Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 15 жумадис сони | 2025 йил 06 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (136-дарс). Одам ва Мусо алайҳимассаломлар ўртасидаги баҳс (учинчи мақола)

14:00 / 31.05.2021 5536 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ана энди навбатдаги мавзу – қазо ва қадарга тегишли жараён бошланади.

«Ва тўрт калима: ризқи, ажали, амали ва бадбахт ёки некбахтлигини ёзиш амр қилинади».

Кимга амр қилинади?

Вакил қилинган фариштага амр қилинади.

Ким амр қилади?

Аллоҳ таоло амр қилади.

Нима амр қилинади?

Ёзиш амр қилинади.

Ёзиш нима дегани?

Ёзиш билимни қайд қилиш, дегани.

«Илмни ёзиш ила қайд қилинглар», дейилган бир асарда. Ёзиш илмни янада аниқроқ исбот қилиб қўйишни англатади. Бирор нарсани ёзиб, илмни қайд қилиб қўйиш, бошқа бировни ўша ёзилган нарсага мажбур қилиш, дегани эмас.

Хусусан, ўша ёзилган нарса сир тутилса, умуман ҳеч қандай таъсири бўлмайди. Бўлиши мумкин ҳам эмас. Инсон онаси қорнида турганида, келажакда бўладиган унга тегишли маълумотлар Аллоҳнинг илмида қайд қилинади.

Хўш, ушбу илмни ёзиб қўйиш – қайд қилишни уни мажбурлаш деб бўладими?

Йўқ, албатта!

Хусусан, қайд қилинган нарсалар Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган нарсалар-ку!

Энди мазкур тўрт нарсани алоҳида ўрганиб чиқайлик:

1. Ризқ.

Дунёдаги барча жонзотларнинг ризқини фақат Аллоҳнинг Ўзи билади.

Бу жонзотларнинг қайси бирига қачон, қанча ва қандай ризқ тегишини Аллоҳ таолонинг Ўзигина билади, Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди.

Бутун дунё тўпланиб, биргина жонзотнинг бир лаҳзалик ризқини билмоқчи бўлсалар, бунга эриша олмайдилар.

Халқ ичида «ютганинг ўзингники, чайнаганинг гумон», деган нақл бор. Бу гап ризқ Аллоҳдан бошқа ҳаммага гумон эканлигини таъкидлаш учун айтилган. Кишининг оғзида чайнаб турган таоми ўзига ризқ бўладими-йўқми, била олмайди, деган маънодаги гап.

Аслида бу ҳам унчалик аниқ ифода эмас. Ютганинг ҳам гумон бўлади. Чунки томоқдан ўтган нарсани ҳам тўлиқ ризқ бўлади, деб айта олмаймиз. Аллоҳ унинг ризқ бўлишини хоҳламаса, ўша таом заҳарга айланиб, инсонни бемор қилиши ёки ҳалок этиши мумкин. Ёки кўнгилни айнитиб, қусқи бўлиб чиқиб кетиши мумкин. Хўш, шунчалик сир нарса инсон ҳаётига таъсир қилиши мумкинми? Йўқ, албатта!

Барча жонзотларни йўқдан бор қилган зот ҳам, жумладан, инсонни яратган зот ҳам Аллоҳ таолодир.

Инсоннинг нутфалигидан олдин ҳам, ўлганидан кейин ҳам барча ҳолатларини аниқ биладиган зот Аллоҳдир.

Дунёдаги барча ризқларни яратган, уларни яхши ва тўлиқ биладиган, тадбирини қиладиган зот ҳам Аллоҳдир.

Бинобарин, ҳар бир инсонга қанча ва қандай ризқ тегишини ҳам фақат Аллоҳнинг Ўзи билиши ажабланарли нарса эмас.

Ўша Ўзи билган нарсани фаришталаридан бирига айтиб, ёздириб қўйиши ҳам қийин эмас.

Агар Аллоҳ таоло ҳар бир жонзотнинг ризқини аниқ ва тўлиқ билмаса, Аллоҳлиги қолармиди?! Аллоҳнинг бу илмида мажбурлаш аломати йўқ.

2. Ажал.

Бу ҳам фақат Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч ким билмайдиган нарсалардан. Аллоҳ Ўзининг шомил илми ила барча жонзотларнинг, жумладан, ҳар бир инсоннинг ажалини аниқ билади.

Аллоҳдан бошқа ҳеч ким, ҳатто муқарраб фаришталар ҳам бирор жонзотнинг ажалини билмайди.

Дунёнинг ҳаммаси тўпланиб, бир дона кичкина қумурсқанинг ажалини билишга ҳаракат қилсалар ҳам, уддалай олмайдилар.

Дунёдаги барча жонзотларни, жумладан, инсонларни яратган зот – Аллоҳ.

Уларга жон ато этган зот – Аллоҳ.

Уларни ўлдирадиган зот – Аллоҳ.

Бинобарин, ҳар бир жонзотнинг, жумладан, ҳар бир инсоннинг ажалини фақат Аллоҳнинг Ўзи билиши ажабланарли эмас.

Ўша Ўзи билган нарсани фаришталаридан бирига айтиб, ёздириб қўйиши қийин эмас.

Агар Аллоҳ ҳар бир жонзотнинг ажалини тўлиқ ва аниқ билмаса, Аллоҳлиги қолармиди?!

Аллоҳнинг бу илмида ҳам мажбурлаш йўқ.

3. Амал.

Бунинг илми ҳам фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига хос бўлган нарсалардан бири.

Инсон нафақат бошқаларнинг, ҳатто ўзининг ҳам бир оздан сўнг нима қилишини аниқ билмайди.

Инсон бир нарсани ният қилади, унинг учун интилади. Аммо ўша ишнинг амалга ошиши ёки амалга ошмаслиги Аллоҳ таолонинг хоҳиш-иродасига боғлиқ. Аллоҳ хоҳлаган иш бўлади, хоҳламагани қолади.

Шу сабабдан Аллоҳ таоло ҳар бир инсоннинг туғилганидан тортиб, ўлгунга қадар қиладиган амалини тўлиқ ва аниқ билиши ажабланарли эмас.

Чунки инсонни Аллоҳ яратган ва унинг барча имкониятлари, хусусиятлари ва бошқа нарсаларини тўлиқ ва аниқ биладиган ягона зот – Аллоҳ.

Шунингдек, инсон ҳаёт кечирадиган дунёни яратган зот ҳам – Аллоҳ.

Бу дунёнинг икир-чикирлари, майда-чуйдаларигача тўлиқ ва аниқ биладиган зот – Аллоҳ.

Инсоннинг ҳам, дунёнинг ҳам тасарруфини қилиб турадиган зот – Аллоҳ.

Бинобарин, инсоннинг нима амал қилишини ягона Аллоҳнинг Ўзи билиши ҳақ гап.

Агар Аллоҳ бу нарсани билмаса, Аллоҳлиги қолармиди?!

Аллоҳ ўша Ўзи билган инсон амалларини фаришталаридан бирига айтиб, ёздириб қўйиши қийин эмас.

Ўз навбатида, Аллоҳнинг бу илми бандани у ёки бу амални қилишга мажбурлаш ҳам эмас.

4. Бадбахт ёки некбахтлик.

Ҳар бир инсон бахтли ёки бахтсиз эканлигини фақат Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Билганда ҳам Ўзининг ҳамма нарсани қамраб олувчи илми ила азалдан билади. Нафақат инсонга онасининг қорнида жон пуфлаганда, балки азалдан билади.

Ушбу ҳадисда айтилаётган маъно ўша азалий илмни қайд қилиш, холос.

Бутун инсоният тўпланиб олиб, ичларидан битталарининг ҳақиқий бахтли ёки бадбахт эканини билишга уринсалар ҳам, била олмайдилар. Ҳатто пайғамбарларнинг саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фақат Аллоҳнинг билдириши ила саноқли кишиларгагина жаннатга киришлари ҳақида башорат берганлар, холос.

Қолганларнинг нима бўлишини Аллоҳнинг Ўзигина билади. Агар Аллоҳ буни билмаса, Аллоҳлиги қолармиди?!

Аллоҳ таоло ўша илмни фаришталаридан бирига айтиб, ёздириб қўйиши қийин эмас.

Шу билан бирга, ўша илмни ёзиб, қайд қилиб қўйиш бандани бадбахт ёки некбахт бўлишга мажбур қилиш эмас.

Чунки илм бир нарсани кашф қилувчи нурдир, бировни мажбур қилувчи куч эмасдир!

(Тамом)

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
У халойиқни халқ қилганидан бошлаб .Холиқ, исмини олгани йўқ. Мавжудотни пайдо қилганидан бошлаб .Бориъ, исмини олгани йўқ. Бу жумла ўтган маънога мисол тариқасида давоми...

5025 17:39 / 25.11.2019
Қадарга бўлган ишонч ўз эгасини доимо ҳаракатда бўлишга чорлайди. У ўз фойдасини ҳаракатдан топади. Бу ишим самарали бўлмаса кейингиси самара берар, деб доимо давоми...

4579 19:12 / 02.12.2016
. ,. . ,. . . Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Биз мўъжизаларни барака деб ҳисоблар эдик. Сизлар уларни давоми...

4648 19:15 / 24.05.2022
Бу масаланинг номи бир нечта. Баъзилар маишат, истак масаласи деса, бошқалар бандаларнинг амали масаласи ҳам дейди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инсон ўз давоми...

4508 18:00 / 26.07.2021
Аудиолар

211073 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130334 14:35 / 11.08.2021