Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 11 шаввол | 2024 йил 20 апрель, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (62-дарс). Холиқ ва Бориъ орасидаги фарқ

20:05 / 02.12.2019 4547 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Холиқ»нинг маъноси («Бориъ» билан бирга келганда) «тақдир қилувчи» – «ўлчовли қилувчи» бўлади. «Бориъ»нинг маъноси эса «пайдо қилувчи», «вужудга келтирувчи» бўлади. Аллоҳ таолонинг: «У Аллоҳдир, Холиқдир, Бориъдир, Мусоввирдир», деган сўзининг маъноси «Аллоҳ нарсаларни тақдири ила, ўлчаб яратадир, пайдо қиладир, суратини тўғрилайди» бўлади (Ҳашр сураси, 24-оят, Ғаззолийнинг «Ал-Мақсадул Аснаа шарҳи асмаауллоҳил ҳусна» китобидан).

Имом Байзавий қуйидагича фарқлайдилар:

«Холиқ» – мутлақ вужудга келтирувчидир. «Бориъ» эса тафовутсиз қилиб вужудга келтирувчидир. Оятда: «Роҳманнинг яратганида ҳеч тафовут кўрмассан», дейилганидек (Мулк сураси, 3-оят).

Далил:

«У Зот осмонлару ерни олти кунда яратди. Ўшанда Арши сув устида эди» (Ҳуд сураси, 7-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Яман аҳлига берган жавобларидаги: «Аллоҳ бор эди, Ундан олдин ҳеч нарса бўлмаган эди», деганлари (Бухорий ривоят қилган).

Бу ҳолатда ҳам Аллоҳ таоло махлуқотларидан ҳеч нарса бўлмаган пайтдаёқ холиқлик ва бориълик сифатлари ила мавсуф эди. Шунингдек, осмонлару ерни яратишидан олдин ҳам бу икки сифат ила мавсуф эди. Ҳа, баъзи махлуқотлар осмонлару ер яратилишидан олдин бор эди. Мисол учун, сув.

У Зотда марбуби йўқлигида ҳам робблик маъноси, махлуқи йўқлигида ҳам холиқлик маъноси мавжуддир.

Шарҳ: Бу ҳам олдин ўтган маънога мисол бўла олади. «Аллоҳ халойиқни халқ қилгандан бошлаб «Холиқ» исмини олгани йўқ», деганга ўхшашдир. Яъни Аллоҳ таоло марбуб вужудга келтирилишидан олдин ҳам «Робб» деган васфга эга эди. Шунингдек, махлуқлар вужудга келтирилишидан олдин «Холиқ» деган васфга эга эди.

Далил:

«Эй одамлар, сизларни ва сиздан олдингиларни яратган Роббингизга ибодат қилинг» (Бақара сураси, 21-оят).

Демак, Аллоҳ бизни халқ қилишидан олдин ҳам, биздан аввалгиларни халқ қилишидан олдин ҳам бизга Робб эди. Шунингдек, ерни тўшашдан олдин, осмонни бино қилишдан олдин, осмондан сув туширишдан олдин Робб эди. Ушбу ишларнинг барчаси робблик аломатларидир. Инсон марбубдир (яъни тарбия қилингандир).

Аллоҳ таоло ушбу нарсаларнинг ҳаммасини халқ қилишидан олдин ҳам Робб бўлган.

Шунингдек, У Зот ўликларни Тирилтирувчидир ва бу исмга уларни тирилтиришдан олдин ҳам сазовор бўлгандир. Уларни пайдо қилишдан олдин «Холиқ» исмига сазовор бўлганидек.

Шарҳ: Бу олдин ўтган маънога учинчи мисолдир. Худди Аллоҳ таоло барзахда ва охиратда ўликларни тирилтирганидан кейин У «Тирилтирувчи» дейилганидек, ҳозир ҳам, уларни тирилтиришидан олдин ҳам, У «Тирилтирувчи» дейилади. У уларни ўлик бўлганларидан сўнг жон киритиб, тирик қилганидан кейин «Тирилтирувчи» деб аталганидек, уларни халқ қилишидан илгари уларга ҳаёт беришидан олдин ҳам «Тирилтирувчи» дейилаверади. Худди халойиқни халқ қилишидан олдин Холиқ бўлганидек.

Далил:

«Албатта, Ўша Зот Муҳийдир (тирилтирувчидир), У ҳар бир нарсага қодирдир» (Рум сураси, 50-оят).

Бу эса У Зот ҳар бир нарсага қодир бўлгани учундир. Ҳар бир нарса Унга муҳтож бўлгани учундир. Ҳар бир иш Унга осон бўлгани учундир. У ҳеч нарсага муҳтож эмаслиги учундир. Унинг ўхшаши йўқлиги учундир ва У Зот эшитувчи, кўрувчи бўлгани учундир.

Яъни Аллоҳ таолонинг сифатлари азалдан, халойиқни халқ қилишидан олдин ҳам собитлиги, Аллоҳ таолонинг ҳар бир нарсага қодир бўлгани учундир. Агар Аллоҳ азалдан ҳар бир нарсага қодир бўлмаса, қачон ва қандай қилиб ҳар бир нарсага қодир бўла олади? Агар Аллоҳ таолонинг сифатлари азалий бўлмаса, қандай қилиб ҳамма нарса Унга муҳтож бўлади? Агар Аллоҳ таолонинг сифатлари азалий бўлмаса, қандай қилиб ҳар бир иш Унга осон бўлади? Агар Аллоҳ таолонинг сифатлари азалий бўлмаса, қандай қилиб Унинг ўхшаши йўқ бўлади? Агар Аллоҳ таолонинг сифатлари азалий бўлмаса, қандай қилиб У ҳеч нарсага муҳтож бўлмайди?

Мўътазилийлар Аллоҳнинг «Ва Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир» ояти маъносини бузганлар (Ҳашр сураси, 6-оят). Улар: «Аллоҳ қудрати етган нарсага қодирдир. Аммо бандаларнинг ишига қодир эмасдир», дейдилар. Улар Аллоҳ таолонинг ҳар бир нарсага етувчи баркамол қудратини салбийлаштирганлар.

Аҳли сунна вал жамоа эса: «Аллоҳ ҳар бир нарсага қодирдир. Бунга ҳамма бўлиши мумкин нарсалар киради. Бўлиши мумкин бўлмаган амримаҳол нарсаларга эса ақли бор одамлар аҳамият бермайдилар», дейдилар.

«У Зотга ўхшаш ҳеч нарса йўқдир» ояти мушаббиҳа (Аллоҳни баъзи нарсаларга ўхшатувчилар) мазҳабига раддиядир (Шууро сураси, 11-оят).

«У Зот эшитувчи, кўрувчидир» ояти муаттила (Аллоҳнинг сифатларини бекор қилувчилар) мазҳабига раддиядир (Шууро сураси, 11-оят).

Эшитиш ва кўриш сифатини собит қилиш «ўхшатиш» дегани эмас. Чунки махлуқнинг сифати ўзига яраша, Холиқнинг сифати Ўзига яраша бўлади.

«Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар» китоби

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Эй одамлар Роббингиздан қўрқинг Албатта, Соат қиёмат зилзиласи улкан нарсадир.Ушбу ояти каримадаги хитоб барча одамларга қаратилгандир. Оятда ҳамма одамларни давоми...

6409 18:48 / 15.02.2018
Бу масаланинг номи бир нечта. Баъзилар .машиъат масаласи, деса, бошқалар .бандаларнинг амали масаласи, ҳам дейишади. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инсон ўз давоми...

4537 13:10 / 25.03.2019
Ширкнинг ҳақиқати, инсон Аллоҳ Ўзининг олий зотига хос қилган ҳамда бандаликка шиор қилган сифат ва амалларни бошқа махлуқни рози қилиш учун, унга нисбат давоми...

17236 00:13 / 03.12.2016
Бу ерда қиёматнинг баъзи бир даҳшатлари ҳақида сўз кетади. Унинг ҳақиқий даҳшатлари қандоқ бўлиши Аллоҳ таолонинг ёлғиз Ўзигина билади.Аллоҳ таоло .Эй одамлар давоми...

6142 19:15 / 02.12.2016
Аудиолар

120149 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

41811 14:35 / 11.08.2021