Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 5 шаввол | 2024 йил 14 апрель, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (124-дарс). Энг гўзал исмлар Аллоҳникидир

13:00 / 08.03.2021 3513 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(биринчи мақола)

Аллоҳнинг борлигига ишонган одам У Зотни яхши таниши ҳам керак. Ақоид илми истилоҳи билан айтганда, маърифат ҳосил қилиши лозим. Бу маърифат эса Аллоҳ таолонинг гўзал исмлари ва У Зотнинг сифатларини билиш ила ҳосил бўлади.

Аллоҳ таоло:

«Энг гўзал исмлар Аллоҳникидир. Бас, Унга улар ила дуо қилинг», деган (Аъроф сураси, 180-оят).

Аллоҳнинг барча исмлари гўзалдир. Мўмин-мусулмон банда Аллоҳга дуо қилганида, ўша гўзал исмлар ила дуо қилмоғи лозим.

Аллоҳ таоло яна:

«У Аллоҳдир, Холиқдир, Бориъдир, Мусоввирдир. Энг гўзал исмлар Уникидир. Осмонлару ердаги барча нарсалар Уни поклаб ёд этадилар. Ва Унинг Ўзи ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир», деган (Ҳашр сураси, 24-оят).

Ҳашр сурасининг бу сўнгги оятида Аллоҳнинг бир неча гўзал исмлари ҳақида сўз боряпти. Хусусан:

Холиқ – яратувчи;

Бориъ – йўқдан бор қилувчи;

Мусаввир – махлуқотларнинг суратини шакллантирувчи.

Дунёдаги барча гўзал, чиройли исмлар Аллоҳникидир.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Маъқал ибн Ясардан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шундай марҳамат қилганлар:

«Кимки тонг чоғида уч марта «Аъузу биллаҳис-самийъул алийм минаш шайтонир рожийм», деса ва Ҳашр сурасининг уч оятини ўқиса, Аллоҳ таоло салавот айтадиган етмиш минг фариштани унга вакил қилиб қўяди. Агар ўша куни вафот этса, шаҳид кетади. Кимки кеч кирганда ўқиса, худди ўша мартабага эришади».

Ушбу ҳадиси шарифда зикр этилган Ҳашр сурасининг уч ояти юқоридаги ояти карима ва сурада ундан олдинги икки оятдир. Келинг, ўша икки оятнинг маънолари ва уларнинг тафсирини ҳам ўрганайлик:

У Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳдир. У ғайбни ҳам, шаҳодатни ҳам билувчидир. У ўта меҳрибондир, ўта раҳмлидир» (Ҳашр сураси, 22-оят).

Ушбу оятдан маълум бўладики, эътиқод ва ибодат фақат ягона Аллоҳнинг Ўзига бўлмоғи керак. Барча қалблар фақат Унгагина талпиниши лозим. Аллоҳ таоло шундай Зотки, сиз билан биз билган ва билмаган барча нарсаларни билади. Осмонлару ерда Аллоҳ билмаган нарса йўқ. Демак, Унга ибодат қилиш керак.

«У Ундан ўзга илоҳ йўқ бўлган Аллоҳдир, Маликдир, Қуддусдир, Саломдир, Муъминдир, Муҳайминдир, Азиздир, Жаббордир, Мутакаббирдир. Аллоҳ улар ширк келтираётган нарсалардан покдир» (Ҳашр сураси, 23-оят).

Аввалги оят каби бу ояти карима ҳам Аллоҳ ваҳдониятининг исботи ила бошланган ва Унинг бир неча исмларини эслатмоқда, жумладан:

Малик – ҳақиқий эгадир, Ундан ўзга эга йўқ. Шунинг учун бандалар фақат Унга қул бўладилар. Ҳеч вақтда бир қулга икки хожа бўлмайди. Шунинг учун инсонлар ўзларига ўхшаган инсонларга эмас, балки ягона яратганга, ҳақиқий эгага қул бўлишлари лозим.

Қуддус – барча айблардан холи, нолойиқ сифатлардан пок. Мутлақ муқаддаслик ва мутлақ поклик Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир.

Салом – нуқсонлардан саломат, шунингдек, тинчлик-хотиржамлик ва роҳат берувчи Зот. Аллоҳ «Салом» сифати ила бандаларга тинчлик, омонлик, хотиржамлик ато қилади.

Мўмин – иймон ва омонликни берувчи.

Муҳаймин – ҳамма нарсани қамраб олувчи, яъни Аллоҳ бандаларнинг барча ҳолатларига гувоҳ бўлиб туради, Ундан ҳеч нарса махфий қолмайди.

Азийз – барчанинг устидан ғолиб.

Жаббор – олий қадар, улуғ, Унинг олдида ўзгалар ўзини хор тутади.

Мутакаббир – кибриёси ва улуғлиги муболағали Зот.

Ушбу баркамоллик сифатларига эга бўлган айбсиз  Зот мушрикларнинг Унга ширк келтиришидан ҳам покдир.

Аллоҳ таоло Тоҳа сурасида:

«Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ. Энг гўзал исмлар Уникидир», деган (8-оят).

Яъни Аллоҳ таоло Ўзининг борлигида, моликлигида, илмида ва ҳамма нарсани Ўз тасарруфида тутишида ягонадир. Унинг исмлари фақат ва фақат гўзалдир. Гўзал исмларнинг барчаси танҳо Унга хосдир.

Аллоҳ таоло Исро сурасида:

«Аллоҳга дуо қилинглар ёки Роҳманга дуо қилинглар – қай бирига дуо қилсангиз ҳам барибир. Энг гўзал исмлар Уникидир», деб айт», деган (110-оят).

Ривоятларда келишича, бир куни мушриклар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ё Аллоҳ! Ё Роҳман!» деб дуо қилаётганларини эшитиб қолиб, дарҳол: «Муҳаммад яккахудоликка чақирар эди, ўзи бўлса иккита худога дуо қилмоқда», деб гап тарқатишибди.

Уларнинг бу жоҳилона тушунчаси ва тасарруфининг жавобига ушбу оят нозил бўлган экан. Бу оятда мазкур нотўғри тушунча ва тасарруф тўғриланмоқда.

«Аллоҳга дуо қилинглар ёки Роҳманга дуо қилинглар – қай бирига дуо қилсангиз ҳам барибир».

«Аллоҳ», «Роҳман» исмлари икки хил бўлгани билан зот бир. Исм кўпайса, зот ҳам кўпайиб қолмайди.

«Энг гўзал исмлар Уникидир», деб айт».

Дунёдаги энг гўзал исмлар Аллоҳникидир. Шундан тўқсон тўққизтаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир ҳадисларида келган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳнинг тўқсон тўққизта исми бор. Ким уларни ёд олса, жаннатга киради. Албатта, Аллоҳ тоқдир ва тоқни яхши кўради», дедилар».

Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган.

(Давоми бор)

«Сунний ақийдалар» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
иккинчи мақола Оҳод ҳадислар ҳақидаги баҳс яна ҳам мукаммал бўлиши учун .Ҳадис ва Ҳаёт, номли асаримизнинг биринчи жузидан узунроқ бир иқтибос келтиришга ижозат давоми...

3183 13:00 / 21.12.2020
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қиёмат қоим бўлиши ҳақидаги хабарни турли услублар ила баён қилган. Бу улкан ҳақиқатни сиз билан биз бандаларига англатиш учун ажойиб давоми...

1883 19:00 / 22.05.2023
. . , . ., . .,. . . ,. . ,. . ,. . ,. . ,. . . Анас розияллоҳу давоми...

3306 19:00 / 19.04.2022
Осмоннинг хабари бўлмиш ваҳийни қабул қилиб олиш, Аллоҳнинг каломи Қуръони Каримни қабул қилиб олиб, кишиларга етказиш ва уни татбиқ қилиш Муҳаммад соллаллоҳу давоми...

4344 19:00 / 04.04.2022
Аудиолар

119800 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41519 14:35 / 11.08.2021