Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 20 жумадул аввал | 2025 йил 11 ноябрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (201-дарс) Жинлар инсонларга кўринадими?

00:00 / 01.11.2022 5225 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мўмин-мусулмонлар «жин» деб аталувчи махлуқотлар борлигига иймон келтирадилар. Уларни оддий ҳолатларда кўриб бўлмайди. Биз улар ҳақидаги маълумотларни энг ишончли манбалар – Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлардан оламиз.

Қуръони Карим нозил бўлаётган пайтда араб қабилалари жинларга махфий, норавшан худолар деб эътиқод қилардилар. Улар «Жинларнинг насаби Аллоҳ таолога етиб боради, унинг жинлардан шериклари бор», деган бузуқ эътиқодга ҳам бўйсунишарди.

Шунингдек, араблар жинлар ғойибдан хабардор, фолбин ва мунажжимларга осмон сирларини айтиб туришади, деган ўйда эдилар.

Арабларда «Жинларнинг ҳукми ер юзида ўтади», деган хом хаёл бўлиб, агар улардан бирорталари маълум бир ерга бориб, ётиб қолмоқчи бўлсалар, «Ушбу жойнинг хўжайин жинидан паноҳ сўрайман», деган  маънодаги дуони қилишарди.

Бизнинг юртларда ҳам ҳатто ҳозирги вақтгача кишиларда юқорида айтилганга ўхшаш турли-туман бузуқ, бидъат-хурофотдан иборат тушунчалар мавжуд ва улар бу ёлғон эътиқодга бўйсунадилар.

Айниқса, кейинги пайтда кишиларда руҳий бўшлиқ ҳаддан ташқари зиёда бўлганлигидан бу маънодаги гап-сўзлар кўпайиб кетди. Агар уларга қулоқ осадиган бўлсак, худди бутун дунёни жинлар бошқариб турганга ўхшайди (астағфируллоҳ).

Шу билан бирга, қадимда ҳам, ҳозирда ҳам жинларни умуман инкор этадиганлар бор. Улар жин ҳақидаги ҳар бир сўзни афсона, бекорчи гап дейишади. Жинлар ҳақидаги ҳодисаларнинг гувоҳи бўлган кишиларни жиннига, мияси айниганга чиқаришади.

Ислом эса жин ҳақида худди бошқа масалалардаги каби, ҳақиқатни баён қилади. Ислом жин борлигини исбот қилиб, у ҳақидаги тўғри тасаввурни баён этиб, нотўғри тушунчаларни рад этади. Шу билан бирга, жинлардан кутиладиган мавҳум қўрқинч ва хавфу хатарни ҳам рад этади.

Жинлар ҳақиқатда бор мавжудотлар бўлиб, асли оловдан яратилган. «Жин» сўзининг луғавий маъноси эса «тўсилган» дегани, яъни одамлар кўзидан тўсилган нарса. Шу сабабли ҳам, у инсонларга кўринмайди. Улар ўзлари кўринмай туриб, бизларни ва бошқа нарсаларни кўришлари мумкин. Шу билан бирга, турли шаклларга киришлари ҳам мумкин. Уларнинг ичида ҳам худди одамларга ўхшаб иймонсиз-иймонли, яхши-ёмон, адашган ва ҳидоятда юрганлари, фирибгар ва соддалари бор. Жинлардан ҳам Қуръонга, Пайғамбар алайҳиссаломга иймон келтириб, яхши йўлда юрганлари жаннатга, иймонсиз бўлиб, ёмон йўлда юрганлари дўзахга тушадилар. Улар одамларга ҳеч қачон ёрдам бера олмайдилар ва ғойиб сирларини билмайдилар, чунки Қуръони Карим нозил бўлганидан сўнг улар бу хислатлардан маҳрум бўлганлар.

Жинларнинг Аллоҳ таоло билан насаб йўлидаги боғлиқлигига келсак, бу ҳақдаги ҳар қандай фикрлар туҳматдир.

Сабаъ сурасида бир гуруҳ жинлар Сулаймон алайҳиссаломга хизматкор бўлганликлари, у зот ҳассага суяниб туриб вафот этганларидан сўнг ҳам, у тирик, бизни кузатиб турибди, деб ўйлаб, машаққатли ишда давом этганликлари ҳақида оятлар бор.

Исломдан аввалги вақтда жинлар осмонга чиқиб, малоикаларнинг ўзаро суҳбатларини, жумладан, яқин кунларда содир бўладиган баъзи ишлар ҳақидаги маълумотларни яширин эшитиб, ердаги фолбину мунажжимларга бирга ўнни қўшиб етказишар экан. Орадан анча вақт ўтиб, осмон хабарига қулоқ осгани чиқсалар, уларни юлдузлардан узилиб чиққан учқунлар уриб ҳайдайдиган бўлиб қолибди. Улар ерга, ўз қавмлари ҳузурига қайтиб, «Нима бўлди экан, бизни учқунлар қувадиган бўлиб қолди-ку?» дейишади. Шунда баъзилари: «Дунёда улкан, оламшумул ўзгариш бўлган бўлса керак», дейишади. Машриқу мағрибни кезиб, биздан осмон хабарини тўсган нарсани қидириш зарур, деган қарорга келиб, сафарга отланадилар. Ривоятларда нақл қилинишича, Насийбин деб аталувчи жойда яшовчи жинлардан етти нафари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Бомдод намозида қироат қилаётганларини эшитиб, тўхташади ва биздан осмон хабарини тўсган нарса шу, деб ўз қавмларига қайтиб, бўлган ҳодисани айтадилар. Шунда Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига Жин сурасини нозил қилади.

Қуръони Каримда жинлар ҳақида ўнта сурада қирққа яқин оят бор. Битта бутун бошли сура Жин деб номланган.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом Ғаззолий ва бошқа мусулмонлар инсонга ўзидаги ақл ва заковатни ўзининг имкони даражасида, ўзига фойда берадиган тарзда ишлатишни таклиф давоми...

5892 13:52 / 23.09.2019
Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий раҳимаҳумуллоҳлар аҳли сунна валжамоа эътиқодининг асосий намояндалари эканликлари ҳаммага маълум. Лекин баъзи ўзини аҳли сунна давоми...

6204 11:41 / 12.06.2017
.АрРофеъ, исми .кўтарувчи, маъносини англатади. Мисол учун, У Зот мўмин ва тақводорларни азизу мукаррам қилиб, уларнинг мартабасини кўтаради. Бирор жисмни давоми...

12945 14:50 / 13.03.2018
1191. Абу Умомадан ривоят қилинади.Шайтон бирортангизнинг тўшагига уни аҳли тўшаб, тайёрлаб қўйганидан кейин келади ва унга чўпми, тошми ёки бирор нарсани унинг давоми...

15941 16:12 / 06.03.2018