Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 2 жумадул аввал | 2024 йил 03 ноябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (123-дарс). «Инсон» сўзининг келиб чиқиши (5-қисм)

21:00 / 01.03.2021 3812 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(бешинчи мақола)

 أَفَرَأَيْتُم مَّا تَحْرُثُونَ۝  أَأَنتُمْ تَزْرَعُونَهُ أَمْ نَحْنُ الزَّارِعُونَ۝

«Ўзингиз экадиган нарсани ўйлаб кўринг-а! Уни сиз ундирасизми ёки Биз ундирувчимизми?» (63-64-оятлар).

Инсон ва ҳайвон фойдаланадиган ўсимликни олиб кўрайлик. Унинг униб ўсишида, мева-маҳсулот беришида инсоннинг қандай ўрни бор? У Аллоҳ яратган ерга Аллоҳ яратган уруғни Аллоҳ яратган тан аъзоларини ишлатиб сепади, холос. Қолганига ҳеч нарса қўлидан келмасдан қараб тураверади. Уруғнинг униб чиқиши учун ер, сув, уруғлик ва кимёвий моддаларнинг ўзигина кифоя қилмайди. Уруғнинг ичида Аллоҳнинг қудрат қўли ҳаракатга солиб турган ички имконият бор. Ана ўша ишга тушиб, ажойиботлар содир бўлади. Кўпгина ўзгариш, ўсишлардан сўнггина уруғи олинган набототга ўхшаш ўсимлик униб чиқади.

Унга ким шакл беради?

Ким ранг беради?

Ё ўз-ўзидан бўладими?

Инсон бу ишни амалга ошириш у ёқда турсин, ўша ўсимликка ўхшатиб расм чиза олмай овора бўлади. Ҳаммасини ҳам бир ёққа қўйиб туриб, «Биринчи ўсимлик қаёқдан пайдо бўлди?» деб савол берайлик-чи. Жавоб битта! Роҳман сифатли Аллоҳдан бошқа ҳеч ким пайдо қилган эмас.

Ушбу ҳақиқатни эслатиб туриш учунми, баъзида ҳамма шарт-шароит бўлиб турса ҳам, экин ўсмай қолаверади ёки ўйлаган ҳосилни олиб бўлмайди. Чунки бу ишда инсон бир воситачи, холос. Ҳақиқий иш бажарувчи Аллоҳнинг Ўзи. У ҳар бир нарсага қодир!

 لَوْ نَشَاء لَجَعَلْنَاهُ حُطَامًا فَظَلَلْتُمْ تَفَكَّهُونَ۝  إِنَّا لَمُغْرَمُونَ۝ بَلْ نَحْنُ مَحْرُومُونَ۝

«Агар хоҳласак, уни қуруқ чўпга айлантириб қўяр эдик. Сизлар эса надоматда ажабланиб: «Албатта, биз зиён кўрганлармиз. Балки маҳрум бўлганлармиз»  (65-67-оятлар).

Зироатни Аллоҳ таоло ўстириши аввал таъкидланиб, бу борада ҳам инсоннинг ожизлиги унинг эсига солинган эди. Ушбу уч оятда инсоннинг мазкур ожизлиги бошқа томондан таъкидланмоқда.

«Агар хоҳласак, уни қуруқ чўпга айлантириб қўяр эдик».

Ҳа, Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган лаҳзада ям-яшил бўлиб турган дов-дарахт, ўт-ўлан ва экин-тикинларни қуруқ чўпга айлантириб қўйиши жуда ҳам осон. Бу ишни бандаларига эслатиб туриш учун ҳар замонда намуна тариқасида мисоллар кўрсатиб ҳам туради. Агар Аллоҳ хоҳлаб, набототларни қуруқ чўпга айлантириб қўйса, бандалар нима қила олади? Ҳеч нарса. Уларнинг қила оладиган иши «надоматда ажабланиб: «Албатта, биз зиён кўрганлармиз. Балки маҳрум бўлганлармиз», дейиш бўлади, холос.

Бас, шундай экан, бандалар ўзлари экаётган нарсаларни ундирувчи Зот – Аллоҳ таолога иймон келтириб, У Зотга ибодат қилсалар бўлмайдими?!

Қуръони Карим Аллоҳнинг қудратига далолат қилувчи ҳужжатларни келтиришда давом этиб, инсон ҳар доим муҳтож бўлиб турадиган неъматлардан бири бўлмиш сув ҳақида сўз очади:

 أَفَرَأَيْتُمُ الْمَاء الَّذِي تَشْرَبُونَ۝  أَأَنتُمْ أَنزَلْتُمُوهُ مِنَ الْمُزْنِ أَمْ نَحْنُ الْمُنزِلُونَ۝

«Ўзингиз ичадиган сувни ўйлаб кўринг-а! Уни булутлардан сиз туширганмисиз ёки Биз туширувчимизми?» (68-69-оятлар).

Сув ҳаёт манбаи дейилади. Сувсиз ҳаётни тасаввур қилиб бўлмайди. Хўш, ушбу сувнинг вужудга келишида инсоннинг қандай хизмати бор? У сувни ичишдан ва булғашдан бошқа юмушга аралаша олмайди. Ҳаммаси фақат Роҳман сифатли Аллоҳнинг қудрати билан бўлади.

Охирги пайтда инсон булутлардан ёмғир ёғдиришга уриниб кўрди. Лекин бу тажриба, холос. Бу уриниш оқибатида катта ноқулайликлар ҳам келиб чиқмоқда. Қолаверса, бу иш бор нарсага таъсир ўтказишдан иборат, холос. Худди ер остидан булоқ ёки қудуқ қазиб, сув чиқазгандек.

Инсон кундалик ҳаётида давомли равишда сувга ҳожати тушиб туради. Уни тинмай истеъмол қилади. Лекин сувнинг асли қаердан келганини кўп ҳам ўйлаб кўрмайди. Агар инсоф билан, синчиклаб ўрганганида эди, Аллоҳнинг қудратига қойил қолиб, ибодатига шошиларди. Чунки Аллоҳ хоҳласа, бир зумда сувнинг чучуклик хусусиятини йўқотиб, шўр қилиб қўйиши ҳам мумкин. Ҳа,

 لَوْ نَشَاء جَعَلْنَاهُ أُجَاجًا فَلَوْلَا تَشْكُرُونَ۝

«Агар хоҳласак, уни шўр қилиб қўямиз. Шукр қилсангиз-чи!» (70-оят).

Аллоҳ таолонинг неъматларини ўзининг зиддига солиштириб кўрилганда, уларнинг қадри билинади. Ғофил бандалар тайёр сувни хоҳлаганича ишлатиб юриб ўрганиб қолганлар. Уларга бу нарса ўзи шундай бўлиши керакдек кўринади. Шунинг учун ҳам ҳаёт манбаи бўлган сувни уларга берган Зотни унутиб қўядилар. Лекин улар бир тасаввур қилсинлар-а!

«Агар хоҳласак, уни шўр қилиб қўямиз».

У ҳолда бандалар нима қила оладилар? Дунёдаги барча сувлар шўр бўлиб қолди. Бутун дунёнинг ҳоли нима бўлади? Шўр сувни қайта ишлаб чучук қилиб олаверадиларми? Буни қилиш учун қанча куч-қувват, маблағ, вақт ва илм керак? Қолаверса, қайта ишланган сув Аллоҳ берган сувчалик бўлармиди?! Ундан ҳам қолаверса, сувни қайта ишлашни Аллоҳ билдирмаса, банда қаердан ҳам била олар эди!? Эй ожиз бандалар,

«Шукр қилсангиз-чи!»

Келаси оятларда Аллоҳнинг инсонга берган яна бир неъмати – олов ҳақида сўз боради:

 أَفَرَأَيْتُمُ النَّارَ الَّتِي تُورُونَ۝ أَأَنتُمْ أَنشَأْتُمْ شَجَرَتَهَا أَمْ نَحْنُ الْمُنشِؤُونَ۝

«Ўзингиз ёқадиган оловни ўйлаб кўринг-а! Унинг дарахтини сиз яратганмисиз ёки Биз яратувчимизми?» (71-72-оятлар).

Оловсиз ҳам инсон ҳаётини тасаввур қилиб бўлмайди. Ҳар доим унга инсоннинг ҳожати тушиб туради. Лекин оловнинг ёниши ва ундан фойдаланиш одатдаги ҳолга айланиб, уни ким яратган, ёниш хусусиятини унга ким берган, деб ўйлаб кўриш доим ҳам инсоннинг эсига келавермайди. Оловнинг ёқилғиси дарахт. Унинг қандай вужудга келишини аввал ўргандик. Нима учун дарахтни дарахтга ишқалса, ўт чиқади? Олов мўъжизасини ҳали ҳеч ким ўргана олгани йўқ.

Агар Аллоҳ таоло бандаларга олов неъматини бермаганида, уни келтириб чиқарувчи сабабларни жорий қилмаганида, бандаларнинг ҳоли нима бўлар эди? Ҳеч бўлмаса шуни ўйлаб кўрмайдиларми? Ўзлари ёқадиган оловнинг дарахтини яратган Зотга иймон келтириб, ибодат қилмайдиларми?! Ҳа, ўйлаб кўрсинлар.

Бунга ўхшаш далил ва ҳужжатлар жуда ҳам кўп. Биз гапни чўзмаслик учун фақат улардан бир нечтасинигина ўта содда ҳолда келтирдик. Бу маънода кўпроқ маълумот олмоқчи бўлганлар махсус адабиётларга мурожаат қилишлари мумкин.

Энди Аллоҳ таолонинг борлигига оид  соф илмий далиллар билан танишиш учун илмий тарафлардан чиққан баъзи маълумотларни кўриб чиқайлик.

Америкадаги илмий журналлардан бири атом, фалакиёт, биология ва математика олимлари билан ўтказган сўровдан кейин, жумладан, қуйидаги маълумотларни эълон қилган:

«Олимларнинг таъкидлашларича, уларда бу дунёнинг низомини тутиб турган улуғ нарса бор. Ўша Зот уларни Ўз риоясига олиб туради. Ўзининг чексиз раҳмати ила қамраб ва илми ила ўраб туради.

Доктор Райннинг айтишича, унинг лабораторияларда олиб борган тажрибаларида инсоннинг жисмида руҳ ва назарга тушмайдиган бошқа жисм борлиги собит бўлган.

Бошқа бир олимнинг айтишича, самовий динларда «Аллоҳ» деб номланган улуғ нарсанинг бу дунёдаги атом қуввати ва бошқа қувват ҳамда қонунларни бошқариб туришида ҳеч қандай шубҳа йўқ».

Бунга ўхшаш маълумотлар келтирилган манбалар ҳам кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Истаган киши ўшаларга мурожаат қилиши мумкин.

(Тамом)

«Сунний ақийдалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади . ,. . ,. . Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳу ўз ўғлига шундай деган .Эй ўғлим Сен давоми...

3200 17:00 / 05.07.2021
Қуръони Карим аввалидан охиригача мазкур икки тур тавҳидни баён қилишга, уларнинг шаънини ҳақиқатга чиқаришга хизмат қилади. Чунки Қуръон 1. Аллоҳ, Унинг исмлари, давоми...

1171 19:00 / 01 апрель
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади Туғилган болалар унинг ҳузурига келтириларди. Бас, уларга барака тилаб дуо қилар эди. Бир гўдак ҳузурига келтирилди. Унинг давоми...

6599 06:38 / 04.09.2018
Эй одамлар Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар У билан ўзаро сўровда давоми...

5774 15:14 / 07.11.2017
Аудиолар

133232 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53577 14:35 / 11.08.2021