Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (40-дарс). Абу Ҳанифанинг сифатлари

14:05 / 03.07.2019 7621 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳида илм билан бирга тақво, ибодат, зоҳидлик ва Аллоҳга ёлвориш каби сифатлар ҳам мужассамлашган эди. У кишининг шахсий фазилатлари ҳақида алоҳида китоблар ёзилган.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи беқиёс илмий фаолиятлари билан бирга тижоратни ҳам олиб борар эдилар. У кишининг ҳаётларини ўрганган олимлар: «Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳида тожир сифатида тўрт сифат алоҳида намоён бўлиб турган», дейдилар. У зот кўзи тўқлик, ўта омонатлилик, сахийлик ва ўта диндорлик билан ажралиб турганлар.

Кўпчилик уламолар Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳи тожирликда Абу Бакр розияллоҳу анҳуга жуда ҳам ўхшашларини таъкидлаганлар.

Бир аёл Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳига ипак кийим сотмоқчи бўлиб келди. Шунда у киши:

«Бунинг баҳоси қанча?» дедилар.

«Юз», деди.

«Бу юздан кўп туради», дедилар.

Аёл юз-юздан қўшиб, тўрт юзгача етди. Абу Ҳанифа  раҳматуллоҳи алайҳи эса «Бу ундан кўп туради», дейишда давом этдилар. Охири аёл:

«Мени масхара қиляпсанми?» деди.

«Бир кишини олиб кел, нарх қўйиб берсин», дедилар.

Аёл бир кишини олиб келди. У кийимни беш юзга баҳолади ва Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўша нархга уни сотиб олдилар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи тижоратда ниҳоятда ҳалол бўлганлар. Ўзлари фойда кўраётганда қарши тарафнинг зиён кўришини мутлақо истамаганлар. Билмаган харидордан фойдаланишдан кўра, унга маслаҳат беришни афзал билганлар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи умавийлар халифалигида 53 йил, аббосийлар халифалигида 18 йил яшадилар. У киши ҳижрий 130 санада умавийлар сиёсатига қарши чиқиб, Маккага қочиб кетиб, аббосийлар ҳукмга келгунларича ўша ерда турдилар. Улар ҳукмга келганларида яна Куфага қайтиб келдилар.

Диний фаолиятда фақат илмнинг ўзи кифоя қилмайди. Балки илм билан бирга тақво ва Аллоҳ таолога доимий боғлиқлик бўлиши зарур. Бу нарсалар имом Абу Ҳанифада олий даражада эди. У кишини кўмишдан аввал ювган ғассол Ҳасан ибн Амора ювишни тамомлаб бўлиб, кафанлаб қўйилган жасадларига қараб: «Аллоҳ сизга раҳм қилсин ва сизни мағфират этсин. Ўттиз йилдан буён рўзадор бўлдингиз. Қирқ йилдан буён тунда ёнбошламадингиз. Ўзингиздан кейингиларни тобе қилдингиз ва қориларни уятга қўйдингиз…» деган экан.

Маълумки, ўша вақтда ҳокимлар доимо тақводор ва ўзига ишончи бор уламолардан ҳадиксираб юришарди. Уламоларни нима қилиб бўлса ҳам тузоқларига илинтириш ёки йўқ қилиш пайидан бўлардилар. Шундай ҳолат имом Абу Ҳанифа  ҳаётларида ҳам бўлган. У кишининг халқ ўртасидаги обрўларидан қўрққан Язид ибн Умар ибн Ҳубайра Куфага қози қилмоқчи бўлди. Абу Ҳанифа бош тортдилар. Шунда у кишини қамаб қўйиб, ҳар куни ўн қамчидан уришга амр бўлди. Аммо бу азоблар имом Абу Ҳанифани ўз фикрларидан қайтара олмади.

Халифа Жаъфар Мансур Бағдодни қураётиб, Абу Ҳанифани Куфадан олдириб келди. Имом Абу Ҳанифа шаҳарни режалаш ва қуришда қатнашдилар. Аммо халифа қозиликни таклиф қилганда, бош тортдилар. Орада яна дўқ-пўписа, тортишишлар бўлди.

Имом Абу Ҳанифанинг ҳаётини ўрганган тарихчиларнинг айтишларича, у киши халифа Мансурнинг «Агар қози бўлмасанг, Фурот дарёсига оқизиб юбораман», деган дўқларига: «Дарёда оқишни афзал кўраман. Билиб қўй, мен бу ишни эплай олмайман», деганлар. Шунда халифа имомга: «Ёлғон айтяпсан», деган. Имом Абу Ҳанифа дарҳол: «Қандай қилиб сен ёлғончини қози қилишга рози бўляпсан?» деганлар.

Ҳокимият саройи билан Имоми Аъзам ўрталарида келишмовчиликлар кейин ҳам давом этди. Ҳокимиятнинг ёллаб олган олимлари хатога йўл қўйсалар, у киши аёвсиз фош этар, шу билан бирга, оддий кишилар, бечораларни доимо ҳимоя қилар эдилар. Имоми Аъзам ҳижрий 150 санада вафот этдилар.

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Жаннатга етишиш қийинми Иймони сустларга ndash ҳа, аммо, Аллоҳ таолонинг розилигига интилувчилар учун бу йўл осон.Ҳаммаси оламни англашга боғлиқ. Илмга интилувчи давоми...

8936 18:00 / 28.08.2017
Аҳли сунна ва жамоа айтган хулоса шулки, мўмин одам гуноҳи кабира қилиши билан кофир бўлиб қолмайди. Фақат ўша ишни ҳалол санаса, кофир бўлади. Мисол учун, ароқ давоми...

5388 19:00 / 04.12.2023
Аллоҳ таоло Наҳл сурасида қуйидагиларни айтади .Батаҳқиқ, ҳар бир умматга .Аллоҳга ибодат қилинг ва тоғутдан четланинг,, деб расул юборганмиз. давоми...

4935 18:30 / 21.03.2022
Имом Ғаззолий кейинроқ ҳақиқат қидириб, фалсафани пухта ўрганишга киришдилар. Файласуфлар .Фақат фалсафа билангина ҳақиқатни топиш, яқин ва саодатга эришиш давоми...

7456 14:50 / 02.09.2019
Аудиолар

213049 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132272 14:35 / 11.08.2021