Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 11 жумадул аввал | 2024 йил 13 ноябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (137-дарс). Ишларнинг хотимасига қараб якун ясалади

16:00 / 07.06.2021 3344 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аввалги дарсимиздаги ҳадиснинг давомида нима учун одамлар бир-бирларининг ёки ўзларининг бадбахт ёки некбахтлигини била олмасликлари баён қилинмоқда.

Пайғамбаримиз ҳадиснинг бу қисмини «Ундан бошқа илоҳу маъбуд йўқ Зот билан қасамки», деб бошламоқдалар. Бу эса келажак гапнинг ўта муҳим эканига далолатдир.

«...бирингиз аҳли жаннатнинг амалини қилиб келиб, ўзи билан жаннатнинг орасида бир аршин қолганда, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, дўзах аҳлининг амалини қиладида, унга киради».

Одамнинг нима бўлишини ким билар эди? Ҳатто ўша одамнинг ўзи ҳам билмайди. Умр бўйи тоат-ибодатда юриб, охирида шайтоннинг иғвосига учиб, иши расво бўлиши мумкин.

«Албатта, бирингиз дўзах аҳлининг амалини қилиб келиб, ўзи билан дўзах орасида бир аршин қолганида, ундан ўша китоб ўзиб кетиб, аҳли жаннатнинг амалини қилади-да, жаннатга киради».

Бунақаси ҳам бўлиши мумкин. Умр бўйи нима қилиб юрган бўлса-да, охирги пайтда инсонлиги қўзиб, яхши бир амал билан ҳоли батамом ўзгариб қолиши мумкин.

Шунинг учун ҳам ақоид уламолари ушбу ҳадиси шарифни ва шунга ўхшаш бошқа ҳадисларни далил қилиб:  «Аҳли қибладан муайян шахснинг жаннатий ёки дўзахий эканлигига қатъий ҳукм қилиб бўлмайди», дейдилар.

Аммо юқорида зикр қилинган икки ҳолатда ҳам қадарнинг, Аллоҳнинг азалий илмининг мажбурий таъсири йўқ. Китобнинг ўзиб кетиши эса унда ёзилган илмнинг ўта аниқ ва пухта эканини билдиради, холос.

Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳнинг илми шомилу комил, аниғу пухта, ҳамма нарсани қамраб олувчи экани баён қилинди. Бу ҳақиқатни бирма-бир ўрганиб чиқдик. Ҳадиснинг охирида инсон ўз амали асосида ҳукм чиқариб, Аллоҳни унутиб қўймаслиги ёки кўнгли бир оз бўлса ҳам бошқа томонга бурилиши мумкин эмаслиги таъкидланмоқда.

Ҳеч ким «Умрим бўйи яхши амал қилдим, энди албатта жаннатга кираман», деб хотиржам бўлмасин! Ҳатто умрининг охирги лаҳзасида ҳам иш бошқачага айланиб кетиши мумкин. Чунки ҳамма нарса Аллоҳнинг амри билан бўлади.

Ҳеч ким «Мен умрим бўйи гуноҳ қилиб ўтдим, энди албатта дўзахга тушаман», деб ноумид бўлмасин! Ҳатто умрининг охирги лаҳзасида ҳам иш бошқачага айланиб кетиши мумкин. Чунки ҳамма нарса Аллоҳнинг амри билан бўлади.

Ишларнинг хотимасига қараб якун ясалади. Умрнинг интиҳоси қачонлигини ҳеч ким билмайди. Шунинг учун ҳаётнинг ҳар лаҳзасини умрнинг охири деб билиш керак.

Яхшилик қилиб юрганлар охирги иши ёмонлик бўлиб қолмаслиги учун интилиши керак.

Ёмонлик қилганлар қолган ҳар бир лаҳзани умрнинг охирги лаҳзаси, деб яхшилик қилишга ўтиши керак.

Қазо ва қадарга бўлган иймоннинг фойдаси ҳам шунда! Кишини доимо яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариб туришда!

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «كُلُّ شَىْءٍ بِقَضَاءٍ وَقَدَرٍ، حَتَّى الْعَجْزُ وَالْكَيْسُ». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَمَالِكٌ.

 

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бир нарса, ҳатто ожизлик ва ақллилик ҳам қазои қадар билан», дедилар».

Икки шайх ва имом Молик ривоят қилишган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадисларида ҳар бир нарса қазои қадар билан бўлишини таъкидламоқдалар. Бунга иймон келтириш мўмин-мусулмон одамнинг Аллоҳга бўлган иймонининг тугал бўлишидир.

Ҳадиснинг охирида кишилар унча эътибор бермайдиган икки нарса – ожизлик ва ақллилик ҳам қазои қадар ила экани айтилмоқда. Албатта, бу нарсалар фитрий, асл табиатда бор нарсалар бўлиб, Аллоҳ таоло ҳар бир инсонни яратиш пайтида ушбу нарсаларни ҳам қўшиб яратади.

Одатда булар инсоннинг дахли йўқ нарсалар ҳисобланади. Аллоҳ кимга ўткир ақл берса, ақлли бўлади. Аллоҳ бермаса, аксинча бўлади. Шунингдек, ожизлик ҳам.

Фақат инсон ўзига берилган нарсани тўғри ишлатишда масъулдир. Ақли ўтмас одамни: «Нимага ақлингни ўткир қилиб олмадинг?» деб сўроқ қилинмайди. Аммо «Нима учун ақлингни етганича ишлатмадинг?» дейилиши мумкин.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Мўъжиза, сўзи луғатда .ожиз қолдирувчи, деган маънони англатади. Яъни, мўъжиза нарсани бошқалар қилишдан ожиз қоладилар. Истилоҳда эса, Аллоҳ таолонинг изни ила давоми...

4457 22:51 / 02.12.2016
.Бир банда бошқа банданинг ҳаққига дуо қилса ёки ўзи қилган хайрли ишнинг савобини бағишласа бўладими,, деган саволга бериладиган жавоб қадимдан кўпгина давоми...

3701 19:00 / 22.11.2021
Инсон зоти борки, бахтли бўлишни истайди. Ҳамма тарафдан яхшилик билан ўралган, ёмонликлардан қўрилган бўлишни истайди. Инсон борки, оиласи гўзал, бойлиги мўл давоми...

6205 21:10 / 12.10.2018
Бундан аввалги илоҳиёт қисмида Аллоҳ таолонинг зоти ва сифати билан яқиндан танишиб чиқдик. У зотнинг Биру Борлиги, Ҳозиру Нозирлиги, Қодиру Ҳакимлиги, Алийму давоми...

6633 23:08 / 02.12.2016
Аудиолар

134241 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54585 14:35 / 11.08.2021