Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 8 рабиъус сони | 2024 йил 11 октябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Куфр ва ширк ўртасидаги фарқ | Ақийда дарслари (284-дарс)

19:00 / 01 июль 876 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биринчидан: Кофирлик динда билиш зарур бўлган  нарсалардан бирини инкор қилиш билан бўлади. Бошқача қилиб айтганда, иймон келтириш вожиб бўлган ҳар бир нарсани инкор қилиш билан бўлади.

Мушрик диндаги зарурий нарсалардан бирортасини инкор қилмаслиги мумкин, лекин шу билан бирга, у Аллоҳ таолога хос сифатлардан бирида ёки Унинг ҳукмлари, исмлари ёки ишларида ширк келтириши мумкин.

Иккинчидан: Куфр ўзининг барча турлари билан иймонга зид бўлиб, у билан жам бўла олмайди. Ширк эса гоҳида иймон билан жам бўлиши мумкин. Ёки бошқача қилиб айтадиган бўлсак, ҳар бир ширк ҳам куфр эмас. Бунга кичик ширк ва махфий ширк мисолдир.

Имом Аҳмад ўзининг «Муснад» китобида (5-жилд, 428-бет) яхши санад [1] билан (Маҳмуд ибн Лабиддан) қуйидаги ҳадисни ривоят қилган:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Сизлар учун энг хавфсираган нарсам кичик ширкдир», дедилар. Одамлар:

«Эй Аллоҳнинг Расули, кичик ширк нима?» дейишди. У зот:

«Риёдир», дедилар».

Шунингдек, бир одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга:

«Аллоҳ хоҳласа ва сиз хоҳласангиз», деганида, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Нима, мени Аллоҳга тенг қилдингми?! «Аллоҳнинг ёлғиз Ўзи хоҳласа», дегин», деганлар».

Имом Аҳмад, 1-жилд, 124-бет.

Ва яна у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким Аллоҳдан бошқа ила қасам ичса, батаҳқиқ, ширк келтирибди», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишган.

Ва яна у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй одамлар, мана бу ширкдан сақланинглар, чунки у чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқдир», деганларида, у зотга: «Эй Аллоҳнинг Расули, агар у чумолининг ўрмалашидан ҳам махфийроқ бўлса, қандай қилиб ундан сақланамиз?» дейишди.

Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳим, билган нарсамизни Сенга шерик қилишимиздан Сенинг Ўзингдан паноҳ сўраймиз, билмаганимизга истиғфор айтамиз», дедилар».

Имом Аҳмад, 4-жилд, 403-бет.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мана шу амалларни қилганларни муртад ёки кофир деб ҳукм қилмадилар, уларга шаҳодат калимасини қайта айтиш ёки иймонини янгилашни буюрмадилар.

Шунингдек, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпгина саҳобаларнинг исмларини ўзгартирганлар. Лекин ўша исм эгаларининг ширки ёки куфри ҳақида ҳукм қилмаганлар. Балки ширк ва жоҳилият гумони бўлгани учун ўша исмларга ўхшаш исмларни ман қилганлар. Ушбуларнинг барчаси ширкнинг баъзи турлари катта гуноҳ бўлса ҳам, куфр эмаслигига далилдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишлар ҳақида оғир гапларни айтганлари эса ширк ва жоҳилиятга сабаб бўладиган йўлларни тўсиш, Ислом ва тавҳиднинг рамзларини жонлантириш учун бўлган (Жазоирий, «Ақийдатул Муъмин», 105-106-бетларнинг хулосаси).

2. Унга ўхшаш нарса йўқдир.

Шарҳ: Яъни Аллоҳга Унинг зотида ҳам, сифатларида ҳам, ишларида ҳам, исмларида ҳам, ҳукмларида ҳам ҳеч бир ўхшаш нарса йўқ.

Махлуқотлардан ҳеч бири Робб таолога хос хусусиятлар билан сифатланмайди, махлуқотларнинг бирор нарсаси У Зотга, Унинг сифатларининг бирортасига ўхшатилмайди.

Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир:

ﭤ ﭨ ﭧ ﭦ ﭥ ﭣﭢ ﭡ

 

«У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир. У ўта эшитувчидир, кўриб турувчидир» (Шуро сураси, 11-оят).

ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ

 

«Осмонлару ердаги энг олий васф Уникидир. У ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир» (Рум сураси, 27-оят)

3. Ҳеч бир нарса Уни ожиз қила олмас.

Шарҳ: Яъни Аллоҳнинг қудрати баркамоллигидан, ҳеч бир нарса Унинг қиладиган иши ёки ҳукмини ман қила олмас.

Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир:

ﰌ ﰍ ﰎ ﰏ ﰐ ﰑ ﰒ ﰓ ﰔ ﰕ ﰖﰗ ﰘ ﰙ ﰚ ﰛ ﰜ

«На осмонларда ва на ерда бирор нарса Аллоҳни ожиз қолдира олмас. Албатта, У Зот ўта билувчидир, ўта қодирдир» (Фотир сураси, 44-оят).

ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ ﯳ ﯴ ﯵ ﯶ ﯷ ﯸ ﯹ ﯺ

«Ва албатта, биз Аллоҳни ер юзида ожиз қолдира олмаслигимизга ва Ундан қочиб қутула олмаслигимизга ишондик» (Жин сураси, 12-оят).

ﮚ ﮛ ﮙ ﮘ ﮗ ﮖ ﮕ

«Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсага ўта қодирдир» (Бақара сураси, 20-оят).

ﰗ ﰖ ﰕ ﰔ ﰓ ﰒ ﰑ

«Аллоҳ ҳар бир нарсага қодир бўлган Зотдир» (Каҳф сураси, 45-оят).

ﯺ ﯹﯸ ﯷ

«...Икковининг муҳофазаси Унга оғир келмас...» (Бақара сураси, 255-оят).

Яъни осмонлару ернинг муҳофазаси Аллоҳни ожиз қолдирмас, Унга оғир келмас.

4. Ундан бошқа илоҳ (ибодатга сазовор зот) йўқдир.

Шарҳ: Ушбу калима – тавҳид калимаси бўлиб, барча пайғамбарлар шунга даъват қилгандирлар. Ушбу калима ила одам ширк зулматидан чиқиб, иймон нурига киради.

Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир:

ﯽ ﯾ ﯿﰀ ﰁ ﰂ ﰃ ﰄ ﰅ ﰆ ﰇ

«Ва илоҳингиз ягона Илоҳдир. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У ўта меҳрибондир, ўта раҳмлидир» (Бақара сураси, 163-оят).

ﰏ ﰎ ﰍ ﰌ ﰋ ﰊ

«Бас, билгин: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ» (Муҳаммад сураси, 19-оят).

ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ

«Аллоҳ адолат ила туриб, албатта, Ундан ўзга илоҳ йўқлигига шоҳидлик берди. Фаришталар ва илм эгалари ҳам. Ундан ўзга илоҳ йўқ. У ўта иззатлидир, ўта ҳикматлидир» (Оли Имрон сураси, 18-оят).

ﮚ ﮛ ﮜ ﮝﮞ

«...албатта, илоҳингиз битта Илоҳдир...» (Анбиё сураси, 108-оят).

ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ

«...Албатта, Угина ягона Илоҳдир...» (Анъом сураси, 19-оят).

Ақийдатут Таҳовия шарҳининг талхийси» китобидан

[1] Санад – матнга олиб борувчи кишиларнинг силсиласидир.

 

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7619-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло бошқа бир оятда.Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари ларзага келадиган, уларга оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қиладиган ва Роббларига давоми...

5311 19:37 / 27.07.2017
Жиноятчилар сиймоларидан билиниб турар. Ва уларнинг пешона сочлари ва оёқларидан тутилур.Демак, гуноҳкорлар қиёматдаги халойиқнинг ичида белгили бўлиб туришади. давоми...

5320 20:08 / 26.03.2018
Эй одамлар Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингиздан қўрқинглар У билан ўзаро сўровда давоми...

5752 15:14 / 07.11.2017
Аллоҳ таоло ҳамма нарсанинг қадарини белгилаб қўйган бўлса, касбнинг нима кераги бор, дейдиганлар ҳам учраб туради. Аллоҳ таолога таваккул қиладиган бўлсак, ҳеч давоми...

5727 19:28 / 27.07.2017
Аудиолар

131511 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51995 14:35 / 11.08.2021