Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 2 зулқаъда | 2025 йил 29 апрель, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (112-дарс). Ғайбиёт олами ва фалсафий тортишувлар (2-қисм)

13:00 / 30.11.2020 4553 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(иккинчи мақола)

Одамни Аллоҳ таоло тупроқдан яратганлиги ва сўнгра унга Ўз руҳидан жон пуфлаганлиги ҳақидаги ҳақиқатни ақлнинг мушоҳадаси йўли билан ҳам тасдиқлаш мумкинлигини мусулмонлар қуйидагича шарҳ қиладилар:

«Бунинг учун одамнинг яратилиш босқичларига ва унинг охират дунёсига қайтиш босқичларига назар солиб, мушоҳада қилиш керак. Аллоҳ таоло тупроқдан лой қилган. Лойдан сополга ўхшаш жасад қилган. Сўнгра ўша жасадга жон киритган. Одам ўлганида биринчи жони чиқади ва яна сополга ўхшаб қотиб қолади. Ер остига кўмилганидан кейин танаси шишиб ёрилиб, лойга ўхшайди. Охири тупроққа қўшилиб кетади».

Илм янги ривожланиб келаётган пайтда одам пайдо бўлиши ҳақидаги исломий назарияни пуч хаёлдан бошқа нарса эмас, дедилар. Аммо илм ривожланган сари ғайри муслим олимларнинг бошқа нарсалар қатори бу борада ҳам исломий ҳақиқатларни тасдиқлашдан бошқа иложлари қолмади.

Аввал илм инсон жисмидаги барча моддалар тупроқда ҳам борлигини кашф қилиб, унинг тупроқдан яралганини таҳлиллар орқали тасдиқлади.

Кейинроқ, илм яна ҳам ривожланганидан кейин, одам танасидаги моддалар тупроқда ҳам борлигидан ташқари, уларнинг нисбати ҳам бир хил экани тасдиқланди. Мисол учун, одам танасида неча фоиз фосфор моддаси бўлса, тупроқда ҳам шунча фоиз борлиги кашф этилди.

Шу ерда, адолат юзасидан, илм ривожлангани сари Дарвин ва унинг сафдошларининг назарияси сув устидаги пуфакдек йўққа чиққанлигини ҳам айтиб ўтишимиз лозим. Охири келиб, Дарвин инсониятга душман унсур сифатида маҳкамага тортилиб, айбдор деб топилганини ҳам айтиб ўтишимиз шарт.

Мана шунинг ўзи ҳам ғайбий нарсалар ҳақида илм ҳосил қилишда кимнинг томони ҳақ эканига ёрқин далилдир.

Энди динлар ва пайғамбарларнинг пайдо бўлиши ҳақидаги масалага қайтайлик.

Аллоҳ таоло Нисо сурасида:

 رُّسُلاً مُّبَشِّرِينَ وَمُنذِرِينَ لِئَلاَّ يَكُونَ لِلنَّاسِ عَلَى اللّهِ حُجَّةٌ بَعْدَ الرُّسُلِ

«Хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи расулларни Аллоҳ ҳузурида одамларга расуллардан сўнг ҳужжат бўлмаслиги учун (юбордик). Ва Аллоҳ ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир», деган. (165-оят).

Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон Зот, шунинг учун ҳам уларга осон бўлсин деб, бандаларга жаннат башоратини берувчи ва дўзахдан огоҳлантирувчи пайғамбарларни юборди.

Пайғамбарлар юборилганидан кейин одамларда ҳеч қандай узр қолмайди. «Пайғамбар юборганингда, унга эргашиб, сенга иймон келтирар эдик, ибодатингни қилар эдик», деб ҳеч ким ҳужжат талаб қила олмайди.

Исломда ақийда қилиб олинадиган тушунчалар Қуръони Карим ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўта ишончли ҳадиси шарифларидан олинади. Ҳар бир оят ва ҳадисни ўта ишончли, эътиқодли, адолатли, содиқ, хотираси кучли, тақводор одамлардан ёлғонга келишиб олишлари мумкин бўлмаган даражада кўп сонли кишилар ривоят қиладилар.

Қуръони Каримда ҳам, ҳадиси шарифда ҳам силсиланинг учи Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб тақалади. Ул зот дунёдаги энг ишончли, ростгўй, адолатли, тақводор, хотиралари кучли ва барча гўзал ахлоқлар соҳиби эканликларини дўст ҳам, душман ҳам бир овоздан тан олган.

Шунингдек, у зотнинг ўта содиқ хабарларни, оят ва ҳадисларни Аллоҳ таолодан фаришта орқали қабул қилиб олаётганларига ҳам минглаб дўсту душманлар шоҳид бўлиб турган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюк ҳаётларининг бирор лаҳзаси ҳам дўсту душманнинг эътиборидан четда қолган эмас. Ул зотнинг инсониятга қилган буюк хизматларини дўсту душман тан олган. Шунинг учун ҳам у зотдан нақл қилинган хабарларда заррача шак ёки шубҳа бўлиши мумкин эмас.

Ислом дини ва унинг Пайғамбарини Аллоҳ таолонинг Ўзи юборганини ва Қуръони Каримни ҳам Ўзи нозил қилганини аста-секин ҳозирги замон илми ҳам тасдиқлаб келмоқда. Энг муҳими, ҳозирги замон илми қанчалар уринса ҳам, Ислом ақийдасида келган собит ҳақиқатларнинг бирортасини ҳам инкор қилиб, унинг ўрнига бошқа бир ҳақиқатни тақдим қила олгани йўқ.

Кун сайин ҳозирги замон илми Қуръони Карим ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида баён этилган ҳақиқатларни кетма-кет тасдиқламоқда.

Ҳозирда Маккаи Мукаррамадаги Ислом Олами Робитаси ташкилоти қошида Қуръони Карим ва Суннати набавиядаги илмий мўъжизалар муассасаси ишлаб турибди. Унда ҳозирги замон илмидаги ояти карималар ва ҳадисларда келган маълумотларни тасдиқлаб қилинган кашфиётлар жамланмоқда. Илмий муассасаларга уларда келган баъзи ҳақиқатларни текшириб кўриш ҳақида буюртмалар ҳам берилмоқда.

Шу ерда адолат юзасидан илм ривожлангани сари Маркс ва унинг сафдошларининг назарияси сув устидаги пуфакдек йўққа чиққанлигини ҳам айтиб ўтишимиз лозим. Охири келиб, Маркс инсониятга душман унсур сифатида маҳкамага тортилиб, айбдор деб топиладиган кун ҳам яқинлигини айтиб ўтишимиз шарт.

(Тамом)

«Сунний ақийдалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АлМалик Барча нарсанинг ЭгасиМалик ndash ҳақиқий эгадир. Ундан ўзга эга йўқдир. Шунинг учун бандалар фақат Унга қул бўладилар. Ҳеч қачон бир давоми...

14295 08:12 / 20.04.2017
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АлАлиймАлийм ndash ҳар бир нарсани, бўлган ва бўладиган, аввалги ва охирги, зоҳир ва ботин нарсаларнинг барчасини билувчи Зотдир. Инсон давоми...

9434 17:14 / 04.05.2017
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қиёмат қоим бўлиши ҳақидаги хабарни турли услублар ила баён қилган. Бу улкан ҳақиқатни сиз билан биз бандаларига англатиш учун ажойиб давоми...

2833 19:00 / 22.05.2023
Савол Худо мавжуд бўлса, нега дунёда бегуноҳ инсонларга шунча зулм бўлмоқда Африка қитъаси давлатларида норасида гўдаклар нега очликдан ўлмоқдаЖавоб 1. Аллоҳ давоми...

3693 17:01 / 06.11.2018