Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 10 шаъбон | 2026 йил 29 январь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (8-дарс). Ҳис доирасидан ташқари илм

10:07 / 16.11.2018 7935 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Модомики ақл ҳис қилиш доирасидаги илм билан чегараланар экан, ўша доирадан ташқари олам – ғайбий оламнинг маълумотлари ҳақидаги илмни қандай қилиб оламиз, деган савол пайдо бўлиши турган гап.

Аввало, мусулмонлар «Агар хабар нақл қиладиган бўлсанг, у тўғри бўлсин» деган қоидани ишга солганлар. Буни ақийда илми уламолари «содиқ хабар» дейдилар.

Ақоид илмининг машҳур намояндаларидан бўлган улуғ ватандошимиз Умар Насафий раҳматуллоҳи алайҳи ўзининг «Ақоиди Насафия» номли китобининг муқаддимасида қуйидагиларни ёзади:

«Содиқ хабар икки турли бўлади. Биринчиси – ёлғонга келишиб олишлари тасаввур қилиб бўлмайдиган кўп одамлар тилидан собит бўлган хабар. Бу эса зарурий илмни вожиб қилади. Бунга қадим замонларда ва узоқ юртларда ўтган подшоҳлар ҳақидаги илм киради.

Иккинчиси – Набийнинг мўъжиза билан қўлланган хабари. Ўз навбатида, бу нарса далилли илмни вожиб қилади. У билан собит бўлган илм ўта ишончлиликда ва собитликда зарурат ила собит бўлган илмга тенг келади».

Шунинг учун ҳам мусулмонлар ўзларига етиб келган ҳар бир хабарнинг содиқ бўлишини текшириб кўриш учун инсоният тарихида мисли кўрилмаган дақиқ қоидаларни ишлаб чиққанлар ва уларга оғишмай амал қилганлар.

Исломда ақийда қилиб олинадиган тушунчалар Қуръони карим ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўта ишончли ҳадиси шарифларидан олинади. Ҳар бир оят ва ҳадисни ниҳоятда ишончли, эътиқодли, адолатли, содиқ, хотираси кучли, тақводор одамлардан ёлғонга келишиб олишлари мумкин бўлмаган даражада кўп сонли кишилар ривоят қиладилар.

Қуръони каримда ҳам, ҳадиси шарифда ҳам силсиланинг учи Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга бориб тақалади. Ул зот дунёдаги энг ишончли, ростгўй, адолатли, тақводор, хотиралари кучли ва барча гўзал ахлоқлар соҳиби эканликларини дўст ҳам, душман ҳам бир овоздан тан олган.

Шунингдек, у зотнинг ниҳоятда содиқ хабарларни – оят ва ҳадисларни Аллоҳ таолодан фаришта орқали қабул қилиб олаётганларига ҳам минглаб дўсту душманлар шоҳид бўлиб турган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буюк ҳаётларининг бирор лаҳзаси ҳам дўсту душманнинг эътиборидан четда қолган эмас. Ул зотнинг инсониятга қилган буюк хизматларини дўсту душман тан олган. Шунинг учун ҳам у зотдан нақл қилинган хабарларда заррача шак ёки шубҳа бўлиши мумкин эмас.

Ислом дини ва унинг Набийини Аллоҳ таолонинг Ўзи юборганини ва Қуръони каримни Ўзи нозил қилганини ҳозирги замон илми ҳам аста-секин тасдиқлаб келмоқда. Энг муҳими, ҳозирги замон илми қанчалар уринса ҳам, Ислом ақийдасида келган собит ҳақиқатларнинг бирортасини инкор қилиб, унинг ўрнига бошқани тақдим қила олгани йўқ.

Аксинча, Қуръони карим ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида келган ҳақиқатлар ҳозир айнан илм воситасида ўз тасдиғини топмоқда.

Ҳозирда Маккаи Мукаррамадаги Ислом Олами Робитаси ташкилоти қошида Қуръони карим ва Суннати набавиядаги илмий мўъжизалар муассасаси ишлаб турибди. Унда ҳозирги замон илми ояти карималар ва ҳадисларда келган маълумотларни тасдиқлаб қилган кашфиётлар жамланмоқда. Уларда келган баъзи ҳақиқатларни текшириб кўриш ҳақида илмий муассасаларга буюртмалар ҳам берилмоқда.

 

“Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар” китобидан

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Асмоул ҳусна ndash гўзал исмлар тўғрисидаги оят ва ҳадислар мусулмонларнинг катта эҳтимомларига сазовор бўлган. Уларнинг ичидан биринчилардан бўлиб Аллоҳ давоми...

5776 07:00 / 22.03.2021
Замон ўтиши билан турли омиллар сабабли исломий тушунчаларга ҳар хил бузуқ фикрлар, бидъатхурофотлар аралашиб кетгани маълум.Ўша исломий тушунчалар ичида энг давоми...

15824 23:16 / 02.12.2016
Қиёмат қоим бўлиши ва ундаги одамларнинг ҳолати ҳақида турли сураларда турли васфлар келган. Биз Зумар сурасидаги васфни тўлиқ олишга қарор қилдик давоми...

4950 19:00 / 30.05.2023
Эй одамлар Роббингиздан қўрқинг Албатта, Соат қиёмат зилзиласи улкан нарсадир.Ушбу ояти каримадаги хитоб барча одамларга қаратилгандир. Оятда ҳамма одамларни давоми...

7755 18:48 / 15.02.2018