Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 8 рабиъус сони | 2024 йил 11 октябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Аллоҳ тирикдир, ўлмайди | Ақийда дарслари (285-дарс)

19:00 / 08 июль 782 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

قَدِيمٌ بِلَا ابْتِدَاءٍ، دَائِمٌ بِلَا انْتِهَاءٍ.

5. У ибтидосиз қадимдир, интиҳосиз доимдир.

Шарҳ: Яъни Аллоҳнинг мавжудлигининг бошланиши йўқдир ва Унинг ниҳояси ҳам йўқдир. Чунки ҳар бир нарсанинг вужудга келишининг бошланиши ва ниҳояси бор бўлиб, янги пайдо бўлган ва яратилган бўлади. Мана шу Аллоҳнинг Аввал ва Охир исмларига шарҳдир.

Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти бунга далилдир:

ﯴ ﯵ ﯶ

«У Аввалдир, Охирдир» (Ҳадид сураси, 3-оят).

قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِيمَا رَوَاهُ مُسْلِمٌ وَأَبُو دَاوُدَ (عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ): اللَّهُمَّ أَنْتَ الْأَوَّلُ فَلَيْسَ قَبْلَكَ شَيْءٌ، وَأَنْتَ الْآخِرُ فَلَيْسَ بَعْدَكَ شَيْءٌ.

Имом Муслим ва Имом Абу Довуд (Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Аллоҳим, Сен Аввалсан, сендан олдин ҳеч нарса йўқ ва Сен Охирсан, сендан кейин ҳеч нарса йўқ», дедилар.

Яъни вужуд Сендан бошланган ва Сенда тугайди, деганларидир.

لَا يَفْنَى وَلَا يَبِيدُ.

6. У фоний ҳам бўлмас, йўқ ҳам қилинмас.

Шарҳ: Бу Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг бақоси бардавом эканининг иқроридир. Аслида эса бу бешинчи рақамдаги ақийдани таъкидлашдир. Фано ва йўқ қилишнинг маъноси бир-бирига яқиндир. Икковини жамлаб келтириш таъкид учундир. Чунки «фано» сўзи ўз‑ўзидан йўқ бўлиб кетишни англатади, йўқ қилиш эса бировнинг ҳалок қилишини англатади.

Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир:

ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ

«(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир. Улуғлик ва икром эгаси Роббингнинг Ўзигина боқийдир» (Раҳмон сураси, 26-27-оятлар).

ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚﮛ

«Ундан ўзга ҳар бир нарса ҳалок бўлувчидир» (Қасас сураси, 88-оят).

وَلَا يَكُونُ إِلَّا مَا يُريِدُ.

7. У Зот ирода қилган нарсадан бошқаси бўлмас.

Шарҳ: Яъни борлиқдаги ҳар бир нарса фақат Аллоҳ таолонинг иродаси билангина юз беради. Бунда қадария (қадарни инкор қилганлар) ва мўътазилийларга раддия бордир. Чунки улар: «Аллоҳ таоло ҳамма одамлардан иймонни ирода этган-у, аммо кофир куфрни ирода қилган», дейишади. Уларнинг ушбу гаплари фосид ва мардуддир. Чунки бу Қуръонга, Суннатга, соғлом ақлга зиддир.

Бу ҳақда гап келгусида келади.

Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир:

ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ

«Истаганини қилувчидир» (Буруж сураси, 16-оят).

ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ

«Албатта, Аллоҳ хоҳлаганини қиладир» (Ҳаж сураси, 18-оят).

ﮆ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ

«Лекин Аллоҳ ирода қилганини қиладир» (Бақара сураси, 253-оят).

Ироданинг турлари:

Муҳаққақ, Аҳли сунна вал жамоа уламолари «Аллоҳнинг Китобида ирода икки хилдир», дейдилар:

Шаръий ирода.

Кавний ирода.

Шаръий ирода муҳаббат ва розиликни ўз ичига олган иродадир.

Кавний ирода барча мавжудотларни қамраб олувчи хоҳишдир. Ушбу ирода ҳар иккисини ҳам ўз ичига олади.

لَا تَبْلُغُهُ الْأَوْهَامُ، وَلَا تُدْرِكُهُ الْأَفْهَامُ.

8. Фикр-хаёллар Унга ета олмас ва фаҳмлар Уни идрок эта олмас.

Шарҳ: Яъни У Зотга фикр-хаёл билан етиб бўлмайди. У Зотни фаҳм ила иҳота қилиб бўлмайди. Бирор нарсани тасаввур қилдим, дегани уни тахмин қилдим, деганидир. Бирор нарсани фаҳмладим, дегани уни билдим, деганидир. Биз Аллоҳ таоло зотининг ҳақиқатини идрок эта олмаймиз. У Зот субҳанаҳу таолони сифатларидан таниймиз.

Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир:

ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ

«Улар эса Уни илм ила иҳота қила олмаслар» (Тоҳо сураси, 110-оят).

ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ

«Унинг илмидан ҳеч нарсани иҳота қила олмаслар» (Бақара сураси, 255-оят).

Қандай қилиб ҳам иҳота қилишсин?

ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ

«Кўзлар Уни идрок эта олмас, У кўзларни идрок этар. У ҳар бир нарсани дақиқ ва нозик жойларигача билувчидир, ўта хабардордир» (Анъом сураси, 103-оят).

وَلَا يُشْبِهُ الْأَنَامُ.

9. Махлуқотлар Унга ўхшамас.

Шарҳ: Яъни махлуқотлар ичида зотида ҳам, сифатларида ҳам, ишларида ҳам, исмларида ҳам, ҳукмларида ҳам Аллоҳга ўхшаши йўқдир.

Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ «ал-Фиқҳул Акбар»да:

«У Ўз махлуқотларидан бирортасига ўхшамайди. Унинг махлуқотларидан бирортаси Унга ўхшамайдики, то Унга қиёс қилинса ёки Унга ўхшатилса-ю, қиёс ёки ўхшатиш ила таниб олинса», деганлар. Бу эса Холиқни махлуққа ўхшатувчи мушаббиҳа мазҳабидагиларга раддиядир. Яъни бу «Аллоҳ билан Унинг махлуқотлари орасида ўхшатишга асос бўладиган муштарак сифат йўқки, У Зот ўша билан махлуқотларга ўхшатилса», деганидир.

Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир:

ﭡ ﭢ ﭣﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ

 «У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир. У ўта эшитувчидир, кўриб турувчидир» (Шуро сураси, 11-оят).

ﭣ ﭢ ﭡ ﭠ ﭟ ﭞ

«Ва Унга ҳеч ким тенг бўлмаган» (Ихлос сураси, 4-оят).

حَيٌّ لَا يَمُوتُ، قَيُّومٌ لَا يَنَامُ.

10. У тирикдир, ўлмас, доимо қоимдир, ухламас.

Шарҳ: Яъни Аллоҳнинг ҳаёти абадийдир, ўлим ила йўқ бўлмайди. (Шунингдек, Аллоҳнинг ҳаёти азалийдир, олдиндан йўқ бўлган эмас. Аллоҳ борлиқнинг тадбирини доимо қилиб турувчидир, уйқу ва мудраш Уни ғофил қилмайди.) Оламнинг туриши Унинг қўлида. Аллоҳнинг қоимлиги ўз-ўзидан бўлади, ўзидан бошқа барча нарсани қоим қилувчидир.

Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятлари бунга далилдир:

ﮣ ﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨ ﮩﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯ

«Аллоҳ – Ундан ўзга илоҳ йўқ. У Ҳайй ва Қойюмдир. Уни мудроқ ҳам, уйқу ҳам олмас» (Бақара сураси, 255-оят).

Бас, Ундан мудроқ ва уйқуни инкор қилиш Унинг доимо қоимлигининг баркамоллигига далолат қилади. Ушбу ақийда Аллоҳнинг махлуқотларга ўхшамаслигининг далилидир. Чунки улар тирикдирлар, лекин ўлурлар ва ухларлар. Аммо Аллоҳ тирикдир, ўлмайди (ва ухламайди).

Ақийдатут Таҳовия шарҳининг талхийси» китобидан 

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7619-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Албатта, маъсият билан бидъатнинг орасида фарқ бор. Осий маъсиятни гуноҳ эканини билиб, хижолат бўлган ҳолда амалга оширади. Савобдан маҳрумлигини ва жазога давоми...

3777 23:54 / 02.12.2016
Биринчидан Кофирлик динда билиш зарур бўлган нарсалардан бирини инкор қилиш билан бўлади. Бошқача қилиб айтганда, иймон келтириш вожиб бўлган ҳар бир нарсани давоми...

875 19:00 / 01 июль
Улар қадарни инкор қиладилар ва .Инсон ўз амалини ўзи халқ қилади,, дейдилар. Уларнинг фикрича, инсоннинг ўз қудрати бўлиб, у ўз амалларини ўзи яратади, Аллоҳ давоми...

3650 17:00 / 02.08.2021
У Зот Ўз фазли ила хоҳлаган кимсани ҳидоят қилади, муҳофаза қилади ва афв қилади. Ҳамда Ўз адолати ила хоҳлаган кимсани залолатга кетказади, ёрдамсиз ташлаб қўяди давоми...

4901 17:05 / 16.12.2019
Аудиолар

131510 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51994 14:35 / 11.08.2021