Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 4 шаъбон | 2026 йил 23 январь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (191-дарс). Инсон энг афзал ва энг шарафли махлуқдир

19:00 / 25.07.2022 4798 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ақоид илмида «кавниёт» деганда борлиқдаги мавжудотлар кўзда тутилади. Мусулмон киши ўша нарсаларга нисбатан ҳам ўзига хос ақийдага эга бўлиши керак. Ўша нарсалардан энг муҳимлари тўрт нарсани ташкил қилади:

1. Инсон.

2. Жин.

3. Фаришта.

4. Борлиқдаги сабабият қонуни.

Энди ушбу нарсаларни батафсил ўрганиб чиқайлик.

Мусулмон одам инсон тўғрисида бир неча ҳақиқатларга эътиқод қилиши лозим.

Инсон энг афзал ва энг шарафли махлуқдир.

Бу эътиқоднинг ҳақлигини содиқ хабар ҳам, соғлом ақл ҳам тасдиқлайди.

Аллоҳ таоло Исро сурасида қуйидагиларни айтади:

وَلَقَدْ كَرَّمْنَا بَنِي آدَمَ وَحَمَلْنَاهُمْ فِي الْبَرِّ وَالْبَحْرِ وَرَزَقْنَاهُم مِّنَ الطَّيِّبَاتِ وَفَضَّلْنَاهُمْ عَلَى كَثِيرٍ مِّمَّنْ خَلَقْنَا تَفْضِيلاً
 

«Батаҳқиқ, Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик ва уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик» (70-оят).

Аллоҳ таоло борлиқдаги турли-туман мавжудотларни бир-биридан афзал қилиб яратган Зот. Ана ўша Зот ушбу ояти каримада одам боласини борлиқдаги ҳамма нарсадан азизу мукаррам қилиб яратганининг хабарини бермоқда:

«Батаҳқиқ, Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик».

Аввало, одамнинг шакли, барча аъзоларининг тузилиши азизу мукаррамликдан далолат бериб туради. Бошқа махлуқотларда бу шакл, бу мутаносиблик ва бу каби аъзолар йўқ. Сўнгра Аллоҳ таоло одамни Ўз қўли билан яратиб, мукаррам қилди. Ўз руҳидан жон пуфлаб, улуғлади. Бундай шарафга ҳеч бир махлуқот муяссар бўлган эмас. Шу боисдан ҳам инсон азизу мукаррамдир. Аллоҳ таоло яна одам боласини Ўзи берган ақл билан мукаррам қилиб қўйди. Ақли билан инсон бошқа ҳамма махлуқотлардан устун туради. У Аллоҳ берган ақл ила турли тадбирлар қилади, нарсалар ишлаб чиқаради, бошқа махлуқотларни ўз фойдасига ишлатади. Буларнинг ҳаммаси инсонни Аллоҳ азизу мукаррам қилиб қўйганининг намуналаридир.

Аллоҳ таоло инсонга ваҳийлар туширди. Одамлар ичидан пайғамбарлар танлаб олди. Пайғамбарларга илоҳий китоблар нозил этди. Шариат ҳукмларини юборди. Буларнинг барчаси Аллоҳ инсонни азизу мукаррам қилганига намунадир.

Аллоҳ таоло одамни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилиши ҳам шунга далолатдир.

Аллоҳ таоло охирги индирган китоби Қуръони Каримда «Биз Бану Одамни азизу мукаррам қилиб қўйдик», деб эълон қилишининг ўзи ҳам катта обрў-эътибордир.

«...ва уларни қуруқлигу денгизда (улов-ла) кўтардик».

Аллоҳ таоло қуруқликда ҳам, денгизда ҳам инсон боласи учун турли уловларни яратиб, шунга биноан қонун-қоидаларни жорий қилиб қўйди. Инсон қуруқликда турли ҳайвонлар ва нақлиёт воситаларида юриб, оғир ишларни енгиллик ила бажаради. Одамларни кўтарадиган, унга улов бўлиб хизмат қиладиган маркаблар Аллоҳ таолонинг махлуқлари бўлиб, улар Жаноби Ҳақ жорий этган қонун-қоида асосида уловлик вазифасини бажаради. Бу ҳам Аллоҳ одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.

Шунингдек, Аллоҳ таоло инсон учун сувда чўкмайдиган турли моддаларни яратиб, уларга маълум шаклларни беришни илҳом этиб, денгизларда сузиб юрадиган уловларни Ўзи жорий қилган қонун-қоидалар асосида ҳаракатланадиган этиб қўйди. Бу ҳам Аллоҳнинг одам боласини азизу мукаррам қилганидандир.

«...ҳамда уларни пок нарсалар ила ризқлантирдик».

Аллоҳ таоло одам боласига барча пок нарсаларни ризқ қилиб берган. Уларни санаб саноғига етиб бўлмайди. Одам бу пок ризқлардан тўғри фойдаланиб, уларни берган Зотга шукр қилса, жуда яхши бўлади. Ана шу сон-саноқсиз покиза ризқларнинг берилиши ҳам Аллоҳ таоло одам боласини азизу мукаррам қилиб қўйганидандир.

«...уни Ўзимиз яратган кўп нарсалардан мутлақо афзал қилиб қўйдик».

Яъни одам бошқа махлуқотлардан мутлақо афзал саналади. Афзалликда унга яқин кела оладиган махлуқот оламда йўқдир. Барча махлуқотлар одам боласи учун беминнат хизматкордир.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
АлБасит ndash руҳларни кенгликка қўйиб юборувчи, хоҳлаганига ризқни кенг қилиб қўювчи, қалбларни кенг қилувчи Зот демакдир...Ҳобил деди .Қасамки, сен мени ўлдириш давоми...

18027 16:26 / 09.11.2017
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам .Менга умматлар кўрсатилди. Бас, бир набий ўта бошлади. У билан бирга бир уммат бор давоми...

7501 19:24 / 02.12.2016
Имом Aшъарий тобеларининг 3табақасидан ҳисобланган буюк муҳаддис Ҳофиз Aбу Бакр Байҳақий ваф. 458 ҳ. раҳматуллоҳи алайҳ айтади.Шайхимиз имом Aбу Ҳасан Aшъарий давоми...

2939 15:00 / 19.08.2021
биринчи мақола Лавҳ ва қаламга, унга чизилган жамики нарсага иймон келтирамиз. .Лавҳ,дан мурод Аллоҳ таоло халойиқнинг тақдирларини ёзган нарсадир. .Қалам,дан давоми...

5982 15:00 / 09.03.2020