Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 30 рабиъус сони | 2024 йил 02 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (133-дарс). Аллоҳ таолонинг раҳмати ғазабидан ғолибдир

15:00 / 10.05.2021 3342 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّصلى الله عليه وسلم قَالَ: «لَمَّا قَضَى اللهُ عَزَّ وَجَلَّ الْخَلْقَ كَتَبَ فِي كِتَابٍ فَهُوَ عِنْدَهُ فَوْقَ الْعَرْشِإِنَّ رَحْمَتِي سَبَقَتْ غَضَبِي». رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالتِّرْمِذِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳ азза ва жалла халойиқнинг тақдирини қазо қилган чоғда, Ўз ҳузуридаги, Арш устидаги китобга «Раҳматим ғазабимдан албатта илгаридир», деб ёзди», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

Бу ҳадиси шарифда қадар масаласининг бир қисми баён қилинмоқда.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Аллоҳ азза ва жалла халойиқнинг тақдирини қазо қилган чоғда» деганлари, азалда – ҳамма нарсаларнинг келажакда қандай бўлишини билган чоғда, деганларидир.

Демак, Аллоҳ таоло махлуқотларни яратишдан олдин келажакда уларнинг ҳоли қандай бўлишини билган. Чунки У Зот илмининг чегараси йўқ. Ғайбнинг ишини У Зотнинг Ўзигина билади. Бу дунёда қиёматгача бўладиган барча ишларни ҳам У Зотнинг Ўзигина билади.

«Ўз ҳузуридаги, Арш устидаги китобга»даги китоб Лавҳул Маҳфуздир.

Демак, Аллоҳ таоло махлуқотлар тақдирини ёзган китобнинг номи «Лавҳул Маҳфуз»дир. Бунга иймон келтириш ҳам лозим нарсалардан биридир.

«Арш» эса луғатда подшоҳ ўтирадиган тахтни англатади. Ақоид илми уламолари келтиришларича, оят ва ҳадисларда келган васфларга биноан, «Арш» оёқлари бор тахт бўлиб, уни фаришталар кўтариб турадилар. У худди олам устидаги қуббага ўхшайди. У махлуқотларнинг шифтидир. Аллоҳ таолонинг Аршга эҳтиёжи йўқ. Балки уни Ўзи билган ҳикмат учун яратгандир:

«Арш устидаги китобга» дейишда жисмий маъно кўзда тутилмаган. Чунки Аршнинг устида нарса йўқ. Бунда Аллоҳнинг ҳузуридаги олий маконлик кўзда тутилган.

«Ёзди» дейилишидан мурод эса қаламга ёзишни буюрди, деган маънони англатади.

Кўриб турибмизки, бу ҳадиси шарифда ақоид илмида «ғайбиёт» деб номланган нарсалардан бир нечаси зикр қилинмоқда. Ҳадиси шарифда ўша, иймон келтириш лозим бўлган ғайбий нарсалардан Аршни, Китобни ва уларнинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги мартабасини эслата туриб, Аллоҳнинг раҳмати ғазабидан илгари экани таъкидланмоқда. Бу эса сиз билан биз бандаларнинг доимо Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлишимиз учундир.

Аллоҳ таолонинг раҳмати ғазабидан ғолибдир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда «Раҳматим эса ҳамма нарсадан кенгдир», деган (Аъроф сураси, 156-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ва насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар.

Сўнгра Абу Ҳурайра «Агар хоҳласангиз, «Аллоҳнинг одамларни яратган фитратидир. Аллоҳнинг яратишини ўзгартириш йўқ. Ана ўша энг тўғри диндир», деган оятни ўқинг», дер эди».

Тўртовлари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисда Аллоҳ таоло инсонларни яратиш пайтида соф табиат билан яратса ҳам, кейинчалик инсонлар, хусусан, ота-она тарбияси сабабли бу софликка футур етиши, унинг бузилиши ҳақида сўз бормоқда.

«Фитрат» дегани, соф табиат, динни тўғри қабул қилишга бўлган истеъдод, деганидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда туғиладиган ҳар бир бола соф табиат билан, Аллоҳ таолонинг динини қабул қилиш истеъдоди билан туғилиши ҳақида хабар бермоқдалар.

Демак, Аллоҳ таоло ҳеч кимни аввалдан сен яҳудий бўласан, сен насроний бўласан, сен мажусий бўласан, деб мажбур қилмайди. Одамларнинг турли динга мансуб бўлишига сабаб бор:

«Бас, ота-онаси уни яҳудий, насроний ва мажусий қилади».

Яъни, ота-оналар ўз болаларини ўз динларида тарбиялашлари оқибатида болаларнинг соф табиати бузилиб, яҳудий, насроний ва мажусий бўлиб қоладилар.

Шу жойда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу маънони тўлиқроқ тушунтириш мақсадида, саҳобаи киромларга ҳиссий бир мисол келтирмоқдалар.

«Бу худди ҳайвоннинг буc-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар».

Яъни, ҳар бир ҳайвон боласи онасидан бут-бутун туғилади. Бирортасининиг қулоғи ёки бурни кесилмаган бўлади. Аммо эгалари белги қўйиш мақсадида ва яна бошқа ниятда қулоқларини кесадилар, бурунларини кесадилар ва ҳоказо.

Шунга ўхшаб инсон ҳам онадан соф табиат билан туғилади, у яҳудий, насроний ёки мажусий бўлиб туғилмайди. Ота-онасининг тарбияси туфайли яҳудий, насроний ёки мажусий бўлади.

Ҳазрати Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг ушбу ҳадисни ривоят қилгандан сўнг «Агар хоҳласангиз, «Аллоҳнинг одамларни яратган фитратидир. Аллоҳнинг яратишини ўзгартириш йўқ. Ана ўша энг тўғри диндир», деган оятни ўқинг», деб қўядиган одатлари бор эди.

Яъни, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида келган маънони Қуръони Карим ҳам тасдиқлашини билдириб қўймоқчи бўлар эдилар.

Ушбу ҳадисда катта ҳикмат мавжудлигини кўрамиз. Аввало, ўз қилмишига қазои қадарни рўкач қилиш нотўғри эканлигини тушуниб оламиз. Чунки Аллоҳ таоло ҳаммани соф табиат билан яратади. Баъзиларни соф табиатли, баъзиларни бузуқ табиатли қилиб яратмайди. Ўша соф табиатни сақлаб қолишда ёки уни бузиб юборишда инсоннинг ҳам ўрни бор.

Бу ишда ота-онанинг тутадиган ўрни жуда ҳам каттадир. Бола динининг шаклланишида ота-она ўз тарбияси билан муҳим ўрин тутади. Ота-онага Аллоҳ томонидан берилган неъматлар ичида энг улуғларидан бири фарзанддир. Ўша неъматнинг қадрига етиш эса уни берувчи зот яратган соф табиат ила Аллоҳнинг динида юрадиган қилиб тарбиялашдир. Бу ота-онанинг бурчидир. Ҳар бир мусулмон ота-она шу масъулиятни тўлиқ тушуниши керак.Ушбу ҳадисда айтилган тарбиянинг аҳамиятига катта эътибор бериши лозим. Агар кўпчилик ўйлаганидек, қазо ва қадар мажбурлаш бўлганида, тарбия орқали турли динга кириб кетиш зикр қилинмаган бўлар эди.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. ,. .Аллоҳга ҳамд Расулуллоҳга салавоту саломлар бўлсин.Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади.Бир куни Набий давоми...

5360 10:01 / 18.06.2018
Аллоҳ таоло .Аллоҳ барчаларини қайта тирилтирадиган кунда, қилган ишларининг хабарини берур. Аллоҳ ҳисоблаб турган, улар эса унутганлар. Ҳолбуки, Аллоҳ ҳар бир давоми...

6239 05:00 / 02.12.2016
1. Шафоатнинг биринчи тури улуғ шафоат бўлиб, у Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биродарлари бўлмиш барча набий ва расул алайҳиссаломлар ичидан у зотнинг давоми...

5292 14:06 / 13.07.2020
Ва куфр келтирганлар жаҳаннамга гуруҳгуруҳ қилиб ҳайдалди. Унга етиб келган чоғларида унинг эшиклари очилди ва унинг қўриқчилари уларга .Сизларга ичингиздан давоми...

4765 19:13 / 24.02.2018
Аудиолар

133226 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53570 14:35 / 11.08.2021