Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (22-дарс). Фароиз китоблари

13:30 / 27.02.2019 4074 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Фароиз» сўзи «фарз» сўзининг жамидир.

«Фарз» сўзи эса «ўлчов», «кесиш» ва «баён қилиш» маъноларини англатади.

Шариатдаги фарз амаллар ҳам ўлчоғлик, кесиб айтилган ва баён қилинган амаллар бўлгани учун «фарз» деб аталган.

Мероснинг «фарз» деб айтилиши эса меросни ўлчаш шариат томонидан кесилган иш, ҳар бир меросхўрнинг ҳаққи аниқ кўрсатилиб, баён қилинган бўлгани учундир.

Яъни меросдан тегадиган маълум насибага ҳам «фарз» дейилади.

«Меросхўр» деганда, ўлган одамнинг ортидан ундан қолган нарсани олишга бирор шахснинг қолиши тушунилади.

Фиқҳий тушунча бўйича, маййитнинг ортидан шаръий ворисга қолган мол ва ҳуқуқларга «мерос» – «фароиз» дейилади.

Мерос – фароиз илми эса ҳар бир меросхўрнинг қолган меросдаги мол ва ҳуқуқлардан тегадиган насибасини аниқлаб берадиган фиқҳий ва ҳисобий қоидалардир.

Ҳанафий уламолардан «Дуррул Мухтор» китобининг соҳиблари мерос илмини қуйидагича таърифлайдилар:

«Меросхўрлардан ҳар бирининг тарика ва ҳуқуқлардаги ҳаққини аниқлаб берадиган фиқҳ ва ҳисоб усулларини ўз ичига олган илм фароиз (мерос) илмидир».

Мерос – фароиз илмининг асосий далил ва ҳужжатлари Қуръони карим, Суннат ва Ижмоъдан олингандир. Бу илмда қиёсга ўрин қолмаган.

Қуръони каримда мерос ҳақида Нисо сурасида учта, Анфол сурасида битта оят келган.

Набийимиз алайҳиссаломнинг Суннатларида бу мавзу бўйича бир неча ҳадиси шарифлар бор.

Ижмоъга келсак, саҳобаи киромлар момонинг мероси ҳақида ижмоъ қилганлар.

Мерос – фароиз илмининг самараси ва фойдаси шуки, уни ўрганган одам меросни ҳақдорларига тақсим қилиш малакасига эга бўлади. Бу илмнинг билимдони «Фароизий» деб аталади.

Мерос, яъни фароиз илмининг ғояси тарикадан ҳар бир ҳақ эгасига ўз ҳаққини етказишдир.

Фароиз илми фиқҳ илмининг шўъбаларидан биридир.

Фароиз илмига Аллоҳ таолонинг Ўзи асос солгандир.

Бу илмнинг фазли жуда ҳам улуғдир. Уни «Илмнинг ярмидир», деганлар ҳам бор.

Фароиз илмида бир қанча мавзулар ўрганилади:

 – Мероснинг арконлари;

 – Мероснинг шартлари;

 – Меросни ман қилувчи нарсалар;

 – Меросдан тўсиладиганлар;

 – Эркак меросхўрлар;

 – Аёл меросхўрлар;

 – Фарзандларнинг мероси ҳақида;

 – Ота-она ва асабанинг мероси;

 – Бошқанинг сабабидан асаба бўлиш;

 – Бошқа билан бирга асаба бўлиш;

 – Сингиллар ва калола мероси ҳақида;

 – Ҳажб масаласи;

 – Маҳрум қилувчи ҳажб;

 – Нуқсон қилувчи ҳажб;

 – Маҳрум қилувчи ҳажбга учрамайдиган меросхўрлар;

 – Маҳрум қилувчи ҳажбга учрайдиган эркак меросхўрлар;

 – Маҳрум қилувчи ҳажбга учрайдиган аёл меросхўрлар;

 – Муборак биродар масаласи;

 – Машъум биродар масаласи;

 – Муштарак масала;

 – Эр ва хотиннинг мероси ҳақида;

 – Бобо ва момо мероси ҳақида;

 – Вало орқали мерос ҳақида;

 – Аёл томонидан бўлган яқинлар мероси ва ҳоказо.

Фароиз китоблари ҳар бир фуруъул фиқҳ китобларида бўлишига қарамай, уламоларимиз бу мавзуга бағишланган алоҳида китобларни ҳам кўп ёзишган.

1. «Фароизи Сирожийя».

Ҳанафий мазҳаби уламолари ёзган фароиз китоблари ичида энг машҳурларидан бири ва бизнинг диёримизда кўп тарқалгани «Фароизи Сирожийя»дир. Бу китобнинг иккинчи номи «Фароизи Сажовандий»дир.

«Фароизи Сирожийя»ни имом Сирожуддин Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абдуррашид Сажовандий Ҳанафий таълиф қилган. «Фароизи Сирожийя» кўпчиликка маъқул бўлган ва кўпчилик тарафидан дарслик қилиб ўқилган машҳур китобдир. Шунинг учун ҳам Ҳожи Халифа «Кашфуз-зунун»да унга ёзилган шарҳлар рўйхатини келтирганда, бу рўйхат икки саҳифага яқин бўлган.

2. «Ал-фароизул Ушнуҳийя».

Шофеъий мазҳаби бўйича ёзилган фароиз китобларига «Ал-фароизул Ушнуҳийя»ни мисол қилсак бўлади. Унинг муаллифи Абул Фазл Абдулазиз ибн Али Ушнуҳий Шофеъийдир (ҳижрий 550 йилда вафот этган).

Бу китобни Абдурраҳмон ибн Муҳаммад Рашидий Мисрий ва бошқалар шарҳ қилганлар.

3. «Фароизул Жаъдийя алал мазҳабил Моликийя».

Моликий мазҳаби бўйича ёзилган фароиз китобларига Абу Муҳаммад Ҳасан ибн Али ибн Ажъад Моликийнинг «Фароизул Жаъдия алал мазҳабил Моликийя» ва Абул Қосим Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Халаф Ишбилийнинг «Фароизул Ҳувфий» китобларини мисол қилишимиз мумкин.

Мовароуннаҳр уламоларидан бир қанчалари бу мавзуда китоблар таълиф этганлар. Улардан баъзиларини мисол учун зикр қиламиз.

1. Аҳмад ибн Исмоил Темиртоший Хоразмий Ҳанафий (ҳижрий 600 йилларда вафот этган).

2. Саъдуддин Масъуд ибн Умар Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳи (722-792). «Шарҳи Фароизус-Сирожийя»­ китобини таълиф қилган.

3. Саййид Шарийф Али ибн Муҳаммад Журжоний. Ҳижрий 804 санада Самарқандда «Шарҳи Фароизус-Сирожийя»ни ёзиб битирди.

4. Абул Қосим Маҳмуд ибн Умар ибн Муҳаммад Хоразмий Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳи (ҳижрий 538 йилда вафот этган). «Ар-роиз фил фароиз» китобини ёзган.

“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам пешиндан олдинги тўрт ракъатни ва бомдоддан олдинги икки ракъатни ҳеч давоми...

1789 19:00 / 24.02.2023
Аёл киши кўксига қўяди.Аёл киши учун шундай қилиш мосдир.Бу ишни суннат зикри бор ҳар бир қиёмда қилинади.Шунинг учун санода, қунутда ва жаноза намозида ҳам қўл давоми...

2709 20:00 / 28.04.2022
Бизнинг тилимизда .таҳорат, деб ўрганиб қолинган маълум ва машҳур нарса араб тилида .вузуъ, дейилади..Вузуъ, сўзи луғатда .гўзаллик, ва .ялтираш, деган маъноларни давоми...

3390 14:00 / 11.06.2020
Бунда қайси намознинг қай вақтда ўқилиши, беш вақт фарз намозларнинг ҳар бирининг аввалги ва охирги вақтлари, қай вақтда намоз ўқиш жоиз эмас, қай вақтда макруҳ давоми...

3596 13:30 / 20.05.2021