Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 30 рабиъус сони | 2024 йил 02 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (190-дарс). Қуръони Карим тиловатини ўрганиш фарз

19:00 / 18.07.2022 3692 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Қуръон нозил қилинган. «Қуръон» лафзининг луғавий маъноси «ўқиш» дегани.

Ҳозирги кунда бузилмай, ўзгариш киритилмай қолган ҳақиқий, бирдан-бир илоҳий китоб Қуръони Каримдир.

Қуръонни уламоларимиз қуйидагича таърифлайдилар:

«Қуръон – Аллоҳнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилган, тиловати ибодат ҳисобланадиган, ожиз қолдирувчи каломидир».

Инсу жин, бутун дунё бир бўлса ҳам, Қуръонга ўхшаш калом келтира олмайди. Биз Қуръони Каримнинг маъноси ҳам, лафзи ҳам, расми (ёзуви) ҳам Аллоҳдан, деб эътиқод қиламиз.

Қуръони Карим ўзидан олдинги илоҳий китобларни насх – бекор қилгандир. Қуръони Карим келганидан кейин бошқа илоҳий китобларга амал қилиш тўхтаган.

Қуръондаги барча нарса ҳақдир, улардан бирортасига шак келтирган киши кофир бўлади. Ундаги бирор ҳарф ўзгармаган, алмашмаган. Қуръони Карим ўзидан аввалги барча илоҳий китоблардаги ҳақиқатларни ўзида мужассамлаштирган.

Мўмин-мусулмон киши Қуръони Каримнинг тиловатини ўрганиши фарз. Уни тажвид билан, изн олган устоздан ўрганилади. Ўзига етарли миқдорда ўрганмаган одам гуноҳкори азим бўлади. Шу билан бирга, мусулмон киши Қуръонни ўрганмоғи, маъносини тушуниб, унга амал қилмоғи лозим. Қуръон ҳалол деган нарсани ҳалол, ҳаром деган нарсани ҳаром билмоғи зарур. Унинг амрларига бўйсуниб, қайтарганларидан қайтмоғи лозим.

Қуръони Карим илоҳий китобларнинг охиргиси бўлиб, қиёматгача боқий қолувчи илоҳий мўъжизадир. Уни муҳофаза қилишни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олиб, Ҳижр сурасида:

إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ
 

«Албатта, Зикрни Биз нозил қилдик ва албатта, Биз унга муҳофазачимиз»,  деган (9-оят).

Қуръони Каримдан кейин илоҳий китоб келмайди. Ким Қуръони Каримдан кейин илоҳий китоб келишини даъво қилса, кофир бўлади.

Қуръони Карим фасиҳ араб тилидаги илоҳий мўъжиза бўлганидан, уни ўзидек таржима қилиш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди. Фақат маъноларини таржима қилиш мумкин. Лекин бу маънолар таржимаси ҳеч қачон Қуръони Каримнинг ўрнини боса олмайди. У фақат маънони тушунишга бир оз ёрдам беради, холос.

Шунинг учун Қуръони Карим маънолари таржимасини намозда ёки бошқа муносабат ва ибодатларда ўқиш мутлақо жоиз эмас. Бинобарин, таржимадан ҳукм чиқаришга, ҳужжат-дадил келтиришга ҳам ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Қуръони Каримнинг ҳақиқий илоҳий китоб эканини ҳозирги замон илми қайта-қайта таъкидлади ва таъкидлашда давом этмоқда.

Кўпгина ғарблик машҳур олимлар ўзларининг илмий ишларини Қуръони Каримга солиштириб кўриб, тан бериб, мусулмон бўлдилар ва бўлмоқдалар.

Юқорида номи зикр этилган машҳур француз олими Морис Букай ўзининг илмий изланишлари самараси ўлароқ, илоҳий китобларни солиштириб чиқди ва «Таврот, Инжил, Қуръон ва ҳозирги замон илми» номли китобини ёзди. Морис Букай бу китобида ҳозирги замон илми Қуръони Карим олдида ожиз эканини ва Таврот, Инжилда турли қарама-қаршиликлар ва илмга тўғри келмайдиган нарсалар кўплигини кўрсатди. Шундан кейин Қуръони Каримга иймон келтирганини эълон қилди.

Ислом ақийдаси бўйича, илоҳий китобларга иймон келтириб, Қуръони Каримни инкор этган киши кофир ҳисобланади. Шунингдек, Қуръони Каримга иймон келтириб, бошқа илоҳий китобларни ёки улардан бирортасини инкор қилувчи киши ҳам кофир бўлади. Мазкур Таврот, Забур ва Инжил номли илоҳий китоблардан бошқа ҳозирда бор турли диний китобларни «илоҳий китоблар» дея олмаймиз. Айни пайтда, Таврот, Забур ва Инжилнинг бугунги мавжуд нусхаларини ҳам «илоҳий китоблар» деб бўлмайди. Чунки юқорида айтиб ўтганимиздек, бу китобларнинг асл нусхалари сақланмаган.

Илоҳий китобларга бирдек иймон келтиришнинг мусулмонларга фарз қилиниши Ислом уммати самовий ақийдаларга меросхўр эканлигининг далилидир. Бу эса улкан шарафдир. Шу билан бирга, бу иймон башариятнинг асли бирлиги, дини, илоҳий бирлигининг рамзидир.

Илоҳий китобларга иймон келтириш Қуръони Каримга иймон келтиришнинг бир бўлагидир. У доимо башариятни Аллоҳнинг Ўзи ҳидоятга солиб турганини билдиради.

Илоҳий китобларга иймон келтириш мусулмонларни ушбу китобларга аҳл бўлган халқлар билан яқинлаштиради.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қиёматдан олдин зоҳир бўладиган аломатлар ҳақида кўплаб ҳадиси шарифлар келган. Улардан кўпи .Ҳадис ва Ҳаёт, китобининг .Фитналар ва қиёмат аломатлари китоби, деб давоми...

3426 19:00 / 28.02.2023
Аллоҳга ширк келтиришнинг турларидан бири, нафс бандаси бўлишдир. Бундай кишилар ҳавойи нафси нимани буюрса, шуни қилишга мажбурдирлар.Аллоҳ таоло .Фурқон, давоми...

4307 00:08 / 03.12.2016
Одамлар бу дунёда турли даражаларда бўлганлари каби, охиратда ҳам турли даражада бўладилар. Охиратда улар тўрт қисмга бўлинадилар ҳалок бўлувчилар, давоми...

5924 22:02 / 22.04.2017
Ва гўзал амал қилувчи мўминларни Аллоҳ таоло афв этиб, Ўз раҳмати ила жаннатга киритишини умид қиламиз ва улар ҳақида хотиржам бўла олмаймиз, жаннатга киришларига давоми...

5225 13:45 / 27.05.2019
Аудиолар

133226 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

53570 14:35 / 11.08.2021