Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (132-дарс). Ҳар бир нарса ўлчов билан яралган

16:00 / 03.05.2021 4730 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Қадар» сўзи ўлчов маъносини англатади. Ислом ақийдасида эса Аллоҳ таоло азалда Ўз илми ва иродаси ила ҳар бир нарсани ўлчовли қилиб қўйганига эътиқод қилишни билдиради.

Аммо ушбу оддий тушунчанинг бузиб кўрсатилиши оқибатида қазо ва қадар ақийдасига турли нотўғри тушунчалар аралашиб кетган. Замон ўтиши билан, турли омиллар сабабли, исломий тушунчаларга ҳар хил бузуқ фикрлар, бидъат-хурофотлар аралашиб кетгани маълум.

Ўша исломий тушунчалар ичида энг кўп бузилгани, ҳатто тескари маънога айланиб кетай дегани қазо ва қадар тушунчаси, десак муболаға бўлмас. Аслида эса бу ақийда жуда соф ва осон тушуниладиган нарсадир.

Уламоларимиз «қазо» ва «қадар»ни қуйидагича таърифлайдилар:

«Қазо – Аллоҳ таолонинг ҳамма нарсаларнинг келажакда қандай бўлишини азалдан билишидир».

«Қадар – ўша нарсаларнинг Аллоҳнинг азалий илмига мувофиқ равишда вужудга келишидир».

Аҳли сунна ва жамоа мазҳабига биноан, балоғатга етган мусулмонга Аллоҳ таоло бандаларнинг ҳамма ишини, махлуқотларга боғлиқ нарсаларнинг ҳаммасини аввалдан билишига иймон келтириши вожиб бўлади.

Қазо ва қадар ақийдаси Аллоҳга иймон келтириш асосидаги Ислом ақийдаларидан бири ҳисобланади. Бу ақийда тўғри маърифат асосида Аллоҳ таолони камол сифатлари билан сифатлашга асослангандир.

Ана ўша сифатларнинг бири – Аллоҳнинг илми, у илмнинг чегарасизлиги, Аллоҳ иродасининг шомиллиги ва қудратининг комиллигидир.

Қазо ва қадар ақийдаси Аллоҳнинг ана шу сифатларига асосланган ақийдадир. Шунинг учун ҳам қазои-қадарга иймон бўлмаса, Аллоҳга бўлган иймон тугал бўлмайди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билади. Уяси ичида ғимирлаётган чумолининг ҳаракатинию, ўз фалакида ҳаракат қилаётган сайёраларни ҳам билади. У Зотнинг илмидан ҳеч нарса ғойиб бўлмайди. Аллоҳ таоло дунёдаги ҳар бир заррани ҳам ва унинг ҳаракатини ҳам билиб туради.

Шунингдек, Аллоҳ таоло қиёматгача нима бўлишини ҳам билади. Агар уларни билмаса, У Зотнинг сифати камолиясига нуқсон етган бўлади. Ана ўша илоҳий илм «қазои қадар» деб аталади.

Бунда жоҳил кишилар ўйлаганидек, Аллоҳ томонидан бандани мажбур қилиш йўқ, балки Аллоҳ таоло томонидан банда нима қилишини олдиндан билиш бор. Чунки Аллоҳнинг илми чегара билмасдир.

Уламоларимиз бу тушунчани осон фаҳмлаш учун қуйидаги мисолни келтирадилар.

Кайфиятингиз ёмон бўлиб турган пайтда ойнага қарадингиз. Аксингизни қовоғингиз солиқ, пешонангиз тиришган, аччиғингиз чиққан ҳолда кўрдингиз. Ана ўшанда ойнадан ўпкалашга ҳаққингиз борми? Бу ойна менга жавр қилди, мени ёмон кайфиятга туширди, дея оласизми? Албатта, йўқ. Ойна сиздаги бор нарсани ўзингизга кўрсатди, холос. Қовоғингиз солинишига, пешонангиз тиришишига ва аччиғингиз чиқишига унинг ҳеч дахли йўқ. Қазои-қадар ҳам шундай! У бандаларнинг фикрлари ва амалларини Аллоҳнинг Ўз илми азалийси ила билиши, холос.

Яна бошқа бир мисол. Устоз ўз шогирдларининг илмий савиясини яхши билади. Имтиҳон саволларини ёзган пайтда «Фалончи «аъло» баҳо олади, пистончи «яхши», деб айтди. Имтиҳон натижаси устоз айтганидек чиқди. Шогирдлар устоз айтган гап учун мазкур натижага эришдиларми? Ёки устознинг ўз тажрибасига асосланган ожизона илми уларни ўша баҳоларни олишга мажбур қилдими?

Албатта, Аллоҳга ҳеч қандай ўхшаш йўқ. Лекин тушуниш учун келтирилган шу мисолдан ҳам қазои-қадарда бандани бирор нарсага мажбурлаш йўқлигини англаб олишимиз зарур. Ожиз инсон ўзига қарашли нарсаларда шунчалик илмга эга бўлса, нима учун қудратли Аллоҳ, чексиз илм соҳиби бўлган Зот азалдан ҳамма нарсани билмаслиги керак?

Ўтган уламоларимиздан ал-Хаттобий қуйидагиларни айтадилар: «Кўпчилик одамлар қазо ва қадарни Аллоҳ таоло томонидан Ўзи тақдир қилиб қўйган ишларга бандани қаҳр ила мажбур қилиш, деб ҳисоблайдилар. Уларнинг бу фикрлари нотўғридир. Қазо ва қадарнинг маъноси, бандаларнинг келажакда бўладиган ишларини Аллоҳ томонидан муқаддам билиб турилишидир».

Аллоҳ хоҳласа, бу борадаги ояти карима ва ҳадиси шарифларни ўрганиб чиқишимиз билан яна кўп нарсалар ойдинлашади.

Аллоҳ таоло:

«Албатта, Биз ҳар бир нарсани ўлчов билан яратдик», деган (Қамар сураси, 49-оят).

Демак, Аллоҳ таоло ҳар бир нарсани ўлчов билан яратган ва ҳар бир нарсани билиб туради.

 

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақола 2. .Улар учун унда жаннатда хоҳлайдиган нарсалари бор. Бизнинг ҳузуримизда эса зиёдаси бор, Қоф сураси, 35оят. Али ибн Аби Толиб ва Анас ибн Молик давоми...

5312 13:00 / 01.06.2020
Араб тилидаги .калом, лафзи .сўз,, .гап,, .жумла, каби маъноларни англатади. .Илми калом, ақоид илмининг энг машҳур номидир. Бу ном, аввал ҳам айтилганидек, ҳижрий давоми...

10561 10:20 / 08.10.2018
Аллоҳ таоло уларни тоқатлари етадиган нарсадан бошқага таклиф қилмагандир. Улар У зот таклиф қилган нарсагагина тоқат қилурлар. БуndashЛаа ҳавла ва лаа қуввата илла давоми...

4477 23:34 / 02.12.2016
Аллоҳнинг гўзал исмлари. АлҒаффорБу исмнинг маъноси ndash кўплаб мағфират қилиб, бандаларнинг айб ва гуноҳларини Ўз фазли ила кечириб юборувчидир.Ушбу исм Қуръони давоми...

12333 08:26 / 20.04.2017
Аудиолар

213183 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132403 14:35 / 11.08.2021