Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 12 жумадул аввал | 2024 йил 14 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (189-дарс). Ийсо алайҳиссалом неча ёшларида пайғамбар қилиб юборилдилар?

19:00 / 11.07.2022 3369 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

 Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга Инжилни нозил қилган. «Инжил» юнонча лафз бўлиб, «башорат» маъносини билдиради.

Ийсо алайҳиссалом ўттиз ёшга етганларида, у зотни Аллоҳ таоло пайғамбар қилиб юборди. Ийсо алайҳиссаломнинг пайғамбар этиб юборилишлари ва ўшанда у зотнинг ўз қавмларига айтган гаплари ҳақида бир қанча ояти карималар келган. Шулардан баъзиларини ўрганамиз:

وَقَفَّيْنَا عَلَى آثَارِهِم بِعَيسَى ابْنِ مَرْيَمَ مُصَدِّقًا لِّمَا بَيْنَ يَدَيْهِ مِنَ التَّوْرَاةِ وَآتَيْنَاهُ الإِنجِيلَ فِيهِ هُدًى وَنُورٌ وَمُصَدِّقًا لِّمَا بَيْنَ يَدَيْهِ مِنَ التَّوْرَاةِ وَهُدًى وَمَوْعِظَةً لِّلْمُتَّقِينَ

 

 «Изларидан Ийсо ибн Марямни ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчи қилиб юбордик. Унга ичида ҳидоят ва нур бўлган Инжилни ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчи ҳамда тақводорлар учун ҳидоят ва мавъиза қилиб бердик» (Моида сураси, 46-оят).

Аллоҳ таоло: «Яҳудийларнинг пайғамбарлари изидан Ийсо ибн Марямни пайғамбар қилиб юбордик», дейди. Ийсо ибн Марям алайҳиссалом ўзларидан олдинги Тавротни тасдиқловчи бўлиб келганлар. Аллоҳ таоло у зотга Инжил китобини берган.

«Ичида ҳидоят ва нур бўлган».

Инжилда ҳам кишиларга тўғри йўлни кўрсатувчи ҳидоят ва уларга икки дунё саодат йўлларини ёритувчи нур бор.

«Ўзидан олдинги Тавротни тасдиқловчи».

Яъни Инжил Таврот шариатига баъзи ўзгаришлар киритган, холос. Шу билан бирга:

«Тақводорлар учун ҳидоят ва мавъиза».

Ҳа, илоҳий китоблардаги ҳидоятдан манфаат топиш учун тақволи бўлиш керак.

Бу китоблардаги ҳидоят ва нурнинг фойдаси тақвоси борларга тегади. Тақводан холи, ғафлат босган қалбларга эса бу нур ва ҳидоят кириб бормайди. Аллоҳ туширган китобда ҳидоят мавжудлиги аниқ, нур мавжудлиги аниқ, энди ўша ҳидоят ва нурдан манфаат топиш учун очиқ-ҳассос қалб керак. Таъсирчан қалб керак. Моғор босиб, тошга, кесакка айланган қалб керак эмас.

Зухруф сурасидаги қўйидаги оятларда ҳам Ийсо алайҳиссаломнинг янги пайғамбар бўлиб борган чоғларида ўз қавмларига айтган гапларидан намуна келган:

إِنَّ اللَّهَ هُوَ رَبِّي وَرَبُّكُمْ فَاعْبُدُوهُ هَذَا صِرَاطٌ مُّسْتَقِيمٌ
وَلَمَّا جَاء عِيسَى بِالْبَيِّنَاتِ قَالَ قَدْ جِئْتُكُم بِالْحِكْمَةِ وَلِأُبَيِّنَ لَكُم بَعْضَ الَّذِي تَخْتَلِفُونَ فِيهِ فَاتَّقُوا اللَّهَ وَأَطِيعُونِ

 

 «Ийсо очиқ-ойдин ҳужжат(мўъжиза)лар билан келган чоғида деди: «Батаҳқиқ, мен сизга ҳикмат билан ва сиз ихтилоф қилаётган баъзи нарсаларни баён қилиш учун келдим. Бас, Аллоҳга тақво ва менга итоат қилинглар. Албатта, Аллоҳ менинг ҳам Роббим, сизнинг ҳам Роббингиздир. Бас, Унга ибодат қилинг. Мана шу тўғри йўлдир» (63-64-оятлар).

Ийсо алайҳиссалом қавмларига Аллоҳнинг ваҳдониятига ва ўзларининг ҳақ пайғамбар эканликларига далолат қилувчи очиқ-ойдин оятлар, гап-сўзлар ва очиқ-ойдин мўъжизалар билан келдилар. Ул зот ўз қавмларига ўша пайт:

«Батаҳқиқ, мен сизга ҳикмат билан келдим» дедилар.

Ҳикмат улуғ неъматдир. Ҳикмат пайғамбарликдир. Яна Ийсо алайҳиссалом қавмларига:

«...сиз ихтилоф қилаётган баъзи нарсаларни баён қилиш учун келдим», дедилар. Чунки у қавм Мусо алайҳиссаломнинг шариатлари ҳақида кўпдан-кўп ихтилофга тушган, ҳар хил мазҳаб ва фирқаларга бўлиниб кетган эди. Ийсо алайҳиссалом уларга ўша ихтилофлар ҳақидаги ҳукмни баён қилиб бердилар ва «Бас, Аллоҳга тақво ва менга итоат қилинглар», дедилар.

Аллоҳга тақво қилмаслик оқибатида мазкур ихтилофлар келиб чиққан эди. Пайғамбарга итоат этмаслик оқибатида мазкур ихтилофлар келиб чиққан эди. Бас, энди у ихтилофларни йиғиштириб, Аллоҳга тақво қилинг ва менга итоат этинг, ана шунда иш яхши бўлади.

«Албатта, Аллоҳ менинг ҳам Роббим, сизнинг ҳам Роббингиздир».

Демак, Ийсо алайҳиссалом қавмларига: «Аллоҳ менинг Роббим», деганлар. «Аллоҳ менинг отам», деган эмаслар. Демак, Аллоҳ таоло бошқа бандаларга Робб бўлгани каби, Ийсо алайҳиссаломга ҳам Роббдир. Бу ҳақда ортиқча гап беҳуда.

«Бас, Унга ибодат қилинг».

Демак, Ийсо алайҳиссалом «Менга ибодат этинг», деган эмаслар, айнан «Аллоҳга ибодат қилинг», деганлар. Кимки бошқа гап айтса, ёлғон айтибди. У кишининг ўзлари ҳам «Мана шу тўғри йўлдир», дедилар».

Яъни «Аллоҳга ибодат қилиш тўғри йўлдир», дедилар. Лекин у кишининг қавмлари бу кўрсатмага амал қилмадилар.

Софф сурасида эса Ийсо алайҳиссалом ўз вазифаларидан яна бошқаларини баён қиладилар:

وَإِذْ قَالَ عِيسَى ابْنُ مَرْيَمَ يَا بَنِي إِسْرَائِيلَ إِنِّي رَسُولُ اللَّهِ إِلَيْكُم مُّصَدِّقًا لِّمَا بَيْنَ يَدَيَّ مِنَ التَّوْرَاةِ وَمُبَشِّرًا بِرَسُولٍ يَأْتِي مِن بَعْدِي اسْمُهُ أَحْمَدُ فَلَمَّا جَاءهُم بِالْبَيِّنَاتِ قَالُوا هَذَا سِحْرٌ مُّبِينٌ

 

 «Ийсо ибн Марямнинг «Эй Бану Исроил! Албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқлаш ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини бериш учун Аллоҳ сизларга юборган расулман», деганини эсла. У аларга ҳақ билан келганда эса: «Бу очиқ-ойдин сеҳрдир», дедилар» (6-оят).

Ушбу оятда Ийсо алайҳиссаломнинг ўз умматларига айтган сўзлари муҳим гаплар бўлиб, диний таълимотлардаги улкан масалаларни ўз ичига олади.

«Ийсо ибн Марямнинг «Эй Бану Исроил! Албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқлаш ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини бериш учун Аллоҳ сизларга юборган расулман», деганини эсла».

Биринчи масала:

«Ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқлаш учун» келганман, демоқдалар.

Масиҳий дини китобларида ҳам Ийсо алайҳиссалом тилидан: «Мен номусни йўқ қилиш учун эмас, балки тўлдириш учунгина келдим», дейилган экан.

Иккинчи масала:

«...ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини бериш учун...» келганман, демоқдалар.

Аҳмад Пайғамбаримизнинг исмларидир. Аҳмад, Муҳаммад ва Маҳмуд исмлари Пайғамбаримизга ном бўлиб, арабчада шукр, мақтов маъносини англатувчи «ҳамд» сўзидан олингандир.

Ийсо алайҳиссаломнинг ушбу башоратлари Инжилда ҳам келган. Юҳанно Инжилида: «Агар менга муҳаббат қилсаларингиз, васиятларимни тутинглар. Мен отадан сизлар билан абадий собит бўлиш учун Форқилатни талаб қиламан», дейилган.

Лекин замон ўтиши билан роҳиблар кейинги нашрларда бу сўзнинг ўрнига бошқа сўз ишлатадиган бўлишган.

Замондошларимиздан устоз Аҳмад Нажжор ғарб олимларидан бири доктор Карлу Нилинудан: «Форқилат»нинг маъноси нима? – деб сўрасалар, у киши:

«Роҳиблар «мъази» деб айтишади», дебди.

Шунда устоз Нажжор:

«Мен роҳибдан эмас, балки юнон тили фан доктори Карлу Нилинудан сўраяпман», деб рад қилибдилар. Фақат шу гапдан кейингина ажнабий доктор:

«Бу сўзнинг асл маъноси «кўп шукр» – «ҳамд», дебди. Сўнгра устоз Нажжор: «Арабча «ҳамд» сўзининг «Аҳмад» шаклида ишлатилишига тўғри келадими?» десалар, доктор Карлу: «Ҳа», деб жавоб қилибди.

Лекин шунчалик башоратлар бўлса ҳам, Аҳмад, яъни Муҳаммад алайҳиссалом ҳақ дин билан пайғамбар бўлиб келганларида, улар иймон келтирмадилар. У кишига чексиз ҳурматсизлик ва душманликлар қилдилар. Ул зотнинг пайғамбарликларини сеҳр ва ўзларини сеҳргар дедилар.

Учинчи масала:

Ийсо алайҳиссалом ўз тиллари билан: «Аллоҳ сизларга юборган пайғамбарман», демоқдалар, «Худоман» ёки «Худонинг ўғлиман», деганлари йўқ. Ийсо алайҳиссаломга келган масийҳий динига эътиқод қилувчи кишиларнинг ҳозирги ақийдаси бўйича у зот худо ёки худонинг ўғли ҳисобланади. Бу эса мутлақо хато ва адашувдир.

Биз мусулмонлар Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга «Инжил» номли китоб нозил қилганига иймон келтирамиз. Бусиз иймонимиз бутун бўлмайди. Лекин ўша илоҳий китобнинг асли ҳозир йўқ. Чунки Ийсо алайҳиссаломнинг вақтларида Инжил китоб шаклида бўлмаган. Ҳеч ким ҳеч нарсани ёзмаган. Ул зотдан кейин баъзи кишилар ўзлари китоб ёзиб: «Мана шу Инжил, менга ваҳий қилинди. Мен ёзиб олдим», деб чиқдилар. Аста-секин Инжил «ваҳий қилинганлар» кўпайиб бораверди. Охири бориб уларнинг сони ҳаддан ташқари кўпайиб кетди. Уларнинг ҳар бири ўзининг Инжили ҳақ эканини даъво қилар эди. Орада гап-сўз, олди-қочди кўпайиб, ихтилофлар кучайди.

Шунда император Константин 325 милодий санада Ниқияда (Nicea) катта мажлис чақирди. Бу мажлисда икки минг қирқ саккизта патриарх ва митрополит қатнашди. Сўнгра турли жамоалардан икки мингдан ортиқ руҳоний ўнлаб Инжилларни кўтариб келдилар. Император мажлис аҳли олдига мавжуд Инжиллардан энг ишончлисини танлаб олиш вазифасини қўйди. Улар узоқ талашиб-тортишганларидан кейин тўрт дона Инжилни танладилар.

Ҳозирда насоролар эътиқод ва амал қиладиган Инжиллар ана ўша тўрт Инжилдир.

1. Матто Инжили.

Бу Инжил энг қадимги Инжил ҳисобланади. У Ийсо алайҳиссаломдан тўрт йил кейин ёзилган. У иброний тилда ёзилган эди. Аммо ўша асл нусха ҳам йўқ. Ҳозиргиси эса ўшанинг таржимаси. Лекин таржимон ҳам, у қайси матндан таржима қилгани ҳам ҳозиргача маълум эмас.

Бунинг устига, бу Инжилнинг муаллифи Матто Ийсо алайҳиссаломнинг ҳаворийларидан эмасди. Кейинроқ уни хоин Яҳузонинг ўрнига сайлашган эди. Ана шундай тарихга эга ёзувни муқаддас китоб эмас, оддий ишончли китоб деб бўладими?

2. Маркос Инжили.

Бу Инжил юнон тилида Ийсо алайҳиссаломдан йигирма уч йил кейин ёзилгани аниқ. Аммо уни ким ёзгани ноаниқ. Баъзи насоролар: «Уни Пётр ёзган», дейдилар. Бошқалари эса: «Уни Пётрнинг ўлимидан кейин Маркос ёзган», дейдилар.

Бу Инжилни нима дейиш мумкин? Йигирма уч йилдан сўнг, Масиҳ алайҳиссалом гапирмаган тилда ёзилган, ким ёзгани аниқмас китоб муқаддас китоб бўла оладими?

3. Лука Инжили.

Бу китоб Масийҳ алайҳиссаломдан йигирма йил кейин ёзилган. Лука у зотнинг шогирдларидан эмас. У Полнинг шогирди. Унинг устози ҳам Ийсо алайҳиссаломни кўрган эмас. Бунинг устига Пол насороликка душман бўлган яҳудийлардан экан. Шунинг учун ҳийла билан насороликка қарши кўп бузғунчиликлар қилган экан. Бундай китобни «муқаддас китоб» дейиш мумкинми?

4. Юҳанно Инжили.

Бу Инжил Ийсо алайҳиссаломдан ўттиз икки йил кейин ёзилган. Баъзи насоро тоифалари уни Ийсо алайҳиссаломнинг шогирдларидан бири Юҳанно ибн Забдий ёзган, дейдилар.

Беш юзта таниқли насоро олимлари иштирокида ёзилган Британия энциклопедияси бу китобни «қалбаки» деган экан.

Барнабо Инжили.

Инжилнинг бу варианти хусусида қарама-қарши фикрлар кўп. Мусулмон олимлар уни аслига яқин китоб деб биладилар. Роҳиблар эса бу китобдаги кўп фикрлар, хусусан, охирги замон пайғамбари ҳақидаги гаплар христианларнинг бугунги эътиқодлари ботиллигини кўрсатиб қўйгани учун «Буни мусулмонларнинг ўзлари тўқиб ёзишган» деган баҳона ила мазкур китобни ҳақиқий христианлардан ҳам яширадилар.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
5. Аллоҳ таоло Фотир сурасида .Осмонлару ерни йўқдан бор қилган, фаришталарни икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилган Аллоҳга ҳамд бўлсин. У Зот давоми...

2570 19:00 / 24.08.2022
У Зот Ўз фазли ила хоҳлаган кимсани ҳидоят қилади, муҳофаза қилади ва афв қилади. Ҳамда Ўз адолати ила хоҳлаган кимсани залолатга кетказади, ёрдамсиз ташлаб қўяди давоми...

4963 17:05 / 16.12.2019
Иймон Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, набийларига, охират кунига, қадарнинг яхшиёмони, шириначчиғи Аллоҳ таолодан эканлигига бўлади.Шарҳ Бу ерда давоми...

5267 18:06 / 28.10.2019
.Бир банда бошқа банданинг ҳаққига дуо қилса ёки ўзи қилган хайрли ишнинг савобини бағишласа бўладими,, деган саволга бериладиган жавоб қадимдан кўпгина давоми...

3703 19:00 / 22.11.2021
Аудиолар

134311 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54644 14:35 / 11.08.2021