Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 12 жумадул аввал | 2024 йил 14 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (163-дарс). Аллоҳни кўришни ақл жоиз деб ҳисоблайдими? (иккинчи мақола)

19:00 / 27.12.2021 3987 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таолони бу дунёда кўришни эшитилган далиллар тасдиқлайдими?

Бу саволнинг жавобида Аҳли сунна ва жамоа икки хил фикрни айтганлар.

Биринчи жавоб Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бошлиқ бир гуруҳ саҳобаларнинг мазҳаби бўлиб, улар: «Одамлардан бирортаси ҳам ўлимидан олдин Аллоҳ таолони кўриши мумкин эмас», дейдилар.

Уларнинг ҳужжати имом Муслим Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шариф бўлиб, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Билинглар, албатта, сизлар ўлмасингиздан олдин Роббингизни зинҳор кўрмассиз», деганлар.

Имом Бухорий ва бошқа муҳаддислар келтирган ривоятда Масруқ розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтадилар:

«Мен Оиша розияллоҳу анҳога: «Эй онажон! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз Роббини кўрганмилар?» дедим. «Сен айтган гапдан сочим тикка бўлди! Уч нарсани сенга ким айтса, батаҳқиқ, ёлғон айтибди:

Ким сенга «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Роббини кўрганлар», деса, батаҳқиқ, ёлғон айтибди», деди ва «Кўзлар Уни идрок эта олмас, У кўзларни идрок этар. У Латифдир, Хобирдир» оятини қироат қилди.

Ким сенга у зотнинг эртага бўладиган нарсани билишларини айтса, батаҳқиқ, ёлғон айтибди», деди ва «Жон ўзининг эртага нима касб қилишини билмас» оятини қироат қилди.

Ким сенга у зотнинг бирор нарсани беркитганларини айтса, батаҳқиқ, ёлғон айтибди», деди ва «Эй Пайғамбар! Сенга Роббингдан нозил қилинган нарсани етказ»ни қироат қилди. «Лекин у зот Жаброил алайҳиссаломни ўз суратида икки марта кўрганлар», деди».

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу бошлиқ бир гуруҳ саҳобалар олдинги гапга зид гапни айтганлар. Уларнинг ижтиҳодлари «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам меърожга чиққанларида Аллоҳ таолони кўрганлар», деган фикрга асосланган. Улар ўзларининг бу фикрларига Исро сурасидаги «Биз сенга кўрсатган рўёни фақат одамлар учун фитна қилдик, холос» деган оятни ҳам далил қиладилар.

Аммо тўғрисини айтганда, бу ояти карима ҳақида муфассирлар кўплаб таъвилларни келтирган бўлсалар ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолони кўрганлари ҳақидаги гапга унча рози бўлмаганлар.

«Шарҳи китоби ал Фиқҳул Акбар» номли китобда Мулло Али Қори раҳматуллоҳи алайҳи:

«Аҳли сунна ва жамоанинг ижмои шулки, У Зот таолони бу дунёда кўз билан кўриш ақлан жоиздир ва охиратдагиси нақлан ва самъан собит ва воқеъдир. Бу дунёда шаръан жоизлиги ҳақида ихтилоф қилдилар. Кўпчилик уни собит дедилар. Бошқалар инкор қилдилар. Сўнгра уни бу дунёда собит, деганлар воқеъ бўлишини у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга Исро кечасида хос бўлган, дедилар. Бу эса уламолар ва авлиёлар ўртасидаги хилофли масаладир.

Тўғриси, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз Роббларини қалблари билан кўрганлар, кўзлари билан эмас. Бу «Шарҳи ақоид» ва бошқа китобларда зикр қилинган», деган (Мана шу қавл Абдуллоҳ ибн Аббос ва бошқаларнинг қавлидир).

Бу масалада гап жуда кўп. Хулосаси шулки, ким Аллоҳ таолони бу дунёда кўзи билан кўрганини даъво қилса, у гапни бошқа маънога буришнинг иложи бўлмаса, унга таъзир берилади ва халқнинг ичида шарманда қилинади.

Аллоҳ таолони тушда кўриш масаласи ҳам қадимги китобларда атрофлича муҳокама қилинган. Кўпчилик, бу нарса кайфиятсиз, жиҳатсиз ва ҳайъатсиз равишда жоиз, деган.

Имом Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳидан «Роббул иззатни тушимда тўқсон тўққиз марта кўрдим», деганлари нақл қилинган. Кейин яна бир марта кўриб, тўлиқ юзта бўлган.

Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳидан қуйидагилар ривоят қилинади:

«У киши раҳматуллоҳи алайҳи тушда Аллоҳ таолони бир неча марта кўрган экан. Бир марта: «Агар яна Роббимни тушда кўрсам, бандани Роббига муқарраб қиладиган нарсани сўрайман», деб айтибдилар. Бас, у киши Аллоҳ таолони тушда кўриб:

«Эй Роббим, банда Сенга нима ила муқарраб бўлади?» деб сўрабди.

«Каломимни тиловат қилиш билан, эй Аҳмад!» деб жавоб берибди Аллоҳ.

«Маъносини тушунсами ёки тушунмаса ҳам-ми?» деб сўрабди.

«Маъносини тушунса ҳам, тушунмаса ҳам», дебди Аллоҳ таоло.

Ушбу далил илоҳиёт бобидаги маълумотларнинг охиргисидир. Бу ўзига хос равишда шаҳодат калимасининг «Лаа илааҳа иллаллоҳу» қисми ҳақида ақийдавий маърифат ҳосил қилишдир.

(Тамом)

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда қиёмат қоим бўлиши ҳақидаги хабарни турли услублар ила баён қилган. Бу улкан ҳақиқатни сиз билан биз бандаларига англатиш учун ажойиб давоми...

2477 19:00 / 22.05.2023
Юқоридаги сатрларда Ашъарий ва Мотуридий ақийда мадрасаларининг тарихи, моҳияти ва бу хусусда уламоларнинг фикрларини ўрганиб ўтдик. Энди эса айнан ушбу давоми...

2444 14:00 / 24.08.2021
Араб тилида .дуо, сўзи чақириш, сўраш маъноларини англатади. Кўпинча .дуо, ва .бир нарсани талаб қилиш, маънолари бирбирига аралашиб кетади. Шунинг учун талаб давоми...

3518 19:30 / 25.10.2021
Сўнгги икки даражада учинчи ва тўртинчи ихтилофга тушган мушриклар асосан қуйидаги фирқаларга бўлинади Юлдузпарастлар. Улар .Юлдузлар ибодатга сазовордир, давоми...

932 19:00 / 13 май
Аудиолар

134325 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54648 14:35 / 11.08.2021