Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 16 шаввол | 2024 йил 25 апрель, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (213-дарс) «Муҳаммад Аллоҳнинг Расули» деган билан бўлмайди...

19:00 / 30.01.2023 2254 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَسْمَاءَ قَالَتْ: إنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ حَمِدَ اللهَ وَأَثْنَى عَلَيْهِ، ثُمَّ قَالَ: مَا مِنْ شَيْءٍ لَمْ أَكُنْ أُرِيتُهُ إِلَّا رَأَيْتُهُ فِي مَقَامِي هَذَا، حَتَّى الْجَنَّةَ وَالنَّارَ، وَلَقَدْ أُوحِيَ إِلَيَّ أَنَّكُمْ تُفْتَنُونَ فِي قُبُورِكُمْ مِثْلَ أَوْ قَرِيبَ مِنْ فِتْنَةِ الْمَسِيْحِ الدَّجَّالِ، فَيُقَالُ: مَا عِلْمُكَ بِهَذَا الرَّجُلِ؟ فَأَمَّا الْمُؤْمِنُ أَوِ الْمُوقِنُ فَيَقُولُ: هُوَ مُحَمَّدٌ رَسُولُ اللهِ، جَاءَنَا بِالْبَيِّنَاتِ وَالْهُدَى، فَأَجَبْنَاهُ وَآمَنَّاهُ، هُوَ مُحَمَّدٌ ثَلَاثًا، فَيُقَالُ لَهُ: نَمْ صَالِحًا، فَقَدْ عَلِمْنَا إِنْ كُنْتَ لَمُؤْمِنًا بِهِ. وَأَمَّا الْمُنَافِقُ أَوِ الْمُرْتَابُ فَيَقُولُ: لَا أَدْرِي، سَمِعْتُ النَّاسَ يَقُولُونَ شَيْئًا فَقُلْتُهُ. رَوَاهُ الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ.

Асмо розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга ҳамду сано айтганларидан сўнг шундай дедилар:

«Албатта, мен ўзимга кўрсатилмаган ҳар бир нарсани ушбу маконимда кўрдим. Ҳатто жаннат ва дўзахни ҳам. Менга сизлар албатта, қабрларингизда Масиҳи Дажжолнинг фитнасичалик ёки шунга яқин фитнага учрашларинг ваҳий қилинди.

«Бу одам ҳақида қандай илминг бор?» дейилади. Мўмин ёки аниқ ишонган одам:

«У Аллоҳнинг Расули Муҳаммаддир. Бизга очиқ-ойдин баёнотлар ва ҳидоят ила келди. Биз унинг (чақириғига) жавоб бердик ва унга эргашдик. У Муҳаммаддир», деб уч марта айтади. Шунда унга:

«Солиҳ ҳолингда ухлайвер. Биз сенинг унга қаттиқ ишонишингни билар эдик», дейилади.

Мунофиқ ёки шубҳали киши эса: «Билмайман. Одамлар бир нарса деганини эшитувдим. Ўшани айтганман», дейди».

Икки шайх ва Насаий ривоят қилишган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда келган гапларини Кусуф намозидан кейин қилган хутбаларида айтганлар.

Кусуф намозига оид ҳадиси шарифларни ўрганганимизда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ўша намозни бир ўқишларида кўп нарсалар кашф қилинганлиги ва улардан баъзи намуналар ҳам айтиб ўтилган эди.

Бу ҳадиси шарифда эса ўша кашф қилинган нарсалардан қабр саволига тегишли бўлаги келтирилмоқда.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Қабр фитнаси Дажжолнинг фитнаси ёки унга яқин бир фитна эканлиги. Бундан унга зинҳор эътиборсизлик билан қараб бўлмаслиги келиб чиқади.

2. Мўмин, аниқ ишонган одамнинг «У Аллоҳнинг Расули Муҳаммаддир. Бизга очиқ-ойдин баёнотлар ва ҳидоят ила келди. Биз унинг чақириғига жавоб бердик ва унга эргашдик», деб жавоб бериши ҳам эътиборга лойиқ ҳолатдир.
Демак, оғизда «Муҳаммад Аллоҳнинг Расули», деган билан кифояланиб бўлмас экан. У киши Аллоҳ томонидан нималар келтирганини яхши билиш ҳам керак экан. У киши чақирган нарсага «лаббай» деб жавоб бериш ва у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш ҳам керак экан. Бу эса Ислом динига тўлиқ эътиқод ва амал қилиш билан бўлади.

3. Фаришталарнинг мўмин одамга, унинг дадил ва ишончли жавобидан кейин «Солиҳ ҳолингда ухлайвер. Биз сенинг унга қаттиқ ишонишингни билар эдик», дейишларидан иккита хулоса чиқади:

Биринчиси: Қабр саволидан кейин маййит қиёмат қоим бўлгунча ухлаб туради.

Иккинчиси: Қабрдаги сўроқ бир нарсани билиш учун эмас, билиб бўлинган нарсани банданинг ўзига иқрор қилдириш учун бўлади.

4. Мунофиқ, динга ишончи собит ва мустаҳкам бўлмаган одамнинг қабр сўроғига:

«Билмайман. Одамлар бир нарса деганини эшитувдим. Ўшани айтганман», деб жавоб беришида ҳаётда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Ислом ҳақидаги одамлардан эшитган гапини тилидагина айтиб, ўзини мусулмон санаб юрганларнинг ҳаммаси мунофиқ ва шубҳа эгаси эканликлари англашилади.

Аллоҳ шуларга ўхшашдан Ўзи сақласин.

عَنِ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِنَّ أَحَدَكُمْ إِذَا مَاتَ عُرِضَ عَلَيْهِ مَقْعَدُهُ بِالْغَدَاةِ وَالْعَشِيِّ، إِنْ كَانَ مِنْ أَهْلِ الْجَنَّةِ فَمِنْ أَهْلِ الْجَنَّةِ، وَإِنْ كَانَ مِنْ أَهْلِ النَّارِ فَمِنْ أَهْلِ النَّارِ، فَيُقَالُ: هَذَا مَقْعَدُكَ حَتَّى يَبْعَثَكَ اللهُ يَوْمَ الْقِيَامَةِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا أَبَا دَاوُدَ.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон бирингиз ўлса, эртаю кеч унга ўрни кўрсатиб турилади. Агар аҳли жаннатдан бўлса, аҳли жаннатдан. Агар аҳли дўзахдан бўлса, аҳли дўзахдан. Ва унга: «Аллоҳ сени қиёмат куни қайта тирилтиргунича, мана шу сенинг ўрнинг бўлади», дейилади», дедилар».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Қабрда ётиб, эртаю кеч бу гапларни эшитиш мўмин-мусулмон банда учун кони роҳат бўлиб, мунофиқ ва осий банда учун эса қабр азобининг бир қисми бўлади.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: مَرَّ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ بِقَبْرَيْنِ، فَقَالَ: إِنَّهُمَا لَيُعَذَّبَانِ، وَمَا يُعَذَّبَانِ فِي كَبِيرٍ، أَمَّا أَحَدُهُمَا فَكَانَ لَا يَسْتَبْرِئُ مِنْ بَوْلِهِ - وَفِي رِوَايَةٍ: لَا يَسْتَتِرُ مِنْ بَوْلِهِ - وَأَمَّا الْآخَرُ فَكَانَ يَمْشِي بِالنَّمِيمَةِ. ثُمَّ أَخَذَ جَرِيدَةً رَطْبَةً فَشَقَّهَا نِصْفَيْنِ، ثُمَّ غَرَزَ فِي كُلِّ قَبْرٍ وَاحِدَةً، ثُمَّ قَالَ: لَعَلَّهُ يُخَفَّفُ عَنْهُمَا مَا لَمْ يَيْبَسَا. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки қабр ёнидан ўтдилар ва: «Бу икковлари азобланмоқдалар. Катта нарса учун азобланаётганлари йўқ. Ҳа! Улардан бири пешобидан покланмас эди», дедилар».

Бошқа бир ривоятда:

«Пешобидан тўсинмас эди, бошқаси эса чақимчилик қилиб юрар эди», дедилар. Сўнгра бир ҳўл шохни олиб, иккига бўлиб, ҳар бирини биттадан қабрга санчиб қўйдилар-да: 

«Шоядки, иккови қуригунча, у иккисидан (азоб) енгиллатиб турилса», дедилар», дейилган.

Бешовлари ривоят қилишган.

Қабр азоби собит нарса экан. Энди ўша икки шахснинг нима сабабдан қабр азобига дучор бўлганларини бир мулоҳаза қилиб кўрайлик.

Мазкур икки кичик нарсага шунчалик қабр азоби бўлса, катта гуноҳларга қанчалик қабр азоби бўлар экан?!

وَلِلشَّيْخَيْنِ وَالنَّسَائِيِّ: كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَدْعُو: اللَّهُمَّ إِنِّي أَعُوذُ بِكَ مِنْ عَذَابِ الْقَبْرِ، وَمِنْ عَذَابِ النَّارِ، وَمِنْ فِتْنَةِ الْمَحْيَا وَالْمَمَاتِ، وَمِنْ فِتْنَةِ الْمَسِيحِ الدَّجَّالِ.

Икки шайх ва Насаий ривоят қилган ҳадисда:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуода «Аллоҳим! Сенинг ила қабр азобидан, дўзах азобидан, тириклик ва ўликлик фитнасидан ва Масийҳи Дажжолнинг фитнасидан паноҳ сўрайман», дер эдилар», дейилган.

Демак, ушбу ҳадиси шарифда зикри келган нарсалар, жумладан, қабр азоби ҳам бор ва собит нарса. Биз ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга иқтидо қилиб, ушбу нарсалардан, жумладан, қабр азобидан паноҳ сўраб туришимиз керак.

«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу масаланинг номи бир нечта. Баъзилар маишат, истак масаласи деса, бошқалар бандаларнинг амали масаласи ҳам дейди. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, инсон ўз давоми...

2930 18:00 / 26.07.2021
islom.uz middot 007 Aқоид илмининг тарихи Аллоҳ таоло ер юзини Ислом нури ила мунаввар қилишидан олдин одамлар турлитуман ақийдаларда эдилар. Ҳар ким ўз ақийдасини давоми...

4049 13:30 / 31.08.2020
Мўминмусулмон киши қиёмат куни тарози бўлишига ва унда ҳар бир одамнинг бу дунёда қилган амаллари ўта аниқлик билан тортилишига жазм ила эътиқод қилмоғи лозим. давоми...

1819 19:00 / 24.07.2023
Аввалги самовий китоблар ўзгартирилишидан ташқари, уларни тушуниш борасида ҳам янглишиш, хато талқин этиш ҳолатлари кўпайиши натижасида ушбу китобларга иймон давоми...

2898 10:40 / 17.08.2021