Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 19 Рамазон | 2024 йил 29 март, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (18-дарс). Аллоҳнинг исмлари ва сифатлари (давоми)

12:10 / 28.01.2019 6643 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида:

ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧﮨ ﮩ ﮪ ﮫ ﮬ

«Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ. Энг гўзал исмлар Уникидир», деган (8-оят).

Яъни Аллоҳ таоло Ўзининг борлигида, моликлигида, илмида ва ҳамма нарсани Ўз тасарруфида тутишида ягонадир. Унинг исмлари фақат гўзалдир. Гўзал исмларнинг барчаси Унга хосдир.

Аллоҳ таоло Исро сурасида:

ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ

«Сен: «Аллоҳга дуо қилинглар ёки Роҳманга дуо қилинглар – қай бирига дуо қилсангиз ҳам, барибир. Гўзал исмлар Уникидир», деб айт», деган (110-оят).

Ривоятларда келишича, бир куни мушриклар Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ё Аллоҳ! Ё Роҳман!» деб дуо қилаётганларини эшитиб қолиб, дарҳол:

«Муҳаммад якка худоликка чақирар эди, ўзи бўлса иккита худога дуо қилмоқда», деб гап тарқатишибди. Уларнинг бу жоҳилона тушунчаси ва тасарруфи жавобига ушбу оят нозил бўлган экан. Бу оятда мазкур нотўғри тушунча ва тасарруф тўғриланмоқда.

«Аллоҳга дуо қилинглар ёки Роҳманга дуо қилинглар – қай бирига дуо қилсангиз ҳам, барибир».

«Аллоҳ», «Роҳман» исмлари икки хил бўлгани билан, зот бир. Исм кўпайса, зот ҳам кўпайиб қолмайди.

«Гўзал исмлар Уникидир», деб айт».

Дунёдаги энг гўзал исмлар Аллоҳникидир. Шундан тўқсон тўққизтаси Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадисларида келган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг тўқсон тўққизта исми бор. Ким уларни ёд олса, жаннатга киради. Аллоҳ тоқдир ва тоқни яхши кўради», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Аллоҳ тоқ бўлгани ва тоқни яхши кўргани учун ҳам Унинг гўзал исмлари тўқсон тўққизта бўлган. Ким ўша тўқсон тўққиз исмни ёд олса, жаннатга киради. Чунки бу гўзал исмларни ёд олган киши Аллоҳ таолонинг гўзал исмларини доимо зикр қилиб юрадиган банда бўлади.

Аммо бу «Аллоҳ таолонинг тўқсон тўққизтадан бошқа исми йўқ», дегани эмас. Албатта, Аллоҳ таолонинг исмлари кўп.

Келаси ҳадиси шарифда Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари сифатида машҳур бўлган тўқсон тўққиз исмининг зикри келади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Аллоҳнинг тўқсон тўққизта исми бор. Ким уларни тўлиқ билиб олса, жаннатга киради. У Ундан ўзга илоҳу маъбуд йўқ Аллоҳдир. Роҳман, Роҳийм, Малик, Қуддус, Салом, Муъмин, Муҳаймин, Азийз, Жаббор, Мутакаббир, Холиқ, Бориъ, Мусоввир, Ғаффор, Қаҳҳор, Ваҳҳоб, Раззоқ, Фаттоҳ, Алийм, Қобиз, Босит, Хофиз, Рофиъ, Муъизз, Музилл, Самиъ, Басийр, Ҳакам, Адл, Латийф, Хобийр, Ҳалийм, Азийм, Ғафур, Шакур, Алий, Кабийр, Ҳафийз, Муқийт, Ҳасийб, Жалийл, Карийм, Роқийб, Мужийб, Восиъ, Ҳакийм, Вадуд, Мажийд, Боъис, Шаҳийд, Ҳаққ, Вакийл, Қовий, Матийн, Валий, Ҳамийд, Муҳсий, Мубдиъ, Муъийд, Муҳъйий, Мумийт, Ҳайй, Қайюм, Вожид, Можид, Воҳид, Сомад, Қодир, Муқтадир, Муқаддим, Муаххир, Аввал, Охир, Зоҳир, Ботин, Волий, Мутаъолий, Барр, Таввоб, Мунтақим, Афувв, Роууф, Моликул Мулк, Зул Жалали вал Икром, Муқсит, Жомиъ, Ғаний, Муғний, Мониъ, Зорр, Нофиъ, Нур, Ҳодий, Бадиъ, Боқий, Ворис, Рошийд ва Собур», дедилар».

Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

Энди Аллоҳ таолонинг бу гўзал исмларининг маънолари билан танишиб чиқайлик.

1. Аллоҳ.

«Аллоҳ» лафзи «алаҳа» феълидан олинган «илоҳ» масдарига мансуб бўлиб, маъбуд – ибодат қилинган зот маъносини англатади. Арабларда «илоҳ»нинг аввалига алиф ва лом ҳарфлари киритилган ва «ал-илоҳу» ҳосил бўлган. Сўнгра ҳамзанинг ҳаракатини ломи таърифга нақл қилинган ва бир жинсдаги икки ҳарф идғом қилинганидан кейин «Аллоҳ» лафзи ҳосил бўлган.

«Аллоҳ» лафзи яккаю ягона маъбуди Ҳаққа исм бўлиб қолган. У Зотдан бошқага бу исм ишлатилмаган.

Баъзи уламолар: «Аллоҳ» исми аъзамдир», деганлар. Бу лафзи жалола ҳақида Ибн Атоуллоҳ Сакандарий каби зотлар алоҳида китоблар ҳам ёзганлар.

2. Роҳман.

«Роҳман» – улуғ неъматларни берувчи.

«Роҳман» сифати фақат Аллоҳга хос бўлиб, барчага – кофирга ҳам, мўминга ҳам меҳрибон ва неъмат берувчи, маъносини англатади. Роҳман сифатини Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимга нисбатан ишлатиб бўлмайди.

3. Роҳийм.

«Роҳийм» – латиф неъматларни берувчи.

«Роҳийм» сифати хосроқ бўлиб, «қиёмат куни фақат мўминларга раҳим қилувчи» маъносини англатади ва Аллоҳдан ўзгаларга, жумладан, Набий алайҳиссаломга нисбатан ҳам ишлатилади.

4. Малик.

«Малик» – барча нарсанинг эгаси.

«Малик» – ҳақиқий эгадир, Ундан ўзга эга йўқ. Шунинг учун бандалар фақат Унга қул бўладилар. Ҳеч вақтда бир қулга икки хожа бўлмайди. Шунинг учун инсонлар ўзларига ўхшаган инсонларга эмас, балки ягона яратганга, ҳақиқий эга – Маликка қул бўлишлари лозим.

5. Қуддус.

«Қуддус» – барча айблардан холи, нолойиқ сифатлардан пок. Мутлақ муқаддаслик ва мутлақ поклик Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир.

6. Салом.

«Салом» – нуқсонлардан саломат, шунингдек, тинчлик-хотиржамлик ва роҳат берувчи Зот. Аллоҳ «Салом» сифати ила бандаларга тинчлик, омонлик, хотиржамлик ато қилади.

7. Муъмин.

«Муъмин» – иймон ва омонлик берувчи.

8. Муҳаймин.

«Муҳаймин» – ҳамма нарсани қамраб олувчи, яъни Аллоҳ бандаларнинг барча ҳолатларига гувоҳ бўлиб туради, Ундан ҳеч нарса махфий қолмайди.

9. Азийз.

«Азийз» – барчанинг устидан ғолиб. Ундан бирор нарса ғолиб кела олмайди.

10. Жаббор.

«Жаббор» – олий қадар, улуғ, Унинг олдида ўзгалар ўзини хор тутадилар.

11. Мутакаббир.

«Мутакаббир» – кибриёси ва улуғлиги муболағали Зот. Унинг олдида бошқалар қул бўлиб турадиган Зот.

12. Холиқ.

«Холиқ» – асли ва ўхшаши йўқ нарсани ўлчовини мос қилиб яратувчи. У Зотда махлуқи йўқлигида ҳам Холиқлик маъноси мавжуддир. Аллоҳ махлуқлар вужудга келтирилишидан олдин «Холиқ» деган васфга эга эди. У халойиқни халқ қилганидан бошлаб «Холиқ» исмини олгани йўқ. Холиқ мутлақ вужудга келтирувчидир.

13. Бориъ.

«Бориъ» – йўқдан пайдо қилувчи, вужудга келтирувчи.

Бориъ тафовутсиз қилиб вужудга келтирувчидир.

14. Мусоввир.

«Мусоввир» – махлуқотларнинг суратини шакллантирувчи. Ҳар бир нарсага ўзига хос сурат берувчи.

15. Ғаффор.

Кўплаб мағфират қилиб, бандаларнинг айбини итоб қилмасдан, Ўз фазли ила уларни кечиб юборувчи.

16. Қаҳҳор.

Барча махлуқотларни қабзасида тутиб, уларни Ўз ҳукмига юритиб ва қудрати ила бўйсундириб турувчи.

17. Ваҳҳоб.

Кўплаб неъматларни беҳисоб берувчи.

18. Раззоқ.

Кўплаб ризқ берувчи. Ризқларни ва уларнинг воситаларини яратувчи. Аллоҳ махлуқотларига ҳеч бир оғирликсиз ва қийинчиликсиз ёки ёрдам сўрамасалар ҳам ризқ берувчидир.

19. Фаттоҳ.

Кўплаб нарсаларни очувчи. Ўз раҳмат хазинасини бандаларига очувчи.

20. Алийм.

Ҳар бир нарсани билувчи. Бўлган ва бўладиган, аввалги ва охирги, зоҳир ва ботин нарсаларнинг барчасини билувчи.

21. Қобиз.

Руҳларни қабз қилувчи. Хоҳлаган кишисининг ризқини қабз қилувчи. Қалбларни қабз қилувчи.

22. Босит.

Руҳларни кенгликка қўйиб юборувчи. Хоҳлаган кишисининг ризқини кенг қилиб қўювчи. Қалбларни кенг қилувчи.

23. Хофиз.

Пасайтирувчи. Мисол учун, кофир ва фосиқларнинг мартабасини уларни хору зор қилиб пасайтиради.

24. Рофиъ.

Кўтарувчи. Мисол учун, мўмин ва тақводорларнинг мартабасини уларни азизу мукаррам қилиб кўтаради.

25. Муъизз.

Азиз қилувчи. Кимни хоҳласа, тўғри йўлга солиб, азиз қилади.

26. Музилл.

Хор қилувчи. Кимни хоҳласа, эгри йўлга юргани учун хор қилади.

27. Самиъ.

Ҳар бир нарсани эшитувчи.

28. Басийр.

Ҳар бир нарсани кўрувчи.

29. Ҳакам.

Ҳукм қилувчи.

30. Адл.

Мутлақ адолат қилувчи.

31. Латийф.

Ўта лутф кўрсатувчи. Барча нарсаларнинг нозик ва дақиқ жойларигача билувчи.

32. Хобийр.

Ҳамма нарсадан ўта хабардор.

33. Ҳалийм.

Ғазаби қўзимайдиган ва иқоб қилишга шошилмайдиган.

(давоми бор)

“Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Камолот сифатларга соҳиб бўлган Зот борлиқни беҳикмат яратмаганига ишонмасликнинг ўзи мумкин эмас. Барча оламларни яратиб, уларнинг тадбирини қилиб турган Зот давоми...

5163 17:00 / 03.01.2022
давоми7. Аввалги мақолади биз инсонни кўриб чиқдик. Аслида, биргина ҳужайра ўзидаги цитоплазма, ядро, ҳужайра суюқлиги ва бошқа элементунсурлари билан тасодифий давоми...

4096 09:56 / 03.11.2018
Маънавий сифатлар тўрт қисмга тақсимланади. Биринчи қисм ndash вожиб, мумкин ва имкони йўқ нарсаларга алоқаси бор сифатлар. Бу қисмга илм ва калом сифатлари давоми...

2552 15:30 / 12.04.2021
.Мўъжиза, сўзи луғатда .ожиз қолдирувчи, деган маънони англатади. Яъни, мўъжиза нарсани бошқалар қилишдан ожиз қоладилар. Истилоҳда эса Аллоҳнинг изни ила давоми...

3701 18:30 / 28.03.2022
Аудиолар

118770 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

40726 14:35 / 11.08.2021