилоф қилган бўлади. Унинг имоми ҳам тиловат саждасини қила олмайди. Чунки унинг ўзи сажда оятини тиловат қилгани йўқ. У муқтадийга эргашиши мумкин эмас. Мазкур муқтадий билан бирга намоз ўқиётган бошқа муқтадийлар ҳам тиловат саждасини қила олмайдилар. Чунки улар ҳам ўз имомларига эргашишлари шарт. Аммо мазкур сажда ояти тиловатини намоздан ташқарида туриб эшитган одам тиловат саждасини қилади.

Намоздаги тиловат саждаси ташқарида қазо қилинмайди.

Чунки мазкур сажда намознинг баркамоллиги сифатида вожиб бўлган эди. Намознинг баркамоллиги учун қилиниши лозим бўлган амал намоздан ташқарида қилинмайди.

Тўхталмасдан қилинган рукуъ тиловат саждасига ўринбосар бўлади.

Яъни биров намозда сажда оятини тиловат қилгандан кейин уч оят ўтгунча рукуъ қилса, ўша рукуъ тиловат саждаси ўрнига ўтади. Агар уч оятдан ўтиб кетиб қолса, ўша рукуъ тиловат саждаси ўрнига ўтмайди. Ўша одамдан тиловат саждаси соқит бўлиб, сажда қилмаганлиги учун гуноҳкор бўлади.  

Ибн Умар розияллоҳу анҳу намозда сажда оятини тиловат қилгандан кейин рукуъ қилиб қўяр эдилар. Чунки рукуъ ҳам мутавозеълик учун қилинган, сажда ҳам шунга қилинган.

Агар сажда оятини тиловат қилгандан кейин тиловат саждасини ният қилиб намознинг одатдаги рукуъсини ва яна тиловат саждасини ният қилиб намознинг навбатдаги саждасини қилса, ҳам намознинг, ҳам тиловат саждасининг ўрнига ўтади. Агар ният қилмаса, ўтмайди.

Агар бир мажлисда ёки намозда сажда оятини бир неча бор такрор қилса, бир сажда кифоя қилади.

Сажда оятини тиловат қилувчи уни масжидда, кичик уйнинг ичида, юриб бораётган улов ёки кеманинг устида ёки намоздан олдин қилган қироатни ўша ерда намозда такрор қилса, бир сажда кифоя қилади. Чунки бу ҳолатларнинг барчасида макон битта ҳисобланади ва тиловатлар бир-бирига киришиб кетади.

Бунда такрорни қилиб бўлиб сажда қилса ҳам, саждани қилиб олиб, кейин такрор қилса ҳам, барибир. Тиловат қилувчи ёдлаш учун, таълим учун, эътибор ёки фаҳмлаш учун такрор қилади. Буларнинг ҳар бирида сажда қиладиган бўлса, қийинчилик туғилади ва ўшандан қочиб, такрорни тарк қилиш хавфи туғилади. Аллоҳ таоло эса динда қийинчиликни раво кўрмайди. У Зот Ўз Китобида: «Ва сизга бу динда ҳеч қандай танглик қилмади», деган (Ҳаж сураси, 78-оят). Яна бошқа бир оятда: «Аллоҳ сизларга осонликни ирода қилади ва қийинликни ирода қилмайди», деган (Бақара сураси, 185-оят).

Тингловчида ўзининг мажлиси эътиборга олинади.

Сажда оятини тингловчига тиловат саждасининг вожиб бўлиши унинг мажлиси эътиборидан бўлади.

Тиловат қилувчи бир неча жойда тиловат қилган бўлса ҳам, тингловчи бир жойда эшитган бўлса, бир марта тиловат саждаси қилади.

Агар тиловат қилувчи бир жойда ўтириб тиловат қилса ва тингловчи жойини алмаштириб турган бўлса, алмашгани ададича сажда қилади.

Кийим тўқишдаги юриш ва бир шохдан бошқа шохга ўтиш жойни ўзгартиришдир.

«Кийим тўқишдаги юриш» деганда аввалги вақтдаги қўл билан ўрмак ўрнатиб мато тўқиш, яъни маълум масофага қозиқ қоқилиб, йигирилган ипни ўша қозиқлар орасидаги масофага бориб-келиб тўқиш англанади. Демак, ўрмакнинг бир тарафида турганда сажда оятини ўқиса ёки эшитса, бир тиловат саждаси, нариги тарафга борганда эшитса, яна бир тиловат саждаси вожиб бўлган.

Шунингдек, дарахт устидаги одам шохдан шохга ўтса ҳам жойи ўзгарган ҳисобланади. Унга ҳам неча марта шохдан шохга ўтса, шунча тиловат саждаси вожиб бўлади.

Саҳрода ва йўлда уч қадам юрилса, бир мажлисдан иккинчи мажлисга ўтган бўлади ва тиловат саждаси қилиш вожиб бўлади.

Агар бир нечта сажда оятини тиловат қилса, бир мажлисда бўлса ҳам, ўша оятларнинг ададича сажда қилади.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Мусулмон озчиликлар икки қисмга бўлинадиБиринчи қисм мусулмон бўлмаган жамият халқидан бўла туриб Исломни қабул қилган кишилар жамоаси. Бунга Ғарб давоми...

4446 15:37 / 12.09.2019
. Намознинг вожиблари Фотиҳанинг қироати, бир сура ёки уч оятни зам қилиш, тартибга риоя этиш, қаъдаи аввал, ташаҳҳуд, салом лафзи, витрнинг қунути, давоми...

3746 19:00 / 16.12.2021
Ўша даврда фиқҳ уламоларидан кўплаб фақиҳлар етишиб чиққан. Уларнинг кўпчилиги ўзлари дунёдан ўтишлари билан фиқҳий илмий ишлари ҳам мерос бўлиб қолиб кетган. давоми...

5375 15:44 / 16.01.2020
. . . . Одамдан, отдан ва ҳар бир гўштини еб бўладигандан ортиб қолган сув покдир. Йиртқич ҳайвонларники нажасдир. Мушук, қўйиб юборилган товуқ, йиртқич давоми...

4027 13:05 / 05.11.2020