Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 11 жумадул аввал | 2024 йил 13 ноябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ақийда

Ақийда дарслари (209-дарс) Аллоҳни зикр қилиш, шайтонга қарши энг кучли қуролдир

19:00 / 03.01.2023 3489 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Аъроф сурасида қуйидагиларни айтади:

ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ
ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ

 

«Агар сенга шайтон томонидан санчиш санчилса, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, У ўта эшитувчидир, ўта билувчидир. Қачон тақво қилувчиларга шайтондан бир шарпа етса, улар албатта зикр қиларлар, бас, қарабсанки, улар кўрувчи бўлиб турибдилар. Ва у(шайтон)ларнинг биродарлари йўлдан оздиришда уларга мадад берарлар, сўнгра сустлик қилмаслар» (200-202-оятлар).

Яъни мабодо бирор кўнгилсизлик содир бўлиб, шайтон васваса қиладиган бўлса, қизишмасдан, дарҳол Аллоҳдан паноҳ сўра. У энг яхши эшитувчи Зот, сўровингга дарҳол жавоб беради. У энг яхши кўргувчи Зот, ҳамма нарсани кўриб турибди. Ўзи билиб ҳисоб-китоб қилади.

«Қачон тақво қилувчиларга шайтондан бир шарпа етса, улар албатта зикр қиларлар».

Шайтон нима қилганда ҳам, васвасадан нарига ўта олмайди. Агар ўзича билиб ҳаракат қилса, ҳар бир инсон учун шайтоннинг васвасасидан қутулишнинг осон йўли бор. Бунинг учун у мўмин-мусулмон, тақводор бўлса кифоя.
«...бас, қарабсанки, улар кўрувчи бўлиб турибдилар».

Аллоҳни зикр қилиш, ҳар доим эслаб юриш шайтонга қарши энг ишончли ва кучли қуролдир.

Демак, шайтондан бирор бир шарпа (васваса, иғво ва ғазаб) етиши жаҳолат, кўрлик ва нодонликка бошлайди. Аллоҳнинг зикри эса илм-маърифат, кўзи очиқлик ва оқиллик манбаидир.

Аммо шайтон биродарларининг аҳволи бошқача:

«Ва у(шайтон)ларнинг биродарлари йўлдан оздиришда уларга мадад берарлар, сўнгра сустлик қилмаслар».

Шайтони лаъиннинг биродарлари тинмай иғво қиладилар, одамларни йўлдан оздиришга уринадилар.

Охиратда шайтон ўзига эргашганлардан тонади ва уларга таъсири ўтмаслигини тан олади. Бу ҳақда Қуръони Каримнинг Иброҳим сурасида қуйидагилар айтилган:

 

"ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ ﮕ ﮖ ﮗﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ ﮠ ﮡ ﮢ ﮣﮤ ﮥ ﮦ ﮧ ﮨﮩ ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮ ﮯﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜ ﯝ ﯞ"

 

«Иш битиб бўлганда шайтон: «Албатта, Аллоҳ сизга ҳақ ваъдани қилган эди. Мен эса сизга ваъда бердим-у, ваъдамга хилоф қилдим. Менинг устингиздан ҳеч қандай ҳукмронлигим йўқ эди. Фақат даъват қилсам, ўзингиз менга ижобат қилдингиз. Бас, мени маломат қилманг, ўзингизни маломат қилинг. Мен сизларни қутқарувчи эмасман, сизлар ҳам мени қутқарувчи эмассизлар. Энди мен, албатта, илгари мени шерик қилганингизни инкор қиламан. Албатта, золимларга, ҳа, уларга аламли азоб бор», деди» (22-оят).

Бу дунёда ҳар ишнинг бошида турган, ҳар қилмишга бош-қош бўлган лаънати шайтон у дунёда ҳамма иш битиб, ҳукм чиққанидан сўнг пайдо бўлади. Бир-бирини маломат қилиб турган ўз атбоъларига қараб, сўз бошлайди:

«Албатта, Аллоҳ сизга ҳақ ваъдани қилган эди. Мен эса сизга ваъда бердим-у, ваъдамга хилоф қилдим».

Шайтон шайтонлигига боради. Иш тугаб бўлганидан кейин очиғини айтади. У дунёда кишилар қалбига васваса солган эди: «Ҳеч нарса бўлмайди, ҳар кимнинг айтганига юриб ўзингни қийнама, бу беш кунлик дунёда ўйнаб қолмасанг, шуям ҳаётми» каби аврашлар билан уларни адаштирган эди. Уларга турли ваъдаларни берган эди. Энди бўлса, «Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ, меники ноҳақ эди», деб турибди. Бунинг устига, ҳамма ишни қилиб қўйиб, яна бутун айбни ўзига эргашган, гапига кирганларга ағдаряпти:

«Менинг устингиздан ҳеч қандай ҳукмронлигим йўқ эди. Фақат даъват қилсам, ўзингиз менга ижобат қилдингиз».

Ўйлаб кўрмайсизми? Чақирса, кетаверасизми? Мен мутлақо сизларнинг устингизда ҳоким эмас эдим. Сизни куфрга, исёнга чақирган вақтимда менинг гапимга кирмасангиз, сизга қарши ҳеч нарса қила олмас эдим. Илло, ўзингиз хоҳлаб менинг гапимга кирдингиз, айтганимни қилдингиз. Шунинг учун «мени маломат қилманг, ўзингизни маломат қилинг».

Айб ўзингизда. Бу ноқулай ҳолга тушиб қолганингиз учун фақат ўзингизни айбланг. Менга осилиб юрманг.

«Мен сизларни қутқарувчи эмасман, сизлар ҳам мени қутқарувчи эмассизлар».

Ҳар ким қилганига яраша тортаверади. Аммо:

«Энди мен, албатта, илгари мени шерик қилганингизни инкор қиламан».

Сизларга: «Мени Аллоҳга шерик қилиб олинглар, Унинг айтганини эмас, менинг айтганимни қилинглар», деганим йўқ. Бу гапни айтсангиз, мен инкор этаман. Сизлар мени Аллоҳга шерик қилиб олиб, катта зулм қилгансизлар». Мўмин-мусулмон инсоннинг Қуръонда келган ҳар бир хабарга иймон келтириши фарз. Худо кўрсатмасин, Қуръондаги бирор хабарга шубҳа билан қараш, ишонмаслик кофирлик бўлади.

Шундан келиб чиқилса, жин ҳақида Қуръонда оят келиши уларнинг борлигига иймон келтиришни барча мусулмонларга фарз қилади. Шундай экан, бир оз тўлароқ тушуниш учун, бу борада баъзи маълумотларни ўрганиб қўймоғимиз зарур.

Маълумки, дунё сиру асрорларга тўла. Биз ҳали моҳиятини, сифатини, таъсирини билмайдиган ҳодисалар атрофимизда тўлиб-тошиб ётибди. Бирор нарса кўзимизга кўринмаса, уни йўқ, дейишга ҳаққимиз йўқ. Ҳар куни янги нарсалар, махлуқотлар кашф этиляпти. Кеча билмаган нарсаларимиз бугун кашф этилса, биз уни йўқ эди, дея олмаймиз. Балки, кеча бу бор нарсани биз билмас эканмиз, деймиз. Ҳозирги кунда ўтган аждодлар билмаган, хаёлига ҳам келтирмаган қанчадан-қанча нарсаларни биляпмиз. Албатта, биз билган нарсалар кейинги авлодлар учун ўйинчоққа ўхшаб қолади. Бу нарсалар Аллоҳ таоло инсонга берган қобилиятлар ёрдамида кашф қилинмоқда, буларнинг ҳаммаси инсон идроки чегарасидаги нарсалардир. Келажакда яна кўп нарсалар кашф этилиши турган гап. Демак, бирор нарсани бор ёки йўқ деб, жазм ила ҳукм чиқариб юборишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Биз бандалар идрокимиз етмайдиган нарсаларни Аллоҳ таолонинг Ўзи кашф этиб берса, шукр қилиб, қабул этмоғимиз лозим. Жумладан, жинга ишониш масаласида ҳам Аллоҳ таоло Ўз каломида сиз билан бизга жинлар ҳақида маълумот берган экан, уни ихлос билан қабул этиб, ишониб, иймон келтирмоғимиз лозим.

Аллоҳ таолонинг бизга билдиришича, жин деб аталган махлуқот бор, у оловдан яратилган. Иблис ҳам жинлардан ҳисобланади. Жинлар одамларни кўради, одамлар уларни кўрмайди. Жинларнинг ҳам инсонларга ўхшаш жамоатлари, қабилалари, гуруҳлари бор. Улар ҳам ер куррасида яшаш қобилиятига эга. Бошқа сайёраларда яшаш имконлари ҳам мавжуд. Залолатга кетган инсонларни йўлдан оздириб, фикрларига таъсир ўтказишлари мумкин. Инсоннинг овозини эшитиб, тилини тушунишади. Уларнинг ичида мусулмонлари ҳам, кофирлари ҳам бор.

Жинларнинг Қуръон тинглаганликлари ҳақидаги ривоятларни синчиклаб ўрганиб чиққандан сўнг маълум бўладики, айнан шу сафар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзлари жинлар у зотнинг тиловатларига қулоқ осганидан ва ундан кейинги гаплардан бехабар бўлганлар. Фақат Аллоҳ таоло оят тушириб, хабар берганидан сўнг билганлар. Аммо ушбу воқеадан сўнг жинлар яна келиб тинглашганда, Пайғамбар алайҳиссалом бу галгисини билиб турганлар.

Имом Муслим қилган ривоятда, бир куни саҳобалар Пайғамбаримиз алайҳиссаломни йўқотиб қўйиб, хижолат бўладилар. Биров бир нарса қилдимикан ёки бирор ҳодиса бўлдимикан, деб водийларни, тепаликларни қараб, ахтариб чиқадилар. Кечаси билан хавотирда тонг оттирадилар. Тонг отганидан сўнг у зотни Ҳиро ғори томондан келаётганларини кўрадилар. Олдиларига бориб: «Сизни йўқотиб қўйиб, ахтардик, топа олмай, тунни безовта ўтказдик», дейдилар. Пайғамбар алайҳиссалом эса: «Жинларнинг вакили келувди, бирга бориб, уларга Қуръон ўқиб бердим», деб жавоб берадилар ва саҳобаларни етаклаб бориб, жинларнинг изларини ва гулханларининг қолдиқларини кўрсатадилар.

Биз бу ҳодисанинг қисқача баёнини келтирдик. Ровийлар улуғ саҳобий Абдуллоҳ Ибн Масъуддан ривоят қиладиларки:

«Расулуллоҳ бир куни саҳобаларга: «Ким жинлар ишига ҳозир бўлишни истаса, бу кеча марҳамат қилсин», дедилар. Мендан бошқа ҳеч ким бормади. Юриб бориб, Макканинг юқорисига етганимизда, оёқлари билан менга чизиқ чизиб бердилар-да, «Шундан чиқмай ўтир», дедилар. Ўзлари узоқроққа бориб, Қуръон ўқий бошладилар. Бир зумда у кишини қора нарсалар ўраб, икковимизнинг орамизни тўсиб қўйди, мен овозларини ҳам эшитмай қолдим. Сўнгра ҳалиги қора нарсалар булутга ўхшаб парча-парча бўлиб, тарқаб кета бошлади. Фақат бир бўлаги қолганда, Расулуллоҳ бомдод намозини тугатдилар, бориб, таҳорат ушатдилар ва менинг олдимга келиб: «Ҳалигилар нима қилди?» деб сўрадилар. Мен: «Ҳов ана, туришибди», дедим. Пайғамбар алайҳиссалом уларга суяк ва тезакни бердилар. Бизни эса суяк ва тезак билан истинжо қилишдан қайтардилар».


«Сунний ақийдалар» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ушбу сарлавҳадан беш кунлик ўткинчи дунёни охиратдан устун қўйиш маъноси англанади. Албатта, бу энг ёмон маънавий хасталиклардан бири ҳисобланади. Албатта, бу давоми...

4918 23:52 / 02.12.2016
Қуръоннинг ҳаммаси тавҳид, унинг аҳлининг ҳуқуқлари, мадҳлари ва ширкнинг мазаммати, унинг аҳлининг жазоси ва оқибатлари ҳақидадир. .Алҳамду лиллаҳи Роббил давоми...

1310 19:00 / 08 апрель
Эй аҳли китоблар Динингизда ҳаддан ошманг ва Аллоҳга нисбатан ҳақдан бошқани айтманг. Албатта, Масиҳ Ийсо ибн Марям Аллоҳнинг расули, Марямга илқо қилган давоми...

4896 10:29 / 31.12.2017
Имом Ҳофиз ибн Асокир ўзининг .Табйину кизбилмуфтарий фима нусиба илалимам Абу Ҳасан Ашаърий, Имом Абу Мусо Ашъарийга нисбат берилган гаплар борасида давоми...

2148 15:30 / 25.08.2021
Аудиолар

134237 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

54581 14:35 / 11.08.2021